2016-2020 йилларда Ўзбекистон тарихидаги энг шиддатли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди:

  • 70дан ортиқ давлат бошқаруви органлари фаолияти такомиллаштирилиб, қайта ташкил этилди;
  • 20га яқин янги давлат идоралари тузилди.

Бироқ, айрим назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда назорат қилишнинг энг муҳим инструменти бўлмиш мустақиллик тамойили кўп ҳолларда кафолатланмай қолиб кетди. Ушбу мақолада «квази-мустақил», яъни кўринишидан мустақил, аммо фаолиятида ташқи сиёсий таъсирга қарши «ҳимоя қобиғи»га эга бўлмаган назорат қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинади.

Назорат қилувчи орган ўзи нима?

Ўзбекистон қонунчилигида «назорат қилувчи органлар» деган тушунчага таъриф фақатгина «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонунда берилган. Унга кўра, назорат қилувчи орган деганда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар тушунилади. Бундан кўриниб турибдики, назорат қилувчи орган исталган ташкилий шаклда ташкил этилиши мумкин (вазирлик, қўмита, инспекция, агентлик ва ҳоказо).

Шу ерда бир муҳим таъкид: назорат қилувчи органнинг ташкилий шаклига аниқ талаб белгиланмагани боис, амалдаги қонунчиликда бундай органларнинг аниқ сони ёки рўйхати мавжуд эмас. Кўпчилик ҳуқуқшунослар ушбу рўйхат МЖтКда назарда тутилган деб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қўзғатиш ваколатига эга бўлган органларни тушунишса, бошқалар Вазирлар Маҳкамаси ёхуд у ёки бу вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган инспекцияларни назарда тутишади.

Монополияга қарши курашувчи қўмитамиз қарор қабул қилишда мустақилми?

Ўтган йилнинг энг шов-шувли кейсларидан бири — Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда «UzAuto Motors» АЖ ўртасидаги тўқнашув. Масала судда кўриб чиқилаётган бир пайтда Вазирлар Маҳкамасида ўтказилаётган йиғилишда ҳукумат раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилди ва қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атади