Иқтисодиёт | 20:46 / 07.07.2021
9910
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Aфғонистон билан йиллик савдо айланмаси ҳажмини 2 млрд долларга етказмоқчи

2023 йилга қадар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги йиллик савдо айланмаси ҳажми 2 млрд долларга етказилиши режалаштирилган. 2020 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 775 млн долларни ташкил этган.

Ўзбекистон 2023 йилга қадар Aфғонистон билан ўзаро товар айланмасининг йиллик ҳажмини 2 млрд долларга етказишни ҳамда имтиёзли савдо шартномаси имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда Марказий Осиё давлатлари экспортининг энг катта ҳажми Афғонистонга тўғри келади. Бунда мамлакатнинг географик тузилиши, Ўзбекистон ва халқаро молия ташкилотлари иштирокида сўнгги йилларда яратилган транспорт инфратузилмаси муҳим ўрин тутади.

2020 йил якунида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 775 млн долларни, 2019 йилда эса 617 млн долларни ташкил этганди.

Манбага кўра, марказ директори Обид Ҳакимов Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка доир анжуманда Aфғонистондаги вазият барқарорлашиши муҳимлигига тўхталган. 

«Бу савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт-коммуникацион ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтиради», деган у.

Шунингдек, манбада 2020 йилда икки минтақа ўртасидаги умумий савдо айланмаси 4,4 млрд долларни ташкил этгани келтирилади. Бунда савдо айланмасидаги энг катта улуш Қозоғистон (52,8 фоиз), Ўзбекистон (31,2 фоиз) ва Туркманистон (10,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

BCG халқаро консалтинг компанияси ҳисоботида 2018 йилдан кейинги 10 йил давомида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиё салоҳияти 170 миллиард долларгача, шу жумладан, қайта ишлаш саноатига 40-70 миллиард долларга қадар баҳоланмоқда. Бу даврда Жанубий Осиё мамлакатлари импорти қарийб 560 млрд долларни ташкил этиши ҳам прогноз қилинган.

«Албатта, бу Марказий Осиё давлатлари Жанубий Осиё мамлакатлари импортининг белгиланган ҳажмини алмаштириши мумкин дегани эмас, лекин ўзаро савдода фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади.

Масалан, 2019 йилда Жанубий Осиё мамлакатлари 8,6 млрд долларлик кимёвий ўғитлар импорт қилган. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи бозорга 384,3 млн долларлик кимёвий ўғитлар экспорт қилди, шундан атиги 32,3 млн доллари Жанубий Осиё мамлакатларига тўғри келган», – дея таъкидлаган Обид Ҳакимов.

Таҳлилларга қараганда, Марказий Осиё давлатлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, буғдой, мева, сабзавот, дуккакли экинлар ҳамда ёнғоқлар экспортини кўпайтириш учун ҳали амалга ошмаган имкониятлар мавжуд.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг ўзаро алоқа ва коммуникацияларни қуриш бўйича тажрибаси Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун алоҳида қизиқиш уйғотиши мумкин.

Мавзуга оид