Мамлакатдаги 94-95 фоиз чорвани етиштириб берувчи аҳоли вакилларининг кўпчилигида чорва боқишга жой, едириш учун озуқа йўқ.

Шу сабабли, одамлар бугун мол, қўйларини бозорда анча арзон нархда, асосан, қассобларга сотишга мажбур бўлмоқда.

Мутахассисларга кўра, аҳвол шу даражада давом этиб, шошилинч чоралар кўрилмас экан, мамлакатни жуда оғир оқибатлар: чорва сонининг камайиб кетиши, гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг эса кескин ошиши кутади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон чорвачилиги тушиб қолган бугунги оғир аҳвол, унинг сабаблари ва кўрилиши керак бўлган шошилинч чоралар юзасидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан интервью уюштирди.

— Бугун Ўзбекистон чорвачилиги тўқнаш келган мана шу оғир вазиятнинг сабаблари ҳақида гаплашсак. Нима учун биз бугун бу ҳолатга тушиб қолдик?

— Бизда ҳақиқатан ҳам яйлов-чўл минтақаларидаги ўсимликларнинг сони, айниқса, озуқавий қиймати юқори бўлган ўсимликларнинг камайиб бораётгани сезилмоқда.

Бу жуда кўп омиллар таъсирида юзага келаётган воқелик, деб ҳисоблайман. Аслида, яйлов ерларининг ҳосилдорлиги унча юқори бўлмайди, яхши бўлган йиллари гектаридан 3-4 центнергача ҳосил олиш мумкин, холос. Бу йилги каби ёғингарчилик кам йилларда бундан-да камайиб кетиши турган гап.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг яйлов-чўл минтақасида 23 млн. қўй-эчки боқиляпти. Майдонимиз эса 21 млн. гектарга етади. Бунда Қизилқум, Қарноқчўл, Қорақум каби жуда катта массивларни назарда тутяпман. Мана шу майдонларнинг маҳсулдорлиги пасайиши охирги йилларда жуда кучайиб кетди. Бунга сабаб эса яйловлар деградацияга учради. Қўполроқ қилиб айтганда, таназзулга учрай бошлади. Бунинг биринчи белгиси чўлланиш жараёни кучайганида кўринади. Мисол учун, аввал Қарноқчўлда 85 турдаги ўсимлик учраган бўлса, бугунги кунга келиб, 4-5 хил турдаги ўсимликни учрата оласиз, холос. Устига-устак бу ўсимликларнинг аксари жониворлар озуқаси учун ярамайди, чорва еса заҳарланади. Ҳолат шу даражага келиб қолган экан, яйловларда озуқавий ўсимликларни кўпайтириш масаласи долзарб бўлиб қолади. Шунинг учун биринчи йўналишда озуқавий қиймати юқори ва ҳосилбоп ўсимлик уруғларини кўпайтириш ва яйловларга экиш керак ва шу орқали яйлов ҳосилдорлигини ошириш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов