«Ховар» ахборот агентлиги чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб хабар беришича, душанба кунига ўтар кечаси Тожикистонга чегара орқали 1037 нафар афғон ҳарбий хизматчиси кирган. Агентлик маълумотига кўра, бир кун олдинроқ, 4 июль куни Тожикистонга яна 94 нафар афғон ҳарбийси қочиб ўтганди.

Тожикистон ҳукумати афғон ҳарбий хизматчиларига ўз ҳудудига киришга рухсат бермоқда. «Ховар» хабарига кўра, афғонистонлик ҳарбийлар чегарадан бир вақтда эмас, гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли вақтларда ва чегаранинг турли нуқталарида ўтишган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилди.

«Интерфакс» 3 июль куни 300 нафарга яқин афғон ҳарбийлари «Толибон» ҳаракати ҳужуми остида Тожикистон ҳудудига чекингани ҳақида хабар берганди. Июнь ойи охирида ҳам ўнлаб афғон ҳарбийлари тожиклар ҳудудига қочиб ўтганди.

Хорижий базаларсиз
Афғонистондаги вазият мамлакатдан АҚШ ва НАТО мамлакатлари ҳарбий контингенти олиб кетилиши фонида ёмонлашмоқда.

Афғон ҳарбийлари энди мамлакатдаги барча ҳарбий инфратузилмаларни назорат қилишади, аммо толиблар уларни тортиб олмоқчи.

Афғонистоннинг бир неча туманларида қақшатқич жанглар давом этмоқда. Сўнгги кунларда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош бўлган Бадахшон вилоятида толиблар яққол устун кела бошлаган.

«Қўрқув ва даҳшат»: Ғарб ҳарбийлари бутунлай кетгач Афғонистон билан нима бўлади?

Июль ойида толиблар жанубдаги Қандаҳор вилоятида ҳам катта ҳудудларни эгаллаб олди, ўтган ойда шимолдаги Қундуз ва марказдаги Вардак эгалланганди. Афғонистон расмийлари маълумотига кўра, ҳозирда мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми толиблар қўлига ўтган.

BBC радиоси Афғон хизмати муҳаррири, профессор Довуд Аъзамийнинг айтишича, ҳукумат кучларининг жанговар тайёргарлиги юқори даражада эмас.

«АҚШ ва НАТО кучларининг зудлик билан олиб кетилиши афғон хавфсизлик кучларини руҳий жиҳатдан синдирди. Толиблар бирданига бир неча фронтдан ҳужумга ўтгани боис ҳукумат кучлари мамлакатнинг қатор туманларида, айниқса америкалик ҳарбийларнинг ҳаводан қўллаб-қувватлови тўхтаган паллада, ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун имконият ва ресурслар етишига ишонқирамаяпти», дейди таҳлилчи.