Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси раиси билан учрашув ўтказди
6 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга ташриф билан келган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси раиси Волкан Бозкирни қабул қилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, бугунги куннинг янги таҳдид ва хатарларига қарши курашиш, шу жумладан коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш каби устувор йўналишларда мамлакатимиз ҳамда ташкилот институт ва тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини мамнуният билан қайд этди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон бу борада муҳим ташаббусларни фаол илгари сурмоқда ва глобал кун тартибини рўёбга чиқаришда иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақада туризмни барқарор ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, маърифат ва диний бағрикенглик, Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш каби муҳим масалалар бўйича Бош Ассамблеянинг қатор махсус резолюциялари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Бош Ассамблеянинг жорий сессияси раиси Волкан Бозкир халқаро майдонда, энг аввало, БМТда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг глобал ва минтақавий ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда мамлакатимиз ва Марказий Осиё минтақасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, гендер тенглик ва ёшларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб жиҳатлари бўйича шериклик муносабатларини, шу жумладан парламентлараро ҳамкорлик доирасида илгари суриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, вакциналардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича яқин ва самарали мулоқотни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Мавзуга оид
20:19
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024