«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид АҚШнинг машҳур Foreign Policy журналига интервью берди.
— Ҳозиргача бўлган даврдаги тинчлик жараёнини қандай баҳолайсиз? Нега толиблар доимий равишда сулҳга рози бўлишдан бош тортишади?
— Биз тинчликка содиқмиз ва шу сабабли Доҳа шаҳрида ишлаяпмиз, аммо афсуски қарши томон вақтни саботаж қилмоқда ва ўлдирмоқда. Доҳа шартномаси имзолангандан кейин, 15 кун ичида ҳар икки томон барча маҳбуслар озод қилинишига ва томонлар ўртасида музокаралар бошланишига келишиб олган эди. Бу жараён Афғонистон ҳукумати томонидан олти ойга чўзилиб кетди ва шу вақт ичида улар мажбуриятларининг бирортасини бажармади. Кобул маъмурияти вақтни ўлдиришга ҳаракат қилди, чунки ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловда мағлубиятга учраш эҳтимоли ва ундан кейин бошқа шахс келса, Афғонистонга нисбатан муносабатини ўзгартириши мумкин эди.
Қарама-қарши томон тинчлик жараёни ва музокараларига содиқ эканликларини, уруш ўрнига тинчлик билан кўп нарсаларга эришишига ишонганини кўриб, сулҳ тўғрисида ўйлашимиз мумкин. Аммо икки томоннинг бир-бирига бўлган ишончи нолга яқин. Чет эл ҳарбийлари 1 майга қадар Афғонистонни тарк этиши керак эди, аммо улар ҳануз мамлакатда. Афғон халқи ўртасидаги музокаралар 2020 йил 29 февралда имзоланган Доҳа шартномасидан 15 кун ўтгач бошланиши керак эди, бу содир бўлмади. Урушнинг альтернатива бўлиши мумкинлигига ишонч йўқ.
— Бу дегани, сиз 11 сентябрда урушни тўхтатасизми?
— Иккита асосий мақсадимиз бор. Биринчиси, барча хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиши керак. Иккинчиси, бу жуда муҳим, биз барча афғонларни ўз ичига олган исломий ҳукумат тузишимиз керак. Шундай қилиб, агар чет эл кучлари кетадиган бўлса, унда бизнинг иккинчи мақсадимиз ўз ўрнида қолади ва биз бунга эришишни хоҳлаймиз. Биз ушбу мақсадга суҳбатлашиш ва музокара олиб бориш орқали эришилишини истаймиз. Агар ушбу иккинчи мақсадга эришилмаса, биз ўз мақсадимизга эришиш учун урушни давом эттиришга мажбур бўламиз.
— Афғонистондаги тинчликни қандай тасаввур қиласиз?
— Тинчлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Доҳа келишувига риоя қилиш керак. Биз билан шартномани муҳокама қилган чет элликлар ўзларининг келишувдаги жавобгарлигини зиммасига олишлари шарт. Улар Афғонистонни тарк этиб, бизнинг раҳбарларимиз исмлари ёзилган қора рўйхатларини йўқ қилишлари лозим. Биз ўзаро келишмовчиликлар бўлган барча масалаларни столда ўтириб муҳокама қилишимиз керак. Натижада биз тинчликка, сулҳга эришамиз ва уруш Афғонистонда тугайди. Бу ечим, биз бунга содиқмиз ва бошқа томонларнинг Доҳа ҳужжати ва келишувига жиддий муносабатда бўлишини истаймиз ва бошқа ечим ёки йўл сўрамаймиз. Мамлакат учун келажакдаги сиёсий тизим ҳақидаги ҳамма нарсани музокаралар ҳал қилади. Қандай қарор бўлмасин: ҳукумат таркибида ким бўлиши, қандай тизим қабул қилиниши, барча афғонларнинг мамлакатни бошқаришда қандай иштирок этиши – буларнинг барини музокаралар жараёни ҳал қилади.


















