Сўз эркинлиги масаласида қатъий сиёсий ирода мавжудлиги бот-бот такрорланар экан, энди бу эркинликни парваришлаш учун давлат, жамият ва ОАВдан вазминлик, сиёсий маданият ва ҳуқуқий малака талаб этилади. Журналистлар ўз фаолиятига эркинликни сақлаш ва кенгайтириш мотиви билан ёндашиши зарур, токи бугунги эркинлик эртанги эрксизликка сабаб бўлмаслиги керак.

Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғонага пастлаб, 148-ўринга тушди. Хўш, нега Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражаси пасайди деган ўринли савол пайдо бўлади. Менинг назаримда, бунинг учта асосий сабаби бор.

Биринчиси, олдинги йилда бўлиб ўтган “Kompromatuzb” иши, қамалган баъзи блогерлар. Бир томондан, медиа соҳасига энди кириб келган кўплаб блогерларда ҳуқуқий фикрлаш, “қонун доирасидан чиқиб кетмаслигим керак” деган қараш нисбатан заиф. Блогерлар, журналистлар билиб-билмай ҳуқуқий доирадан чиқиб кетган бўлишлари, хато ва жиноятлар қилиб қўйган бўлиши мумкин. Лекин айни пайтда Ўзбекистонда ҳали ОАВ ва блогерларни муттасил огоҳлантириш тизими ҳам мавжуд эмас. Хорижий ҳуқуқий давлатларда журналист ва блогерларни огоҳлантириш тизимлари яхши ишлайди. Қолаверса, блогерлар ва журналистларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам юқори. Ўзбекистонда эса журналистлар ва блогерларни бирданига узоқ йилларга қамаш ҳолатлари кузатилди (айни пайтда, улар муддатидан олдин озодликка чиқарилган ҳолатлар ҳам бор).

Рейтингдаги пастлашга таъсир қилган иккинчи вазият, менимча, бу – 2022 йилда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган ҳолатлар. Бу борада айтиш керакки, Ўзбекистон халқи, миллати ва давлати ўзининг ҳудудий яхлитлигини юқори қадрлаши керак ва қадрлайди ҳам. Ҳар қандай ички ёки ташқи инқирозлар, муаммолар ижтимоий-сиёсий кайфиятга салбий таъсир қилади. Эркинликлар – бўҳронлар устида ўсмайди, шаклланмайди. Аксинча, бўҳронлар ва инқирозлар – эркинликни емирувчи омиллар ҳисобланади. Зўриқишлар ва тўқнашувлар – эркинликнинг энг катта кушандаси ҳисобланади.

Учинчи муаммо – бу ҳукумат ва ОАВдаги инерция ҳолати. Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги борасидаги тажрибаси деярли йўқ. 2016 йилга қадар Ўзбекистон сўз ва фикр эркинлиги – барқарорликка энг катта таҳдид деган қарашда эди. Хавфсизлик ва барқарорликни куч билан, босимлар билан таъминлаш – одатий ҳолат эди. Шунинг учун ҳам ОАВ, журналистлар учун муаммоларни гапириш ҳалига қадар психологик зўриқиш чақиради.