Ўзбекистон | 20:58 / 30.06.2021
6839
3 дақиқада ўқилади

«Темир дафтар»даги оилаларнинг фарзандларига ОТМга кирганда биринчи йил учун контракт пули тўлаб берилади

«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади. Шунингдек, «Темир дафтар»да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари билан учрашувда республикада ёшларга оид сиёсат доирасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида нутқ сўзлади.

«Азиз ёшлар! Мен ҳар гал сизлар билан учрашганимда бир гапни такрорлашдан асло чарчамайман: илмни қадрланг, илмга интилинг! 

Ўзингиз кўряпсиз, дунёда ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистон ёшлари ҳам, ана шундай юксак даражаларга кўтарилиши учун биз албатта барча имкониятларни ишга соламиз. Бу борада, айниқса қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратамиз. 

Маълумки, бугунги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22-28 фоиз ставкада таълим кредитини 3 йил муддатга олмоқдалар.

Лекин, бу ҳаммага, айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётгани ҳам, бор гап. 

Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади.

Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади.

Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

Иккинчидан, мактабларда ўқувчиларни компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар қилиб тайёрлашимиз зарур.

Шу мақсадда, жорий йил якунига қадар умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари якунланади. Республика бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилади.

Мактабларда ахборот технологиялари дарслари замонавий “Кэмбриж” дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқит́увчилар ҳам, ушбу дастурлар асосида қайта тайёрланади.

Худди шундай тизим, барча олийгоҳларда ҳам жорий қилинади.

Учинчидан, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда, ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.

“Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. 

Шунингдек, ўтган йилги тажриба асосида, “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади», деган давлат раҳбари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид