Спорт | 20:30 / 10.06.2021
17474
19 дақиқада ўқилади

Евро-2020, D гуруҳи билан танишув: британча дерби ва мундиал финалчиси

Европа чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этамиз. Навбатда — D гуруҳи.

АНГЛИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни – 4
  • Евро-2020га йўл – 7 ғалаба, 1 мағлубият, тўплар нисбати – 37:6
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Ҳарри Кейн (12 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси – 3-ўрин (1968, 1996)

Англия бош мураббийи

Гарет Саутгейт 2016 йил сентябрида Сэм Эллардайс можароли тарзда истеъфога чиққач, вақтинчаликка мураббий этиб тайинланганди, аммо тўрт ўйиндан кейин унга тўлақонли шартнома таклиф этишади. Унинг бошқарувида инглизлар 2018 йилги жаҳон чемпионатида яримфиналга қадар етиб боришди – жамоа 1966 йилдан буён илк бор жаҳоннинг энг кучли тўрт жамоаси қаторига кирди. 2019 йилги Миллатлар лигаси кубогида ҳам Англия 3-ўринни эгаллади, Евро-2020га саралаш турнирида биринчи ўрин билан чиқилди.

Гарет Саутгейт – қитъа чемпионатида «игна устида ўтирадиган» мураббийлардан бири. Унинг қўл остида юлдузли таркиб йиғилган. Ҳатто Уорд-Проуз, Лингард, Мэддисон каби футболчиларга якуний қайдномадан жой топилмади. Мухлислар таркибида Кейн, Фоден, Маунт, Грилиш, Санчо, Рэшфорд каби юлдузларга эга жамоадан чемпионликни кутишга ҳам ҳақли. Аммо бунга мураббийнинг салоҳияти етадими?

Саутгейт даврида Англия ўз даражасидан паст жамоаларни осонлик билан мағлуб этмоқда, аммо Бельгия каби грандларни мағлуб эта олмаяпти. Мураббий «топ»лар билан ўйинларда эҳтиёткорлик қилиб, 5 ҳимоячи тактикасидан фойдаланмоқда ва бу ҳозирча самарасини бергани йўқ. Ҳозирги Англия учун яримфинал мақтанадиган даража эмас.

Асосий юлдузлар
Англия терма жамоаси нархи Тransfermarkt баҳоларига кўра миллиард евродан ошади. Барча футболчилар —ҳозирги ёки бўлажак юлдузлар.

Саутгейтда асосий таркибни танлашда яхшигина «бошоғриқ» бор. Моуриньо қўл остида ортга қайтиб ўйнашни ўрганган Ҳарри Кейин гол уришда ҳам, ассистентлик борасида чемпионатда энг яхши натижаларни кўрсатди. У 2018 йилги жаҳон чемпионатида тўпурар бўлганди (гуруҳда Панама ва Тунисга урилган голлар эвазига). Ҳозирда ушбу ҳужумчи 27 ёшда ва ҳар мавсум камида 20тадан гол уриб келмоқда. Жамоа сардори Кейн «Тоттенҳэм»даги совринсиз йиллар учун ҳам миллий жамоа билан чемпионликка ҳаракат қилади, лекин бунинг учун плей-оффда кучли рақибларга ҳам гол уриш талаб этилади.

Кейн сардор бўлса-да, ўйин қуриш борасида Грилиш ва Маунт инглизлар учун муҳим фигуралардир. Жек «Астон Вилла»дан топ клубга ўтишга аллақачон тайёр бўлганини исботлайдиган вақт келди. Маунт Чемпионлар Лигасидаги ғалабадан кейин Еврода ҳам ғолиб бўлса, 22 ёшидаёқ орзуларининг катта қисмига эришган бўлади.

Евро-96даги Пол Гаскойнга тақлидан имижини ўзгартирган Фоден «Олтин тўп»нинг келажакдаги эгаси кимлигини кўрсатиб қўйиш билан бирга, ЕЧЛ финалидаги мағлубият аламини эсдан чиқаришга уриниб кўради. 2-3 йилдан бери «МЮ»га ўтиши айтиладиган Санчо одатда катта ўйинларда ва турнирларда йўқолиб қолади. Ўзгарадиган вақт келди – совринлар ютиш ва топ-даражага чиқиш учун йирик турнирларда қаҳрамонлик қилиш талаб этилади.

Шунингдек, таркибда ўтган мавсум аламзадалари – Рэшфорд ва Стерлинг, иқтидорли ёшлар – Райс, Сака ва Беллингем бор. Таркибда даҳшатли рақобат юзага келган. Ўзини кўрсата олмаган юлдуз «бир лаҳзада» захирага тушиб қолиши мумкин.

Таркиб
Англия миллий жамоаси дарвоза чизиғи бу сафар ёмон эмас. Пикфордга рақобатчи сифатида «Вест Бромвич»да сейвлар қилишдан чарчамаган Жонстон ва «МЮ»да Де Хеадан асосий таркибдаги жойни олиб қўйган Ҳендерсон бор. Аммо Саутгейт кўпроқ «Эвертон» посбонига ишонса керак.

Трент жароҳат олиб, сафдан чиққанига қарамай ўнг қанот ҳимоясида рақобат фантастик даражада. Уокер, Триппьер ва Жеймс – уларнинг исталгани асосийда ўйнашга лойиқ. Магуайр жароҳат олгач, марказий ҳимоя энг заиф чизиқлардан бирига айланди. Тўғри, Ҳарри қайдномада бор, лекин ҳамон машғулотларда қатнашмаяпти. Шу сабабли асосий таркибда Стоунз ва Мингз жуфтлиги ҳаракат қилиши кутилмоқда. Чапда Шоу ва Чиллуэлл бир-бирининг ўрнини боса олади.

Марказий яримҳимояда қониқарсиз мавсумдан кейин, қўшимчасига кичик жароҳат билан Еврога олиб кетилган Ҳендерсон ва ёш бўлишига қарамай, «Вест Ҳэм» сардорига айланган Райс бор. Шунингдек, «Лидс»да етакчилардан бирига айланган Филлипс ва 17 ёшда эканлигига шубҳа билан қараладиган Беллингемни ҳам таъкидлаш лозим.

Ҳужумлар бошлашда Грилиш, Маунт, Фоден ташаббускор бўлишади. Қанотлардан Рэшфорд, Стерлинг, Санчо ва Сака рақиб ҳимоячиларига хавф солишади. Марказий ҳужумда Кейн ва захирадан тушиб унинг ўрнига 15-20 дақиқа ўйнаши мумкин бўлган Кэльверт-Льюин бор.

Тахминий бошланғич таркиб: Пикфорд – Уокер, Стоунз, Мингз – Чилуэлл, Триппьер – Райс, Грилиш – Маунт, Фоден, Кейн.

Англия: Евро-2020 учун прогноз
Англия Еврода бирор марта ғолиб чиқмаган, 1966 йилдан буён (Англияда ўтган жаҳон чемпионати ғолиблиги) ғолиб бўлмаган. Инглизлар доимгидек турнирга фаворитлар қаторида келди. Таркиб супер. Бу сафар Англия финалгача борса 7 ўйиндан 6тасини ўз уйида ўтказиши мумкин. Аммо ғолиблик ДНКси йўқлиги, топ-мураббийга эга эмаслиги ва йирик турнирларда пенальтилар сериясида омадсизликка учрашини инобатга олсак, жамоа бу сафар ҳам финалга етиб бормаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Лекин жамоа яримфиналгача турнирни тарк этса, Саутгейтни мухлислар кечирмайди.

ХОРВАТИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни – 14
  • Евро-2020га йўл – 5 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати – 17:7
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Бруно Петкович (4 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси – 1/4 финал (1996, 2008)

Хорватия бош мураббийи

2017 йилда кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда хорватлар жамоаси бош мураббийлигига БААнинг «Ал-Айн» клубидан Златко Далич келади. Кейинги воқеалар ривожини барча билади. Хорватия 2018 йил Россияда ўтган жаҳон чемпионатида финалгача етиб боради, жамоанинг асосий етакчиси Лука Модрич эса ўша иштирок учун мавсум якунида «Олтин тўп»ни қўлга киритади. Финалда мағлуб бўлганига қарамай, хорватлар чемпион Франциядан кўра мухлислар ёқимтойига айланганди.

Лекин Далич жамоасида жаҳон чемпионатидан кейин пасайиш кузатилди. Миллатлар лигасида муваффақиятсиз иштирок этилди ва топ даражадаги рақиблардан мағлуб бўлинди. Ракитич, Манжукич каби етакчилар миллий жамоада эмас. Қолган юлдузлар фаолиятининг «чўққи»сидан ўтиб бўлди. Шунга қарамай, хорватлар Евро-2020 саралашида ўз гуруҳида ғолиб бўлди, Хорватия доим йирик мусобақаларда томошабоп ўйин кўрсатади ва ўзидан юқори даражали рақибларни мағлуб эта олади.

Далич 4-3-3 тактикасидан фойдаланиб, ҳужумкор ва жанговар футбол кўрсатади. Евро-2020дан сўнг Хорватияда авлодлар алмашинуви бўлиши мумкин. Златко тажрибали футболчиларга суянишини инобатга олсак, «қариялар» билан бирга у ҳам миллий жамоани тарк этса ажабмас. Мураббийга аввалроқ ишлаган араб клубларидан таклифлар бор.

Асосий юлдузлар
Хорватиянинг асосий юлдузлари марказий яримҳимояда ҳаракат қилади. Шубҳасиз, энг катта ном – Модрич.  Лука 35 ёшида ҳам «Реал»да энг яхши мавсумларидан бирини ўтказди, аммо жуда кўп ўйнади. Бу эса Еврода унга жисмоний жиҳатдан муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Евро-2020 Модрич учун катта эҳтимол билан сўнгги қитъа чемпионатига айланади.

Ковачич «Реал»да ўйнаганида ҳам, миллий жамоада ҳам Модрич сояси остида қоларди. Яримҳимоячи жароҳат туфайли мавсум сўнгида «Челси»нинг асосий таркибидаги ўрнини йўқотиб қўйди. Евро-2020 – унга формасини тиклаш ва «жангчи» Ковачичга қайтиб олишга имконият.

Хорватиянинг ўйини «Интер»нинг чемпионлигига катта ҳисса қўшган Брозовичга ҳам боғлиқ. Марселодан «Реал»даги Каземиро вазифасини бажариб, маэстро Модричга эркин ижод қилиш учун имконият яратиб бериши талаб этилади.

Россия Премьер-лигасининг энг яхши легионери саналган Никола Влашич фаолиятида бурилиш ясаш ва топ- 5 лигага йўл олиш учун турнирда порлаши керак. 23 ёшли футболчи Хорватия келажагидир. У саралаш ўйинлари ва Миллатлар лигаси баҳсларида асосий ўйинчилардан бирига айланди.

Шунингдек, таркибда тажрибали Ловрен, сўнгги йилларда борган жойида чемпион бўлаётган Перишич, «Милан»да Златан ёнида ўсишга эришган Ребич, Хорватиянинг саралаш босқичидаги тўпурари Петкович, Бундеслигада «Бавария»га ҳет-трик қайд этишни қойиллатадиган Крамарич каби футболчилар бор.

Таркиб
Хорватия дарвозасини фавқулодда нимадир бўлмаса, Ливакович қўриқлаши шубҳасиз. Ҳимоя марказидан «Марсель»да ўзини кўрсатаётган Дуже Чалета-Цар ҳамда тажрибали Вида ўрин олади. Қанотларда Врсалько ва Баришич тўп тепади. Брозович-Модрич-Ковачич Евродаги энг яхши марказий яримҳимоя триоларидан биридир. Қанотлардан марказга кириб келишда Перишич ва Ребич фаоллик кўрсатади. Ҳужум ортида Влашич ҳаракат қилса, марказий форвард чизиғида Петкович ва Крамарич алмашиб ўйнайди.

Тахминий бошланғич таркиб: Ливакович – Врсалько, Вида, Чалета-Цар, Баришич – Модрич, Брозович, Ковачич – Влашич, Перишич – Петкович.

Хорватия: Евро-2020 учун прогноз
Гуруҳ босқичида қолиб кетиш катта муваффақиятсизлик бўлади. Хорватлар гуруҳдан иккинчи ўринни олиб бўлса ҳам чиқиши ва плей-оффга чиқиши керак. Далич шогирдлари, катта эҳтимол билан 1/8 финалдан ҳам ўта олишади, уёғига ҳар нима бўлиши мумкин. Хорватиядан 2018 йилги жаҳон чемпионатидаги натижани кутиш қийин, лекин бирдамлик ва тажриба эвазига чоракфиналгача бориши мумкин. Финалгача боришга асосий футболчиларнинг ёши катталиги, ҳимоянинг кучли эмаслиги халақит қилади. Жамоа кўп гол уриш билан бирга дарвозасидан ҳам кўп гол ўтказиб юборади. Гранд жамоалар эса очиқ футбол ўйнайдиган Хорватияни кечиришмайди.

ШОТЛАНДИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни – 44
  • Евро-2020га йўл – 5 ғалаба, 5 мағлубият, плей-оффда 2 ғалаба, тўплар нисбати – 17:20
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Жон Макгинн (7 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси – гуруҳ босқичи (1992, 1996)

Шотландия бош мураббийи

Шотландия миллий жамоасини «Челси» футболчи сифатида танилган, АПЛ клубларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган Стив Кларк бошқаради. Евро-2020 саралаши давомида бош мураббийликка тайинланган Кларк турнирга йўлланма олиш вазифасини уддалади. У Қозоғистонга ютқазган (0:3) Алекс Маклиш каби қўпол хатоларга йўл қўймади, гуруҳда Россия ва Бельгиядан кейинги учинчи ўринни олган шотландлар Миллатлар лигаси орқали мақсадга эришди. Жамоа ирода кўрсатиб, плей-оффда икки ўйинда ҳам пенальтилар сериясида ғалаба қозониб 24 йиллик танаффусдан кейин илк бор Европа чемпионати йўлланмасига эга бўлди.

Кларк жамоаси рақибга қараб 3-5-2, 4-5-1 схемаларида ўйнайди. Шотландияда классик инглиз футболи элементлари ҳам кўзга ташланади. Жамоа техник ва тактик жиҳатдан гуруҳдаги рақибларидан сустроқ кўринса-да, ҳар бир баҳсда жанговар ҳаракат қилади ва яккакурашларда устунлиги бор.

Асосий юлдузлар

Шотландиянинг асосий юлдузлари АПЛнинг топ ва ўртамиёна клубларида ҳаракат қилишади. Жамоа сардори Робертсон – дунёнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири. Эндрю нафақат ҳимояда, ҳужумда ҳам фаоллик кўрсатади. У «Ливерпуль»да тез-тез Салоҳ–Мане-Фирмино триосининг голларига ассистентлик қилади.

Замонавий футболда марказда кучли футболчига эга бўлиш муҳим. Шотландиянинг бу борада омади келган. Марказда сўнгги 2 йилда катта ўсишга эришган Мактоминей бор. «Терминатор» футболчи Премьер-лигада рақиблар ҳужумини бузиш билан бирга, қарши ҳужумларда голлар ҳам уриб туради. Марказда Мактоминейнинг ёнида «Астон Вилла»да ажойиб мавсум ўтказган Макгинн бор. Жон Шотландиянинг саралашдаги тўпурари бўлди.

Шотландияда чап қанот ҳимоясида Робертсондан ташқари Тирни ҳам бор. «Арсенал» аъзоси Робертсон билан рақобатда ютиб чиқиши қийин, лекин Киран 3-5-2 тактикасида марказий ҳимояда ҳам ўйнай олади ва Кларк шу йўл орқали икки футболчига асосий таркибдан жой топиб беради.

Ҳужумда «Саутҳэмптон»да Ингз билан жуфтликда ҳаракат қиладиган Че Адамс бор. У атлет футболчилар сирасига киради ва прессингларда фаол қатнашади. У ўтган мавсумда АПЛда 9та тўп киритишга муваффақ бўлди.  

Таркиб
Таркибнинг катта қисмини АПЛ, Чемпионшип ва миллий чемпионатда, хусусан, «Селтик»да ўйнайдиган футболчилар ташкил этади. Дарвозабонлар – 38 ёшли Гордон ва 36 ёшли Маршалл. Ҳимояда Робертсон ва Тирнидан ташқари, «Норвич»дан Ҳенли, «Лидс» сардори Купер, «Мозервелл»дан О'Доннелл кўпроқ асосийда тушади. Яримҳимоя марказидан фамилияси «Мак» билан бошланувчи йигитлар ўрин олган – Мактоминей, Макгрегор ва Макгинн. Шунингдек, «Челси»нинг ёш ҳавбеки Гилмур ва «Саутҳэмптон» яримҳимоячиси Армстронг ҳам бор. Ҳужумга яқин нуқталарда «Борнмут» ва «Ньюкасл»даги ўйинлари билан машҳур Фрейзер, КПР аъзоси Дайкс, «Селтик»дан Кристи ҳаракат қилиши мумкин. Марказий форвард эса ўша Адамс.

Тахминий бошланғич таркиб: Маршал – О'Доннелл, Ҳендри, Ҳэнли, Тирни, Робертсон – Мактоминей, Макгрегор – Фрейзер, Макгинн, Адамс.

Шотландия: Евро-2020 учун прогноз
Шотландия мухлислари жамоадан плей-оффга чиқишни талаб қилишмайди, лекин умид қилишади. Жамоада олдинга бошловчи «жангчилар» ва натижа келтирувчи юлдузлар бор. Кларк улардан тўғри фойдаланса бўлгани. Шотландлар Миллатлар лигасида Чехияни икки бор мағлуб этишганди. 3-ўрин эгаларида ҳам имкон бўлишини инобатга олсак, Шотландияда гуруҳдан чиқиб, тарихидаги энг яхши натижани қайд этиш имконияти бор. 

ЧЕХИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни – 40
  • Евро-2020га йўл – 5 ғалаба, 3 мағлубият, тўплар нисбати – 13:11
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Патрик Шик (4)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси – 2-ўрин (1996), 3-ўрин (2004)

Чехия бош мураббийи

Ярослав Шилгава мураббийлик фаолиятининг асосий қисмини маҳаллий клубларда ўтказган. У 2018 йил октябрида миллий жамоага бош мураббий этиб тайинланганди. Унинг бошқарувидаги жамоанинг ажралиб турадиган ёрқин жиҳатлари йўқ. Жамоа саралашда қийин бўлмаган гуруҳдан ўрин олди – кучли жамоалардан фақат Англия бор эди. «Уэмбли»да 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Шилгава шогирдлари уйда — 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашганди. Эътиборлиси, чехлар гуруҳ босқичида инглизларни мағлуб этган ягона жамоадир. Жамоалар энди финал босқичида ҳам тўқнаш келишади.

Шилгава 4-2-3-1 тактикасини маъқул кўради. Кучли жамоалар билан баҳсда схема 4-5-1га айланади. Жамоа жисмонан кучли ва бўйдор футболчиларга таяниб, ҳужумлар яратишда асосан иккинчи қаватни ишга солади. 

Асосий юлдузлар
Чехияда 2004 йилги Евродан кейин «юлдузли авлод» чиқмади. Шунга қарамай, таркибда ўтган мавсумда «Вест Ҳэм» сафида АПЛда 10та гол уришга эришган бўйдор Соучек бор. 26 ёшли яримҳимоячи Чехия етакчиларидан биридир.

Мойес қўл остида «Вест Ҳэм»да танилган яна бир футболчи Цоуфалдир. Ўнг қанотда ҳаракат қиладиган ҳимоячи яккакурашларда фаол. Шунингдек, ҳужумчиларга юқоридан тўпни яхши етказиб беради.

Ҳар йили жамоа алмаштириб, Бундеслигада ўрнини топишга уринаётган Шик ҳам жамоанинг етакчи аъзоларидандир. Ҳужумчи ўтган мавсумда Бундеслигада 9та гол урди. У чехларнинг саралашдаги тўпурари бўлди.

Шунингдек, Чехия сафида «Севилья»да захира дарвозабонига айланиб қолган Вацлик, «Спартак»да яхши мавсум ўтказган Крал, Чемпионшипдан Калас, «Ҳерта»дан Даридани кўриш мумкин.  

Таркиб
Шилгава таркибда кўп ўзгаришлар қилавермайди. Дарвозадан Вацлик ўрин олади. Жамоанинг етакчи марказий ҳимоячиси Кундела «Славия» сафида «Рейнжерс» билан баҳсда рақибига ирқчилик муносабатида бўлгани учун 10 ўйинга дисквалификация қилинди ва Евро-2020 қайдномасидан тушиб қолди. Натижада энди ҳимоя марказида Калаш, Челюстка ва Брабецдан иккиси ўйнайди. Қанотларда алмаштириб бўлмас Цоуфал ва Борил ҳаракат қилади. Яримҳимояда Соучек ва Крал марказни эгаллашади. Дарида ҳужум ортида ўйнаса, Масопуст ва Янкто вингер вазифасини бажаради. Ҳужумларни Шик якунлайди.

Тахминий бошланғич таркиб: Вацлик – Цоуфал, Калаш, Челюстка, Борил – Соучек, Крал – Дарида, Масопуст, Янкто – Шик.

Чехия: Евро-2020 учун прогноз
Саралаш турнирида чехлар топ-рақибларга қарши тура олишини кўрсатишди, шу туфайли Хорватия ва Англия билан ўйинларда очко олишга уриниб кўриш мумкин. Чехия Миллатлар лигасида икки бор Шотландияга мағлуб бўлганди — реванш олишнинг айни вақти. Тақвим чехлар учун қулай: дастлабки икки турда Шотландия ва Хорватияга қарши ўйинлар. Сўнгги 3та қитъа чемпионатида гуруҳдан чиқа олмаган Чехия учун 1/8 финал ҳам ижобий натижа сифатида қаралади.

Евро-2020: Д гуруҳи тақвими

13 июнь
18:00. Англия – Хорватия (Лондон)

14 июнь
18:00. Шотландия – Чехия (Глазго)

18 июнь
21:00. Хорватия – Чехия (Глазго)
00:00. Англия – Шотландия (Лондон)

22 июнь
00:00. Хорватия – Шотландия (Глазго)
00:00. Чехия – Англия (Лондон)

Мавзуга оид