Ўзбекистон | 23:22 / 13.07.2021
6563
3 дақиқада ўқилади

Экоқўмита дарахтларни ҳимоялаш учун дронлардан фойдалана бошлайди

Ўзбекистонда ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг электрон базаси яратилади. Базани яратишда дронлардан фойдаланилади. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Электрон база ҳақида

— Экология қўмитаси 1 ой аввал учувчисиз учириладиган қурилма (дрон) харид қилди. Аппаратни олиб келишимизга 3 ой вақт кетди. Қурилмани илк бор Бўстонлиқ туманида синаб кўрдик. Дастлабки парвоз 45 километр масофага тенг бўлди. Биз келгусида дарахтлар хатловини шу қурилма ёрдамида бажариб, ишга туширмоқчи бўлаётганимиз онлайн платформага ана шу маълумотларни жойлаймиз.

Ҳозирги тест парвоз натижаларини энди таҳлил қиламиз: нечта дарахт, нечта ҳайвонни суратга олган.

Бу – тез бўладиган жараён эмас. Жорий йил якунигача қисман бўлса-да хатловни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Чунки кўлами катта бу ишнинг. Биргина Бўстонлиқ туманида чамаси 500 минг гектар ҳудуд. Буни самодан тасвирга олиш ва кейин ушбу лавҳаларни таҳлил қилиб чиқиш учун кўп вақт кетади.

Дарвоқе, биз фақат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар хатловини амалга оширамиз.

Дрон орқали хатловни нега Тошкент шаҳридан бошлаш мумкин эмас?

— Бу борада бир қатор тўсиқлар бор. Бу қурилмани учириш учун авиация марказидан рухсат олиш керак. Шаҳар узра учиш мумкин бўлмаган ҳудудлар бор, масалан, “монетний двор”, аэропорт, ҳарбий ҳудудлар ва ҳоказо. Айнан пул чиқарадиган завод туфайли биз Ботаника боғи устидан дронни учира олмадик.

Биз Авиация маркази билан ҳамкорлик қилиб, эҳтимол, қурилмани уларга берармиз, ўзлари учириб, бизга маълумотларни тақдим этишар.

Қурилиш майдонларидаги дарахт кесишлар ҳақида

— Қурилиш майдонларида дарахтларни кесишга ва кўчиришга рухсат йўқ. Мораторий бор. Ҳеч ким рухсат ололмаяпти. Рейдерлик билан кесаётганларни эса ушлаяпмиз, жазолаяпмиз. Жамоатчилик ҳам бизга бу борада катта ёрдам беряпти.

Экопартия вакили ва журналистни Ғафур Ғулом номидаги боғга киритишмагани ҳақида

— Мен ўша вақт хизмат сафарида эдим. Агар биздан ёрдам сўрашганида, бу муаммо бўлмасди. Айнан дронни парк узра учириб, керакли маълумотларни олиш мумкин эди. Ҳозир ҳам биз бунга шаймиз. Келинг, Kun.uz билан биргаликда шу ишни амалга оширамиз.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Мавзуга оид