Жаҳон | 16:14
2868
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин

Немис терговчиларининг фикрича, Германия ҳудуди узра учувчисиз учоқ рейдлари ортида Россия Мудофаа вазирлигининг Денгиз тубини тадқиқ қилиш бош бошқармаси - жосуслик учун масъул бўлган денгиз флоти махсус бўлинмаси турган бўлиши мумкин.

Фото: AFP

Германияда яна саноат ва ҳарбий объектлар устида дронларнинг шубҳали парвозлари қайд этилмоқда. Бу ҳақда Германиянинг NDR ва WDR телеканалларининг 13 декабр, жума куни эълон қилинган қўшма материалида айтилади.

Германия узра дронлар

Номаълум дронлар Германия шимолида илк бор август ойида пайдо бўлган. Брунсбюттел ҳудудида улар ChemCoast Park саноат парки, ишламаётган атом электр станцияси, СТГ терминали, Кил канали ва унинг шлюзлари устидан учиб ўтган. NDR ва WDR маълумотларига кўра, булар тезлиги соатига 100 кмдан ошадиган жуда тез УУА бўлган. Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг фикрича, бундай йўл билан фақат ҳарбий учувчисиз учиш қурилмалари, қаноти ҳаракатсиз равишда учиб ўтиши мумкин.

Энди, ноябр ойининг охиридан бошлаб, Людвигсхафен яқинидаги BASF концерни заводлари, шунингдек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Европадаги штаб-квартираси жойлашган Рамштайн авиабазаси узра учувчисиз учоқлар пайдо бўла бошлади. Der Spiegel нашрининг ёзишича, декабр ойи бошида Rheinmetall мудофаа концерни корхоналари устида ҳам дронлар кузатилган. Улар асосан тунда учиши айтилади.

Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди

Буюк Британияда бир нечта номаълум дронларнинг учта ҳарбий база устидан учиб ўтгани қайд этилди, деб хабар берди The Guardian газетаси 23 ноябр куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вакилларига таяниб.

Ҳисоботга кўра, дронлар 20—22 ноябр кунлари Саффолк графлигидаги Лейкенхит ва Милденхолл ҲҲК базалари, шунингдек, Норфолкдаги Фелтуэлл базаси узра пайқалган. АҚШ ҲҲК расмийларининг айтишича, дронларни душманга тегишли деб ҳисоблаш мумкинми ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

АҚШ ҲҲКнинг Европадаги вакили сўзларига кўра, УУА ўлчамлари ва конфигурацияси жиҳатидан фарқ қилади ва уларнинг мавжудлиги база аҳолисига ёки муҳим инфратузилмага таъсир қилмаган. Ҳарбийлар ҳаво ҳудудини кузатишда давом этмоқда ва хавфсизликни таъминлаш учун Буюк Британия расмийлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Британия Мудофаа вазирлиги ҳар қандай таҳдид жиддий қабул қилиниб, мудофаа иншоотларида зарур хавфсизлик чоралари кўрилаётганини қўшимча қилди.

Август ойида Россия Германиянинг Гайленкирхен шаҳридаги НАТО ҳаво базасида дронлар ёрдамида диверсия уюштиришни режалаштираётгани маълум бўлган эди. У ерда узоқ масофали радарлар ва сенсорлар билан жиҳозланган 14 та Boeing E-3A Airborne Warning & Control System (AWACS) самолёти мавжуд. Улар узоқ масофаларда ҳаво ва сувусти нишонларини аниқлашга қодир.

Мавзуга оид