Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кинезиология – Ўзбекистон учун янги, жаҳонда эса оммалашмоқда”. Португалиядаги ўзбек шифокори билан суҳбат
Uzbeklife хориждаги ватандошлар билан суҳбатларни давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз қарийб 20 йилдан буён Португалияда яшаб келаётган малакали шифокор Суҳбатилла ака Каримов.
Бир нарсага эришиш учун нимадандир воз кечиш керак
Португалияга кетиш иқтисодий қийинчиликларга бориб тақалади. Ўша пайт иқтисодий қийинчилик бўлиб қолгани учун йўлини қидириб чет элга бориб ишлаб келишга, ўша ерда қўним топишга ҳаракат қилдик ва шу сабаб Португалияга бориб қолганмиз. У ерда фақат оғир ишлар, яъни қурилиш ишларида ишлашга тўғри келган. Албатта иш умуман Португалияга мослашув осон бўлмаган.
Португал тили ўрганишга жуда қийин тил ҳисобланади. Борган вақтим қурилиш ишларига кириб ишлаб кетдим. 10–12 соатлаб ишлардик, натижада тил ўрганишга вақт бўлмасди.
Икки йил қийинчиликда ишлаганимдан кейин бу ҳолат бошқа иш топишга мажбур қилди. Чинни заводда ҳам ишладим. У ерда иш вақти 8 соат эди. Шунда кечқурун ўзимга вақт қоларди – тил ўрганишга. Қурилишда ишлаб умрим ўтмасин деган мақсадда ўзимга шароит яратдим. Чинни заводда чинниларга нақш чизишларни ўргандим. Бу асосан ўзимни ривожлантириш учун керак эди. Ишдан кейин ўқидим, тил ўргандим. Асосан 3 ой ўргандим, кейин қўшимча икки ой сўзлашувни ўрганишга сарфладим. Бундан ташқари, тиббий атамаларни ўрганишга ҳам алоҳида вақт кетди. Шундан кейин ўзимга имкон топилди. Сўнг фабрикадан ҳам кетишга ҳаракат қилдим. Чунки бир нарсага эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Мақсадим ҳам ўз устимда ишлаб нимагадир эришиш, ўз иқтидоримни ривожлантириш эди. Шу вақт давомида компьютерни ўргандим, электроника ишларини ҳам. Бу 2003 йилги воқеалар. Кейинчалик ҳужжатларимни тўғрилаб университетга ҳам кира олдим. Тиббиёт соҳасида ортопедия, физиотерапия бўйича ўқиб, ўзимиз яшайдиган Лейрия шаҳрида спортзалга физиотерапевт бўлиб ишга кирдим. У ерда ўз иш услубимни ярата олдим. Мижозлар кўпайди, мақташди. Лекин баъзи мижозларни даволашда қийинчиликлар, эътирозлар бўлди. Яна изланишни бошладим. Интернетда Германияда кинезиологияга оид ўқиш очилаётгани ҳақида эшитдим. Бу соҳа нималигини ҳам билмасдим, лекин қизиқдим, ўрганишни хоҳладим. Шу жараёнда саволларимга жавоблар айнан шу соҳада эканини англаб етдим ва бор куч-қувватимни шу соҳага бердим. Лекин осон бўлмади. Европада ҳар бир ҳаракат катта пул туради. Кечалари қўшимча ишлаб, шу ўқишга киришга аҳд қилдим ва кирдим. Бу муассаса фақат врачлар учун экан. 12 та модулни муваффақиятли тугатдим. Қийинчиликлар бўлди, уларни ҳам енгиб ўтдик. Ўзим олдимга қўйган мақсадга эришдим ва ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар жуда кўп. Охирига етказаман деб умид қиламан. Ўша методикани биринчи ўзбек фуқароси бўлиб Португалияга олиб кирганимдан, муваффақиятли бўлганидан фахрланаман. Ва мақсадим шу соҳани Ўзбекистонга ҳам олиб кирсам, ўзгаларга тегаётган ёрдамимиз юртдошларимизга ҳам тегса. Ҳозир Ўзбекистондаги ўзгаришларни кўриб хурсанд бўляпман.

“Инсоннинг ҳаракатини ўрганувчи фан”
Кинезиология неврология соҳасига киради. Лотинчада “инсоннинг ҳаракатини ўрганувчи фан” деган маънони билдиради. Инсонда айрим сабабларга кўра, мушаклар кучсиз бўлиб қолади. Импулс етиб келмайди. Кинезиология бунинг сабабини қидиради. Инсон танасининг маълум қисмида оғриқ бўлаётган бўлса, ўша жойга эмас, балки унинг сабабига эътибор қаратади. Ҳар бир ишлаётган мушак орқали танадаги беркиниб ётган сабабни топиб, уни олиб ташлайди. Инсон сезаётган оғриқ 4-5 дақиқа ичида йўқ бўлишни бошлайди. Қизиқ соҳа. Муаллифлик методикаси деймиз, устозларимиз орқали уни ҳам ривожлантириб боряпмиз. Бу самарали натижаларни беряпти.
Асосан, мижозларимиз португаллар, Франция, Германия АҚШ, Канада ва Англиядан келишади. Профессионал спортчилар, полиция ходимлари. Методикамизда даволаш тез. Кўпчилик шу сабаб хоҳлайди. Учта жой очдик. Шогирдлар тайёрлашга ҳам муваффақ бўлдим.
Биз ҳамширалар, физиотерапевтларни тез ўргата оламиз. Мен ўзим ўрганган услубни қайта ишлаб, осонроқ ва тез ўрганадиган ҳолатга келтирдим. Очиғини айтганда, 6 ой ичида яхши мутахассис бўлиб чиқиши мумкин. энг керак бўлган саккизта модулни ўрганиш керак.
Шу ўринда устозларим ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман. Улардан бири Людмила Фёдровна Василева. Профессор. Ҳозир таҳсил оляпмиз улардан. Сергей Молотков, 35 йиллик олий тоифали врач, невролог. Ўз методикаларини яратганлар. Ҳозир шуни охирига етказиш арафасидамиз. Асосчиси Девид Лев, Мичиган ассоциацияси президенти. Улардан ҳам Германияга келганларида таҳсил олдик.

Инсон уч томонлама ўзини мўътадил ушлаши керак
Кинезиология соҳасида ўрганганларимиз шуни тасдиқлайдики, асосан ҳар бир инсон руҳан яхши, позитив ҳолатда бўлиши керак. Бу жуда катта рол ўйнайди. Стрессга кирмаслик, унга парда қўя олиш керак. Асосан, инсон уч томонлама: структурали, биохимик ва эмоционал томондан ўзини мўътадил ушлаши керак. Стресс бош оғриқни, уйқусизликни келтириб чиқаради, ички органлар биомеханикасини бузади. Бошқа касалликлар ҳам кейин ривожлана бошлайди. Ҳолсизлик ҳолатига келтиради. Ана ўша ҳолсизлик ҳаммасига сабабчи бўлади.
Шу ўринда даволаш жараёни ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Даволаш жараёнида инсон мушаклари босимда текширилади. Ҳар бир мушак ўз кучига эга. Агар тўғри ишлаётган бўлса у қаттиқ ҳолатда туради. Қисқариш ҳолатига келтириб, одекват ишлаётган мушак орқали тест қиламиз. Жараёнда заифлик бўлса, ўша ерда бир сабаб борки, шу мушак ишламаяпти. Сабаб жуда тез қидирилади. Диагностика вақтида ҳамма мушаклар текширилади. Методикасига кўра, олиб ташланади сабаблари, ҳар бир мушак ўз ишига қайтишни бошлайди. Ҳозирги кундаги муолажаларда сабаб топилиши керак, сабаб билан курашилиши керак. Кинезиологиянинг фарқи ҳам шунда. Компенсация қилинмайди.

Ўзбек миллатига мансуб инсонлар билан ишлашни хоҳлашади
Португалияда хорижликларга ҳамма шароитлар бор, ажратилмайди. Қонунига, ҳуқуқларига мос шароитлар яратилади. Агар иши бўлмаса, иш топиб берадиган муассасалар бор. Португал иш юритувчилар кўпроқ мана шу Марказий Осиё, ўзбек миллатига мансуб инсонлар билан ишлашни хоҳлашади. Ўзим кўп гувоҳи бўлдим. Ўзимдан сўрашди, ўртоқларинг борми, ўзбекистонлик, бўлса айт, ишга олай деб. Бизнинг урф-одатларимизми, тарбиямизми, катталарга бошқача муомала қилиш деймизми, ўз юртимизда қандай тарбия топган бўлсак у ерда ўзимизни шундай тутамиз, балки меҳнаткашлигимиз, катталарга ҳурмат, балки шулар сабабдир. Мен бунинг сабабини сўрай олмадим. Лекин тавсия қилдик. Ҳамма томон хурсанд. Чекловлар йўқ. Ўқийман деса ўқишга, ишлайман деса ишга шароит қилиб беришади. Бу учун махсус институтлар бор. Португалияда асосан қурилиш, инженерия соҳаси бўйича иш топиш осон. Улар билан бошқа мутасаддилар шуғулланишади.
Ойликларга келадиган бўлсам минимал ойлик 670 евро атрофида. Меҳнат таътили пуллари бор. Ўртача ойлик бўлса 800–900лар атрофида. Ижара уйлар ҳам қиммат эмас. 200 евродан бошлаб 600 еврогача бўлган нархларда жойига, шароитларга қараб кўтарилиб боради. Керакли мутахассис бўлса, ойликлар ошиб боради. Инженерлар анча юқори ойлик олади.
Португалияга келишдан олдин албатта тил ўрганиш керак. Португал тили демайман, инглиз тилини ўрганиш лозим. Шунда қийинчилик бўлмайди. Яна бир яхши шароит, агар ишдан эрта қайтиш имкони бўлса, тунги ўқишлар бор. Давлат кечки курсларида пул тўлаб ўқитади. Тилни билиб борган барибир яхши.

Меҳмондўст, меҳрибон, содда инсонлар
Португаллар жуда ҳам юмшоқфеъл. Меҳмондўст, меҳрибон, содда инсонлар. У ерда ҳамма соҳада тушлик вақти бўлдими, белгиланган вақт, яъни 12:30да тушлик бошланади. Ишчиларнинг тепасида назорат керак эмас. Иш вақти келдими, назорат йўқ-ку, дам оламан демайди, дарров бошлайди ишни. Таътил вақтлари августда асосан. Балки иқлим билан боғлиқ. Одамлар сезиларли камаяди бу пайт. Уларда ишлар тез битади. Ҳужжатлар электрон вариантда юборсангиз ҳам тез битириб беришади. Банк соҳасида ҳам тезлик билан ишлашади. Қурилишларда ҳам керакли кўрсатмалар олиниб, тасдиқлангандан кейин бошланади. Улар чиройли сақланади. Хавфсизлик масаласи ҳам қатъий назоратда. Хомашёлар сифатлисидан фойдаланилади. Ҳар бир жараён тез бажарилмай, меъёрига етмагунча қабул қилинмайди. Йўл қурилишида ҳам шундай. Кўприклар ҳам сифатли қилиб қурилади.

Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди
Мавзуга оид
20:28 / 19.05.2026
Роналду Португалия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатига боради
21:51 / 11.05.2026
Атиги бир неча қадам – Португалия ва Испания ўртасида дунёдаги энг кичик халқаро кўприк бор
11:45 / 09.02.2026
Социалист Сегуру Португалия президенти этиб сайланди
09:50 / 19.01.2026