Ўзбекистон | 11:51 / 14.02.2024
11422
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ҳоким ёрдамчиси туман ҳокими этиб тайинланди

Наманган туманидаги «Олахамак» МФЙда ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келган Муҳаммад Ҳайдаров Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Ҳайдаров Муҳаммад Абдуҳакимович Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун халқ депутатлари Учқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўрилган.

Сессияда депутатлар томонидан Наманган вилояти ҳокимининг Учқўрғон тумани ҳокими Жаҳонгир Риззаевни Учқўрғон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш ҳамда Ҳайдаров Муҳаммад Абдуҳакимовични Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорлари маъқуллнаган. 

Муҳаммад Ҳайдаров ҳозирга қадар Наманган туманидаги «Олахамак» МФЙда ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келаётганди.

2021 йилнинг декабр ойидан буён Учқўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Риззаев олдинроқ ишдан олинганди.

  • 18 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда бош вазир Абдулла Ариповга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмаган 7 та ҳудуд, жумладан, Учқўрғон тумани ҳокимининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилганди.

Мавзуга оид