«Ҳатто сим-карта олиш ҳам муаммо эди» — ФБШ мақомидан халос бўлаётган ватандошлар билан суҳбат
Ҳатто қўшни юртлардаги қариндош-уруғларни йўқлай олмаслик. Оддий фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони чеклангани. Ҳар 6 ойда рўйхатда турганини янгилаб туриш. Сим-карта учун компания бош офисига бориш... Kun.uz фуқаролиги йўқ шахсларни қийнаб келган муаммоларга диққат қаратади.
2007 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистонда фуқароликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмаган, шу боис доимий истиқомат қилиб келган фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилмаган.
1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилгач, шу ерда туғилиб, тақдир тақозоси билан бошқа иттифоқдош республикаларга кетганлар қайтиб кела бошлади. Уларнинг аксари 1995 йилгача Ўзбекистонга кўчиб келди. Бироқ, уларнинг катта қисми йиллар давомида ватанларида ҳам фуқаролиги йўқ шахслар мақомида яшашларига тўғри келди.
2016 йилдан кейин қабул қилинган қатор ҳужжатлар ва президентнинг 100дан ортиқ фармонлари билан, ўтган салкам 5 йил давомида 60 мингга яқин киши фуқароликка қабул қилинди.
Энг асосий янгилик эса 2021 йил 14 июнда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилгани бўлди.
Қонуннинг бундан аввалги таҳрири қонун билан, 1995 йил 1 январгача Ўзбекистонга кўчиб келган шахсларга фуқаролик бериш назарда тутилган ва бунинг натижасида 50 мингга яқин фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилган эди. Янги ўзгартишга асосан эса, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кўчиб келган, шунингдек, Ўзбекистонда узлуксиз 15 йил яшаётган шахслар Ўзбекистон фуқаролигига автоматик равишда қабул қилинадиган бўлди.
Kun.uz Учтепа туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида бўлиб, қонун ижроси билан танишди ҳамда Ўзбекистон фуқаролиги учун ҳужжат топширган шахслар билан суҳбатлашди.
«Оилавий шароитимиз туфайли собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистондан чиқиб кетган эдик. 1995 йилда ватанга қайтдим. Шу вақтга қадар фуқаролик ололмай келаётгандим. Яратганга шукр, президент фармони билан, ниҳоят, бизга фуқаролик беришмоқда. Ҳужжатларни топширамиз. Шунча йил яшаб, ишлаб келдик, афсуски, ҳатто Россияга фарзандимникига меҳмонга бора олмасдим», – дейди Феруза Панцхалова.
Эр-хотин Жамшид Имонбердиев ва Моҳира Турсунбоеваларнинг айтишича, улар Қозоғистоннинг Сўзоқ шаҳрида дунёга келишган. 1995 йилда, яъни 10 ва 3 ёшлигида Ўзбекистонга ота-оналари билан кўчиб келишган. Бироқ шу вақтга қадар Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшашга мажбур бўлишган.
«Шу вақтгача анча қийналардик, турли масалаларда. Масалан, муддатли тўлов асосида маиший техникаларни олишга борсак, беришмасди. Телефон учун сим-карта олишда ҳам, Ўзбекистон фуқаролари сингари йўл четларидаги дилерлардан ололмасдик, мобил операторнинг бош офисига боришимиз керак бўларди.
Қолаверса, рўйхатдан ўтиш муддатини 6 ойда чўздириб турардик. Муддатидан кечиксак, жаримаси жуда катта эди. Гувоҳномасини йўқотиб қўйсак ҳам катта жарима тўлардик. Шунча йиллардирки, қариндошларникига бора олмадик», – дейди Жамшид Имонбердиев.
1961 йилда Қирғизистоннинг Қорасув туманида туғилиб, 1993 йилда Ўзбекистонга кўчиб келган Адҳамжон Исмоилов ҳам фуқаролиги йўқ шахслардан бири эди. Унинг қизлари ва турмуш ўртоғи ҳам яқинда Ўзбекистон фуқаролигини олишган.
«60 ёшимга президентдан совға бўлди. Фуқаролигимиз бўлмаган чоғларда Қирғизистондаги қариндошлар ўтиб қолишди, фотиҳага боролмадим. Виза талаб этиларди ёки сайёҳ сифатида чиқиш талаб этиларди. Бунинг учун маблағ лозим эди. Борди-келдига қийналардик. Фуқароликни олгач, биринчи қиладиган ишим, қариндош-уруғни йўқлаш бўлади. Барчага раҳмат», – дейди Адҳамжон Исмоилов.
Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Санжар Қосимовга ҳам микрофон тутдик.
«Тошкент шаҳри миқёсида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга келиб яшаётган ёки сўнгги 15 йилда Ўзбекистонда узлуксиз яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 2873 кишини ташкил этиши аниқланди. Қонун кучга киргач, ҳозиргача 57 киши фуқароликка қабул қилинди», – дея маълумот берди подполковник.
У, шунингдек, фуқаролиги йўқ шахслар қандай ҳужжатлар тақдим этишига ҳам ойдинлик киритди.
«Фуқаролик олиш учун топшириладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам жуда катта эди. Ҳозирда, улар соддалаштирилди.
- Автобиография,
- махсус шаклдаги ариза,
- доимий рўйхатда турганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилади.
Бунга БҲМнинг 2 баравари, яъни 490 минг сўм давлат божи тўлангани ҳақида квитанция бириктирилиб, МФРБга топширилади.
Белгиланган текширувлар тугагач, ариза бир ойдан кечиктирилмаган ҳолда кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси шахсини тасдиқловчи ҳужжат – ID карта расмийлаштирилиб, фуқарога тақдим этилади», – деди Санжар Қосимов.
Толиб Раҳматов тайёрлади.
Мавзуга оид
17:33 / 07.12.2024
Кипр Путиннинг собиқ курсдошига берилган «олтин паспорт»ни олиб қўймади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
20:50 / 26.09.2024