Ўзбекистон | 08:35 / 19.06.2021
3385
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида илк бор буйрак кўчириш амалиёти ўтказилди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм вилояти филиалида буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди

Мураккаб операция тошкентлик мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Ҳожибоев раҳбарлик қилган амалиёт жараёни қарийб 5 соат давом этди. Боғот туманида яшовчи 33 ёшли Юлдуз Рўзметова ўз турмуш ўртоғи, 36 ёшли Мардон Полвоновга бир буйрагини берди. Амалиётдан кейин иккаласининг ҳам аҳволи яхши. 

«Марказимиз томонидан бундай ноёб амалиёт 137 марта ўтказилган. Аммо илк бор Хоразм вилоятида бажарилди», дейди марказ бош директори Даврон Тўлаганов. 

«Мақсадимиз чекка ҳудудлар аҳолисининг ортиқча оворагарчиликларсиз малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир».

«Турмуш ўртоғим бир йилдан буён гемодиализ муолажаси олиб келади. Туманимиз вилоят марказига узоқлиги бизга анча ноқулайлик туғдирарди. Ҳатто Ҳиндистонга бориб даволатишга ҳам рози эдик. Жуда қиммат турадиган амалиёт вилоятимизнинг ўзида бепул амалга оширилганидан хурсандмиз», дейди Юлдуз Рўзметова.

Филиалда иккинчи ноёб амалиётга тайёргарлик кўрилмоқда.

Мавзуга оид