Ўзбекистон | 12:27 / 30.06.2021
5793
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга яна 1 млн доза вакцина олиб келинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга 30 июнь куни ҳам яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келингани ҳақида хабар берди.

«Бугун юртимизга яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди. Бу ушбу вакцинанинг юртимизга келтирилган 7-партияси бўлиб, худди шунча миқдорда кеча ҳам келтирилган эди», дейилади вазирлик хабарида.

Бундан аввал ZF-UZ-VAC2001нинг:

  • 27 мартда — 1 миллион доза,
  • 27 апрелда — 1 миллион доза,
  • 18 майда —  1 миллион доза, 
  • 19 майда —  500 минг доза,
  • 10 июнда — 1 миллион доза,
  • 29 июнда — 1 миллион доза партиялари келтирилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг вакцина захираси 7,4 миллион дозага етмоқда. Айни пайтга қадар шундан 3,5 миллион дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланган.

Ўзбекистонда сўнгги суткадаги эмлаш жараёнида коронавирусга қарши 130 мингдан ортиқ вакцина қўлланди. Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 3 541 442 доза вакцинадан фойдаланилган, уларнинг 1 199 541 дозаси иккинчи ва 267 200 дозаси учинчи босқичда қўлланилган. Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 2 074 701 кишини ташкил этмоқда.

Мамлакатда июнь ойи охиригача 4 миллион кишини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди. Энди 50 ёш ва ундан катталар бепул вакцина олиши мумкин. Тошкентда 28 июндан 18 ёшдан катта бўлган барча қатлам коронавирус инфекциясига қарши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланади.

Бундан олдинроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистонга Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина келиши кутилаётгани тўғрисида маълумот берганди. 

Мавзуга оид