Жамият | 21:00 / 15.06.2021
19451
2 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда 17 ёшли қизни 4 кундан буён излашмоқда, у Дарғом каналига тушиб кетган бўлиши мумкин

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги Қорағуппа маҳалласида яшовчи 17 ёшли С.А. 12 июн кунидан бери қидирилмоқда. Яқинларининг айтишича, ўша куни уни Дарғом каналига тушиб кетганини кўрганлар бўлган.

«Қизим 12 июн куни соат 11:00 ларда мактабдан чиқиб кетиб, уйга қайтиб келмади. Тезда излашга тушдик. Кейинроқ қизимизни Дарғом канали ёқасида кўрганлар борлиги маълум бўлди. Одамлардан бири канал ходимига бир қиз шаршара олдида хавфли ҳолатда турганини айтган. Ходим етиб келганида шаршара ёнида қизим йўқ, аммо унинг сумкаси ва телефони қолган экан. Соат 16:00 ларда профилактика инспектори билан телефонда гаплашдик.  

Ҳозир қариндошлар, маҳалладагилар, ИИБ, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари қизимни излашяпти. Қутқарувчилар келган, аммо каналда сув кўп бўлгани учун топишда қийинчилик бўляпти», дейди қизнинг отаси Ғ.А. Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Қизни сўнгги марта кўрган гувоҳлар ва яқин қариндошлари у ўзини шаршарадан ташлаган деб гумон қилмоқда. Қидирув ишлари ҳам асосан шу ҳудудда бормоқда.

Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили мазкур воқеа чиндан содир бўлганини тасдиқлади ва ҳозирда қидирув ишлари давом этаётганини маълум қилди. ФВБ қутқарув отряди раҳбари Рустам Эркиновга кўра, айни вақтда сув ҳажмини камайтириш чораси кўрилган. Ишга қутқарув экипажи ҳамда ғаввослар жалб қилинган.

Мавзуга оид