Жамият | 16:30 / 13.07.2021
7884
4 дақиқада ўқилади

ССВ: Қайта чақириқлар «Тез ёрдам» бригадалари манзилга кечикиб боришига сабаб бўлади

Сўнгги вақтларда аҳоли орасида COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортаётгани сабабли Тошкент  шаҳар «103» тез тиббий  хизматига келиб тушаётган кунлик чақириқлар сони ҳам ошиб бормоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати шаҳар «Тез ёрдам» хизмати тизимида иш самарадорлигини ошириш, беморларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қандай ишлар қилинаётгани ҳақида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоевга мурожаат қилди.

— Сир эмас, шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазият мураккаб бўлиб турибди. Афсуски, мамлакатимиз, хусусан, Тошкент шаҳри аҳолиси орасида COVID-19 инфекциясига гумон қилинган, пневмония ва коронавирус касаллиги тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли хасталиклар билан касалланган фуқаролар томонидан «103» хизматига бўлаётган чақириқлар сони ҳам ортмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, айни пайтда шаҳар «Тез ёрдам» хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 5000-5100 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Жумладан, сўнгги беш кун ичида (8 июлдан 12 июлгача) 26 минг 421та чақириқ келиб тушган бўлса, шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ёки ташхиси қўйилган ва бошқа юқумли касалликлар билан 2340 нафарга яқин беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.

— Бугунги пандемия даврида аҳолининг «Тез ёрдам»га бўлган юқори эҳтиёжини қондириш мақсадида тизимда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?    

 — Аҳолининг «103» хизматига мурожаатлари сони ошиб бораётгани сабабли шу кунларда шаҳар «Тез ёрдам» хизмати автопаркига 65та янги автотранспорт воситаси олиб келинди ҳамда тиббиёт ходимларидан иборат қўшимча бригадалар ташкил этилди.

Шунингдек, чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш, уларни тез тиббий ёрдам бригадаларига тезкор равишда узатиш ҳамда тармоқда бирор бандлик ҳолатлари кузатилмаслиги учун Тошкент шаҳар «103» хизмати CALL-маркази операторлари сони қўшимча 40 нафарга оширилиб, жами 80 нафарга етказилди. Бу эса ўз навбатида тизимда иш сифатини янада яхшилаш имконини бермоқда.

— Баъзида аҳоли томонидан биргина бемор учун «Тез ёрдам» хизматига қайта-қайта мурожаат қилиши кузатилади. Бу ҳолат тизим фаолиятига қанчалик таъсир этади?

— Дарҳақиқат, кейинги вақтларда бир манзилга бир неча жойдан қайта-қайта чақириқлар келиб тушмоқда. Яъни бир беморга оила аъзолари, дўстлари, шунингдек, қўшнилари томонидан ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда. Айтиш лозимки, бу каби ҳолатлар пандемия даврида шундоқ ҳам тиғиз тартибда фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам хизмати ишини янада қийинлаштириб, «103» бригадаларига юклама ортишига сабаб бўлмоқда. 

Қолаверса, қайта чақириқлар туфайли битта манзилга бир вақтнинг ўзида иккита, учта, ҳатто, тўрттагача «Тез ёрдам» автомашинаси бориб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айтиш лозимки, бугунги кунда «103» хизмати тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизимига эга бўлиб, аҳолидан келиб тушаётган ҳар бир чақириқ тизим базасига киритилади. Яъни «Тез ёрдам» чақириш учун бир марта мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Қайта чақириқларга эса ҳожат йўқ.

Шу боис, фуқароларимиз бироз сабрли бўлишини, шошқалоқлик билан қилинган нотўғри ҳаракат бошқа бир бемор ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини ёдда тутишларини истар эдим.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид