Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда тадбиркорнинг устидан ариза ёзмаслик эвазига 5000 доллар олган фирибгар ушланди
ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан тадбиркордан товламачилик билан пул талаб қилган шахс 5 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Жиззах шаҳрида яшовчи шахс ўзи раҳбарлигидаги МЧЖга олдиндан таниш бўлган маҳалладошини ёрдамчи сифатида ишга олган. Бироқ ёрдамчи ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун жорий йилнинг январь ойида ишдан бўшатилган.
Ишдан бўшатилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга МЧЖнинг фаолиятини ўрганиш ва қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Тадбиркор бунинг сабабини сўраган вақтда собиқ ёрдамчи унга 118 миллион сўм пул ва 2 та қурилиш объекти олиб беришини, акс ҳолда қўлидаги мавжуд далилларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориб, қурилиш объектлари бўйича камчиликларни кўрсатиб, ариза билан мурожаат қилиш билан қўрқитган.
Тадбиркорнинг мазкур ҳолат бўйича мурожаати асосида ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўлими ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда тадбиркордан пул талаб қилган фуқаро аризасини қайтариб олиш ва кейинчалик ариза ёзмаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни товламачилик йўли билан олган вақтда қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган.