10:44 / 25.06.2021
5681

Қурилиш соҳаси шаффоф бўлиши лозим. Бунинг учун етарлича асослар яратилди

Кейинги йилларда мамлакатимиз шаҳар-қишлоқларида улкан турар жойлар, маиший хизмат бинолари, завод ва фабрикалар бунёд этилмоқда. Бу аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш билан бирга, кўплаб янги иш ўринлари яратяпти.

Хусусан, давлат раҳбарининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши қурилиш соҳасининг янада ривожланишида туб бурилиш бўлгани ҳақиқат.

Мазкур қарор билан Қурилиш вазирлиги фаолиятига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш, уни марказлаштирилган молиялаштириш манбалари, хусусан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши жараёнида тажриба тариқасида ишга тушириш ва бу тизимнинг 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт тизимида ишлашини таъминлаш белгиланди. Ўз навбатида, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими томонидан мунтазам амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, миллий ахборот тизимига, қурилиш объектларининг манзилли дастури, йиллик манзилли рўйхат шакллантирилиши, лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқ ва ишончли маълумотларнинг миллий ахборот тизими электрон базасига мунтазам равишда киритиб борилишини таъминлаш кўзда тутилди. Тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш, буюртмачи ҳамда пудратчи ўртасида тузилган шартномалар ва ойма-ой бажарилган ишлар ҳисоботини юритиш, бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилгани тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар электрон базасини шакллантириш, объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, объектларда қурилиш жараёнларини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базасини шакллантириш мақсад қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ва “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)нинг ишга туширилиши, идоралараро ахборот алмашинув тизимлари ва маълумотлар базасини шакллантириш ва географик ахборот тизими билан интеграциялаш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилди. Шунингдек, қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи ахборот тизимлари жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссия ташкил қилиниб, вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган самарали “ижро этилиши юзасидан назорат” (compliance control) тизими ва “Қурилиш соҳасида ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш” маркази ташкил этилди.

Мазкур қарор билан Қурилиш вазирлигининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун вазирлик тизимидаги ташкилотлар замонавий компьютер техникалари, рақамли кўп имкониятли қурилмалар, планшет-ноутбуклар, узлуксиз қувват манбалари, антивирус ускуналари, видео-конференц-алоқа телевизорлари, видеокамералар, сервер қурилмалари ва бошқа турли хил замонавий технология жиҳозлари билан таъминланди.

Айтиш мумкинки, 2020 йил давомида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш амалга татбиқ этилди. Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнига давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилиши ҳамда улар объектларни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари доирасида Инспекция ва ҳудудий инспекцияларга объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида ўзларининг хулосаларини тақдим қилишлари лозимлиги юклатилди.

Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Инспекция ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилди. Бир сўз билан айтганда, қурилиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жалб қилиниши, марказлашган электрон маълумотлар базаси шакллантирилиши ва электрон ҳужжат алмашинуви татбиқ этилиши, қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг жамоатчилик учун ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашнинг омили бўлмоқда.

Қашқадарё вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси

Top