Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзи тўқ одамгина жамият ривожи ҳақида ўйлай олади» — Абдулла Азизов ва Улуғбек Қосимхўжаев ННТлар ҳақида
Ўзбекистонда ёшлар сиёсати қанчалик тўғри юритилмоқда? Бугун ўзбекистонлик ёшлар учун умумий бўлган муаммолар нималар? Улар ўзгараётган дунёда қандай янгилик ва эврилишларга тайёр туриши керак?
Kun.uz мухбири айни шу масалалар юзасидан хорижий давлатларда ўқиб, ишлаш жараёнида тажриба орттирган ва бугунги кунда Ўзбекистондаги нуфузли лавозим эгалари – Абдулла Азизов ва Улуғбек Қосимхўжаев билан интервью уюштирганди.
Интервью аввалроқ эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
— Ўзбекистонда ёшлар ташкилотлари мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, то ҳозиргача давлатнинг қаттиқ назоратида фаолият юритади. Ривожланган давлатларда эса бу масалалар билан нодавлат нотижорат ташкилотлар ишлайди. Фикрингиз қандай, нега бизда давлат бу ричагни қўлида жуда қаттиқ ушлаб олган?
Абдулла Азизов
— Хўш, тарихга назар солсак, қайси давр ва қандай давлатларда ННТ ривожланган? Жавоб шундайки, ривожланган давлатларда.
Инсоннинг моддий имкониятлари қачон ривожланар экан, у жамиятга ҳисса қўшиш, уни ривожлантириш ҳақида ўйлай бошлайди. Сизда қўшимча пул йўқ, муаммоларингиз эса кўп экан, жамият ривожи ҳақида ўйлолмайсиз.
Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларда ННТлар жуда кўп. Ўйлашимча, биз ҳам секин-аста шу даражага етиб келяпмиз.
Баъзи танишларим ўзаро суҳбатларда нодавлат ташкилотлар очиш, бу орқали халққа нимадир яхшилик қилиш ҳақида таклиф беришади. Улар бунинг учун ўз пулини тикишга тайёр.
Бизда жамият учун ғоялар бераётган, ННТ очаётганларга эътибор берсангиз, уларнинг ўзига тўқ, дунё кўрган кишилар эканини кўрасиз.
Тан олиш керак, бизда кўп йиллар бундай эмасди. Ҳамма нарса ҳақида фақат юқоридан топшириқ тушарди.
Ўйлашимча, шу каби ННТлар ҳозирдан кўра яна 15-20 йилдан кейин жамиятга ўз самарасини кўпроқ беради. Чунки баъзи ННТлар кўп нарсани ҳамон яхши тушунмасдан, шунчаки Европадан қолип олиб қилмоқда.
— Тўғри айтяпсиз, қорни оч инсон қандай қилиб ҳайвонлар ҳимояси ҳақида ўйлай олади?
— Шундай, қорни оч инсонга булар ҳақида гапирсангиз, у керак бўлса, устингиздан кулади. Европадаги ёки ривожланган бошқа давлатларда бундай эмас. Одамлар ҳайвонларни ҳам ҳимоя қилиш ҳақида қайғуради.
Ривожланган давлатларнинг иқтисодий ривожланган инсонлари жамият ривожланишининг ўзи учун ҳам яхши бўлиши ҳақида ўйлайди.
Улуғбек Қосимхўжаев
— Бу ерда жамият ривожланиши, деган тушунча ҳам бор. Биз кўп йил Совет иттифоқи таркибидаги давлат эдик. Бу тузумда халқ ва давлатларнинг норасмий келишуви бор эди. Яъни давлат халққа айтардики, «мен сенга ҳамма нарсани қилиб бераман, сен эса менинг ишимга аралашмайсан».
Халқ умуман давлатнинг ишига аралашолмади. Бу жамиятда ўзига хос боқимандалик кайфиятини олиб келди. Одамлар ҳамма нарсани давлат менга қилиб бериши керак, деб ўйларди.
Биз ўша боқимандаликдан чиқиб, яна шу ҳолатга кириб кетдик.
Иккинчидан, уч-тўртта одам йиғилиб, қандайдир ташаббус қиладиган бўлса, шу инсонларга бошқа кўз билан қараш бошланди. Уларга «тўхта, сен нима қиляпсан, нега давлатнинг ишига, сиёсатга аралашяпсан?», деган саволлар берила бошланди.
Улар билан кимлардир келиб, суҳбатлар уюштирган.
Бу ҳолатлар эса бориб-бориб ташаббускорларнинг йўқолишига олиб келди.
Иккинчидан, фуқаролик жамияти ривожланиши учун йўл берилмади.
Бугун ҳам жамиятимиз ривожига одамларда турли ташаббуслар олдидан пайдо бўладиган «ҳокимият нима деркин?», «одамлар нима деркин?» каби фикрлар халақит бериб тургандир.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
10:43 / 19.03.2026
Мисрнинг юзга яқин дори воситаси Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилади
18:47 / 24.01.2026
2 мингта дори нархи 40-60 фоизга туширилди — Фармагентлик
15:25 / 24.09.2025
Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ННТ лойиҳаларига грант ажратилади
15:13 / 12.09.2025