Ўзбекистон | 22:46 / 24.06.2021
11257
4 дақиқада ўқилади

АОКА директори ахборот соҳасидаги қонунлар ва бу соҳага куч тузилмаларининг аралашуви борасидаги саволларга жавоб берди

Кеча, 23 июнь куни «International hotel Tashkent» меҳмонхонасида АОКА раҳбарлигидаги «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусида миллий конференция бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирига кўра, 180га яқин вазирлик, ташкилотлар ва ҳокимликлар ахборот хизматлари қатнашган тадбирда АОКА, Журналистлар ижодий уюшмаси вакиллари ва депутатлар маъруза қилди.

Унда таъкидланишича, айни пайтда АОКА томонидан суҳбатдан ўтказилган жами 685 нафар матбуот котиби фаолият юритмоқда. Улар бугун ахборот майдонига тўғри, тезкор ва холис ахборот етказилишида муҳим бўғинга айланиб улгурди.

Тадбир давомида қатор журналистлар ҳам чиқиш қилиб, соҳадаги ислоҳот ва муаммоли бўлиб турган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Бу борада Kun.uz мухбири:

  • Ўзбекистонда ахборот соҳасида йилдан йилга янги қонун ва қарорлар кўпайиб бораётгани, улар ОАВни эркинлаштиришга эмас, чегаралашга хизмат қилаётгани,
  • Kun.uz ва Azon.uz интернет нашрлари атрофида рўй бераётган воқеалар фонида эндиликда мўмин-мусулмонларни ҳайит байрами билан табриклаш учун ҳам экспертиза хулосаси  талаб этилиши мумкинлиги ва бу давлатнинг бош қомуси ва қонунларга қанчалик тўғри келиши;
  • шунингдек, соҳада АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси фаолият юритаётган бир вақтда мамлакатдаги куч тузилмаларининг нега ОАВ ишига аралашиш ҳолатлари сақланиб қолаётганига эътибор қаратди.

АОКА директори Асад Хўжаев саволларга жавобан ўз фикрларини билдирар экан, уларнинг айримларини «риторик» деб атади.

«Биз ҳаммамиз мамлакатдаги қонунлар бўйича фаолият юритишимиз керак. Агар ҳуқуқий давлат қуриб, унда яшамоқчи бўлсак, қонунларга риоя қилишимиз керак.

Бу қонунларни Ўзбекистон халқи томонидан сайланган депутатлар қабул қиляпти. Уларнинг ишлаши, татбиқ этилиши бўйича, албатта, саволлар юзага келиши мумкин. Кимдир босим деб ўйлайди, кимдир эса хурсанд бўлади.

Бу қонунларга аввало давлат органлари, иккинчидан, журналист ва блогерлар риоя қилиши керак.

Ҳозир сўз эркинлиги берилган. Биз буни кўриб турибмиз. Интернетда ҳамма хоҳлаган фикрини айтяпти. Бу ерга чиқиб савол беришингиз ҳам унинг яққол ифодаси», – деди у.

АОКА директори Асад Хўжаев

АОКА директорининг давом этишича, одамлар ҳамма масалани суд орқали ечишга ўрганиши керак.

«Бу борада одамлар учун авваллари судга бориш, судга бериш деган тушунчалар ғалати туюларди. Ҳозир суд тизимидаги ислоҳотлар жуда кўп саволларни ўртадан олиб ташлаяпти. Албатта, суд қарорини ҳам ҳурмат қилишимиз керак.

Интернетга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда бу соҳани тартибга солиш механизмлари деярли йўқ ва ишламаяпти. Хорижда эса бу механизмлар жуда яхши ишлайди.

Бизга интернет орқали таъқиб қилиш, киберҳужумга учраш, аккаунтни блоклаб қўйиш каби масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлади.

Мен «бизда қонун кўпайиб кетди», деган фикрга нисбатан айтаманки, бизда соҳа ҳали тўлиқ тартибга солинмади.

Бу ерда матбуот хизматлари фаолиятини ҳам эътироф этиш керак. Улар ҳозир тўғри ахборотни жамоатчиликка етказиб беришга масъулдир. Аммо уларда ҳам ҳали қўрқув бор. Чунки 2016 йилгача ҳаммани қўрқувга солиш ёки эркин гапиришга тўсиқлар бор эди.

Ўйлашимча, давлатнинг ҳар бир қадамини қонун билан тартибга солиш айримлар томонидан босим деб ҳисобланади. Аммо бу хавотирлар асоссиз.

Биз энди шу қонунлар нега қабул қилинаётганини асослаб беришимиз керак. Чунки ҳар бир қонуннинг ўз сабаблари бор», – деди Асад Хўжаев.

Мавзуга оид