Жаҳон | 22:39 / 01.07.2021
9283
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бадавлат кишиси фазога ўзи билан бирга 82 ёшли аёлни олиб кетади

Жефф Безос ва Уэлли Фанк

82 ёшли Уэлли Фанк дунёнинг энг бадавлат кишиси Жефф Безос билан бирга фазога йўл олади. Безос ва кекса аёл фазога миллиардернинг Blue Origin компанияси ишлаб чиққан New Shepard кемасида парвоз қилади.

«Уэлли Фанк бутун умрлик орзуси – астронавт бўлиш истагини амалга ошириб, 20 июлда New Shepard кемасида фахрий меҳмон сифатида фазога йўл олади», дейилган хабарда. Аёл фазога Безос, унинг укаси Марк ва New Shepard’да парвоз қилиш ҳуқуқини 28 млн долларга сотиб олган, исми ошкор қилинмаётган яна бир киши билан бирга учади.

«Ҳеч ким бунчалик узоқ вақт кутмаганди. Бунинг вақти келди. Жамоага хуш келибсиз, Уэлли. 20 июлда фахрий меҳмонимиз сифатида биз билан бирга парвоз қилишингиздан хурсандмиз», деб ёзган Безос.

Хабарда таъкидланишича, Фанкнинг астронавт сифатидаги йўли узоқ 1960-йилларда бошланган. У ўз вақтида фазога жўнатилиши режалаштирилган аёлларни танлаш лойиҳасида иштирок этган. Кейинроқ ушбу лойиҳанинг барча иштирокчилари фазога парвоз қилиш учун барча руҳий ва жисмоний синовлардан ўтишган, бироқ лойиҳа ёпилиб, фазога учиш улар учун армон бўлиб қолган.

 Фанк АҚШ федерал авиация бошқармасининг биринчи аёл инспектори ва транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгашнинг авиация хавфсизлиги соҳасидаги биринчи аёл терговчиси бўлган.

 Blue Origin’да таъкидланишича, Фанк фазога учадиган тарихдаги энг кекса инсон бўлади.

Режага кўра, New Shepard кемаси Техасдаги космодромдан учиб, 105 км баландликка кўтарилади. Ўртача ҳисобда бунга 10–15 дақиқа вақт кетади.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид