Ўзбекистон | 10:02 / 15.07.2021
8573
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг навбатдаги партияси олиб келинди

Тошкентга Россиядан «Спутник V» вакцинасининг 70 минг дозалик 1-компоненти, 20 минг дозалик 2-компоненти етказиб берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун, 15 июль куни тунда Ўзбекистонга Россиядан коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг 70 минг дозалик 1-компоненти, 20 минг дозалик 2-компоненти олиб келинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу кунга қадар «Спутник V» вакцинасидан апрель ойида 2 партия (унинг 50 минг дозаси 1-компонент, 50 минг дозаси 2-компонент), июнь ойида 2 партия (70 минг дозалик 1-компоненти ва 70 минг дозалик 2-компоненти), июль ойида 1 партия (40 дозалик 1-компоненти) олиб келинган эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси захираси 370 минг дозага етди. Жами вакцина захираси 7 миллион 530 минг дозани ташкил қилмоқда. Шундан 660 минг дозаси AstraZeneca, 6,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.

14 июль ҳолатига кўра, 5 миллион 275 минг доза вакцина эмлаш жараёнларида қўлланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот беришича, жорий йилнинг 20-25 июль кунлари ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидан яна 4 млн доза олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, август ойида «Спутник V» вакцинасидан 160 минг доза ҳамда август-сентябрь ойларида COVAX дастури доирасида яна 660 минг доза (AstraZeneca ёки Moderna) вакциналари олиб келиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид