Иқтисодиёт | 08:50 / 28.06.2021
12764
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Тожикистонда ипакни қайта ишлаш заводларини ташкил этиши мумкин

25 июн куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Р.Аҳмадзодани қабул қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ўзбек-тожик ҳамкорлигига оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудлараро муносабатлар ва ҳамкорлик йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.

Агросаноат соҳасида инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтиришга ўзаро тайёрлик билдирилди - аниқ инвестиция таклифлари кўриб чиқилди, улар устида ишлаш ва амалга ошириш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар режалаштирилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Мева-сабзавот маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги экинларини ўзаро етказиб беришнинг муҳим салоҳияти қайд этилди. Мева-сабзавотлар элита навларини етиштиришга мўлжалланган томчилатиб суғориш тизимига эга замонавий иссиқхоналар ва интенсив боғлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар алоҳида таъкидланди.

Мулоқот чоғида Тожикистон делегацияси раҳбари Тожикистонда кластер ёндашуви асосида тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини жорий этишга қизиқиш юқорилигини қайд этди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини яратишни назарда тутган ҳолда етакчи ўзбек тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан тўғри ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлик билдирилди.

Ипакчилик ва чарм-пойабзал соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар яқин келажакда Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти тадбиркорлари иштирокида Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ипакни қайта ишлаш заводларини ташкил этиш ва чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича аниқ таклифларни шакллантиришга келишиб олди.

Уруғчилик, пахтачилик, чорвачилик, узумчилик ва бошқа соҳалардаги илмий ишланмаларни ўзаро алмашиш ва жорий этиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги таълим ва илмий муассасалари ўртасида бевосита ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
 
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишларини илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирларни баён этди. Яқин вақтларда янги инвестиция лойиҳалари ва уларни амалга ошириш бўйича тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид