Жаҳон | 20:05 / 11.07.2021
8562
1 дақиқада ўқилади

Хитойда иссиқ ҳавода танани совитувчи мато ишлаб чиқилди

Хитойлик олимлар иссиқ ҳавода танани совитувчи мато ишлаб чиқишди. “Метамато” полилактид ва унинг толалари орасига киритилган титан диоксиди нанозарраларидан иборат бўлиб, унинг қалинлиги бор-йўғи 550 микрометр, яъни 0,55 ммни ташкил қилади.

Фото: sciencemag.org

Матонинг кимёвий бирикмалари тананинг инфрақизил нурланишини ютиб, уни ташқи муҳитга чиқаришга имкон беради

Таъкидланишича, мато ултрабинафша, яқин диапазондаги кўринувчи ва инфрақизил нурларни қайтаради ҳамда бунинг ҳисобига танани янада совитади.

Олимлар ўз ишланмаларини кўнгиллиларда синовдан ўтказишган. Иштирокчилардан бири ярми пахтадан, ярми эса метаматодан тайёрланган нимчани кийиб, бир соат қуёш остида турган. Тегишли ўлчашлар бунда тананинг метамато остидаги қисми ҳарорати 31 даражагача, пахтадан тайёрланган мато остидаги қисми 37 даражагача кўтарилганини кўрсатган.

Муаллифларнинг таъкидлашича, бундай матони ишлаб чиқариш сарф-харажатлари анъанавий матоларникига қараганда 10 фоизгагина ошади.

“Биз янги матони оммавий тарзда ишлаб чиқаришимиз мумкин. Бу эса ҳар бир киши ундан тайёрланган футболкани анъанавий матолардан тайёрланган футболка нархида харид қила олишини англатади”, деб айтган олимлардан бири.

Мавзуга оид