Божхона қоидалари: Ўзбекистонга дрон олиб кириш
Ўзбекистон Республикасига учувчисиз учар қурилмалар, яъни дронларни олиб кириш, улардан фойдаланиш, сотиш ва сотиб олиш – жиноят. Бунинг учун 10 йилгача муддатга қамашлари мумкин.
Албатта, қонунчиликда жазодан қутулиб қолиш имкони ҳам тақдим этилган. Бунда фуқаро қурилмасини ўз ихтиёри билан мутасадди идораларга топшириши лозим бўлади.
Шу билан бирга, истисно ҳолатлари ва дронларни вақтинча олиб кириш тушунчаси ҳам мавжуд.
Kun.uz'нинг “Божхона қоидалари” кўрсатуви навбатдаги сонида дронларни Ўзбекистонга вақтинча ёки доимий олиб кириш тартиби ҳақида сўз боради. Мавзу юзасидан Давлат божхона қўмитаси катта инспектори Аминжон Маҳмудов маълумот берди.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарори қабул қилинган. Унга кўра, учувчисиз учиш мосламалари, яъни дронларни олиб кириш тартибга солинган.
Дронларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, реализация қилиш ва ундан фойдаланиш тақиқланган. Лекин, истисно ҳолатлари ҳам мавжуд.
Масалан, “Геоинновация маркази” ДУК томонидан ер ресурслари, геодезия, кадастр, релъефларни тасвирга олиш ишларини амалга ошириш бўйича бу қурилмаларни республикага олиб киришга рухсат берилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида бу каби мосламалардан фойдаланишга рухсат берилади.
Шунингдек, божхона амалиётида вақтинча олиб кириш деган термин ҳам мавжуд. Бу ҳолатда дронлар олиб кирилади ва маълум бир мақсадда фойдаланилгандан сўнг, қайтариб олиб чиқиб кетилади.
Қуйидаги ташкилотларга истисно тариқасида дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган:
- Туризм ва спорт вазирлиги;
- Кинемотография агентлиги;
- Маданият вазирлиги.
Ушбу вазирлик ва ташкилотлар томонидан маълум ҳудудларда фильм олиш ёки тарихий обидаларни тасвирга тушириш мақсадида вақтинчалик олиб киришга рухсат берилган. Аммо бунда баъзи бир шартлар бор.
Мудофаа вазирлиги ҳамда авиахавфсизлик бўйича қўмитани огоҳлантирган ҳолда, ушбу идораларга дронлар ким томонидан олиб келиниши, қаерда фойдаланилиши ва унга жавобгар шахслар бўйича маълумотлар тақдим этилади.
Дронларни олиб кирувчи шахслар уларга шахсан жавобгар ҳисобланади. Бунда ваколатли органлар – ИИВ, ДСҚ, ДБҚ, ДХХ ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан уни назорат қилиш белгилаб берилган.
Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Жиноят кодексига 2444-моддаси қўшилиб, унга асосан рухсат этилмаган ҳолатда дронларни ўтказиш, олиб кириш, сақлаш, фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ўтган давр мобайнида дронларни олиб кириш билан боғлиқ божхона статистикасига эътибор берсак, 2020 йилда 11та дрон ноқонуний олиб ўтилишда ушлаб қолинган. Жорий йил 5 ойи мобайнида 9та дрон ушлаб қолинган ва белгиланган тартибда процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Тўпланган маълумотлар суд органларига тақдим этилади ва суд томонидан қонунчилик асосида тегишли ҳукм чиқаради. Қолаверса, ушлаб қолинган дронлар олиб қўйилади ва суд қарорига кўра мусодара қилинади.
Кўпчилик фуқаролар хорижга сафар қилиб Ўзбекистонга қайтганда ўйинчоқ сифатида, фарзандларига кўнгилочар ўйинчоқ тарзида дрон олиб келиши ҳолатлари кузатилиб туради. Яна бир бор эслатиш жоизки, Ўзбекистонда дронларнинг ҳар қандай турини олиб кириш тақиқланган, қонунни билмаслик эса, жазодан озод қилмайди”, – дейди Аминжон Маҳмудов.
Толиб Раҳматов тайёрлади.
Мавзуга оид
12:55 / 21.12.2024
Татаристон бўйлаб дронлар ҳужуми кузатилди
15:33 / 18.12.2024
АҚШдаги сирли дронлар: улар ҳақида нималар маълум?
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:12 / 13.12.2024