Жаҳон | 11:24 / 15.07.2021
36045
15 дақиқада ўқилади

Путин руслар ва украинларнинг бирлиги ҳақида мақола ёзди. Мутахассислар у «мактаб болаларига хос» хато қилганини айтишмоқда

Алексей Никольский / Pool / ТАСС / Scanpix / LETA

Россия президенти Владимир Путин руслар ва украинларнинг бирлиги, битта миллат экани ҳақида катта мақола ёзди. Россия етакчисининг мақоласи Кремль расмий сайтида рус ва украин тилларида эълон қилинди. Путин ҳар куни ҳам мақола ёзавермайди, шу сабаб сиёсатчининг материали кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мутахассислар мақолани ҳижжалаб текшириб чиқишди. Баъзи илм кишиларининг фикрича, Путин мақолада «мактаб болаларига хос» тарихий хатога йўл қўйган. Хўш, Путиннинг мақоласида нималар ёзилган ўзи?

«Анти-Россия» лойиҳаси

Путин мақоланинг охирги қисмида оз эмас, кўп эмас нақ 8 марта қандайдир «анти-Россия» лойиҳаси ҳақида гапирган. Унинг фикрича, Ғарб Украинада мана шундай лойиҳани амалга оширишни бошлаган. BBC эндиликда Россия президенти машҳурлаштираётган «анти-Россия» ибораси муаллифи билан боғланиб, бу борадаги фикрлари билан қизиқди. Яна кўплаб тарихчилардан мақоладаги фактлар ҳақида сўради.

«Қадамба қадам Украинани Россия ва Европа ўртасидаги чегарага айлантириш бош мақсад бўлган сиёсий ўйинга аралаштиришди. Украина – Россия эмас деган лойиҳа уларни ортиқ қаноатлантирмай қўйди ва янги – биз ҳеч қачон кўнмайдиган «анти-Россия» лойиҳаси керак бўлиб қолди», деган Путин. У Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучманинг «Украина – Россия эмас» китобига ишора қилгани сезилиб турибди.

Путин айнан «анти-Россия» ибораси орқали мамлакат шарқидаги урушга таъриф берган. «Миллионлаб украиналиклар «анти-Россия» лойиҳасини рад этишди. Қримликлар ва севастополликлар ўзларининг тарихий қарорларини қабул қилишди. Мамлакат жануби-шарқидаги одамлар эса тинч йўл билан ўз позициясида туришни истади. Бироқ уларни болалари билан қўшиб террорчи ва айирмачига чиқаришди», деган Путин. Россия президенти Украина жануби-ғарбидаги уруш россиялик Игор Стрельков бошчилигидаги қуролли одамлар Славянск шаҳрини эгаллаб олганидан кейин бошланганини айтмаган.

«Ғарблик «анти-Россия» лойиҳаси муаллифлари Украина сиёсатини президентлар, депутатлар, вазирлар ўзгарса ҳам, Россияга ёв қараш ва ундан алоҳидалик сиёсати ўзгармаслигини истамоқда. Бу лойиҳада суверен Украинага ва ҳақиқий мустақиллигини ҳимоя қилишга уринадиган сиёсий кучларга жой йўқ», деб ёзади Путин.

«Анти-Россия» лойиҳаси қачон пайдо бўлган?

Бундай катта масштабдаги лойиҳа мавжудлиги ҳақида 2010 йил «Столетие.ру» сайтидаги «Грузияни ЖАР (Жанубий Африка Республикаси) фермерлари қутқаради» сарлавҳали мақолада эълон қилинади. Мақолада «анти-Россия» лойиҳасини Михаил Саакашвили амалга оширишга уринаётгани ҳақида айтилганди.

2011 йил «ЭКСМО» нашриёти «Анти-Россия лойиҳаси» серияли туркум китобларни нашр қилди. Хусусан, «Деллас доктринаси амалда», «Збигнев Бжезинский: Россияни шахмат пиёдасига айлантириш» номли китоблар чоп этилади.

Бу лойиҳанинг «юқори даражада тан олиниши» 2012 йилда кузатилади. Украина Олий радасига уч марта сайланган депутат Владимир Марченко Regnum нашрида «Россия, Украина ва Беларусь бирдамлиги учун курашда алданган халқ томонда бўламан» сарлавҳали мақола эълон қилади. Мақолада хусусан шундай сўзлар бор эди: «2002 йилдан буён Украинадаги геосиёсий конфликтларда сотқин сиёсатчилар ва олигархларнинг қўли билан АҚШ ва НАТО «анти-Россия – Украина НАТО томон» лойиҳасини амалга ошира бошлади. Шундан буён мен ва партиямиз сиёсатчиларини ажратиб қўйиш, камситиш бошланди».

2012 йил 2 октябрда «эстафета таёқчаси»ни фантастик ёзувчи Лев Варшинин олади. У ҳозирда «Роснефть» компанияси матбуот котиби сифатида ишлаётган Михаил Леонтьев бошчилигида чоп этиладиган «Однако» журналида «АҚШга ҳеч қанақа Украина эмас, анти-Россия керак» сарлавҳали мақола эълон қилади. Кейинчалик ёзувчи «анти-Россия» лойиҳаси ҳақида турли нашрларда ўнлаб чиқишлар қилади.

Рада депутати Владимир Марченко 10 йил олдин айтган гаплари Путин томонидан «маъқуллангани»дан хурсанд бўлгани аниқ. Ахир унинг фикри кимсан Путинники билан бир хил бўлди. Сиёсатчи Кремль ва Путинга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини яна бир таъкидлаган ҳолда Россия президентининг мақоласи ҳақида шундай деди: «Бу унинг шахсий қараши. Ҳа, Путиннинг фикри мен ва партиямиз етакчиси Наталя Витренконинг хулосалари билан бир хил бўлди. Ташқаридаги Украинани колониялаштириш билан шуғулланувчиларнинг ғоявий режаси айнан «анти-Россия» эди. Путиннинг бу фикрларига қўшиламан, бу гапни ҳозир айтгани учун эмас, унинг фикрлари у ҳали ухлаб ётганида биз қилган хулосалар билан бир хил бўлгани учун».

Айни дамда Испанияда яшаётган фантастик ёзувчи Лев Вершинин эса «анти-Россия» терминини айнан у ўйлаб топганини таъкидлайди. «Мен бу тушунчани айни ҳолатида ишлатган биринчи одамман. Ҳа, мен «анти-Россия» иборасини ўйлаб топдим, лекин унга муаллифлик даъво қилолмайман. Шунчаки ўз блогимда «Путиннинг олдида мен ким бўлибман? Шунчаки охирги 17-18 йилда оиламни айнан келажакда нима бўлишини тўғри тахмин қила олганим учун боқиб юрибман», деб ёзишим мумкин.

«Ишонинг, «анти-Россия» лойиҳаси чиндан мавжуд. Уларнинг наздида давлат бўлмаган шунчаки Россия деган модул бор ва уни парчалаш учун қўлларидан келганини қилишмоқда. Бу ҳақда бир вақтда Бжезинский ёзган эди. Шўрлик Украина эса бу борада Россияга қарши болта сифатида ишлатилмоқда, холос», дейди ВВС билан суҳбатда Вершинин.

Кўпчилик бу ҳақда гап кетганда Бжезинскийнинг гапларини эслайди. Хўш, у ўзи нима деган эди? Мана бундай: «Россияда ёки империя ёки демократия бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон иккаласи бир вақтда бўлиши мумкин эмас. Украинасиз Россия империя бўлмай қолади. Аввалига сотиб олинган, кейин эса бўйсунувчи Украина билан империя бўлади-қолади», деган эди Збегнев Бжезинский 1994 йил «Аввало ҳамкорлик» мақоласида.

Ёзувчи Вершининнинг айтишича, «анти-Россия» иборасини Бжезинский ҳам эмас, ундан олдинроқ яшаган, Польшанинг Россия империяси тугаганидан кейинги биринчи етакчиси Юзеф Пилсудский ишлатган. Унгача эса 19 асрда яшаган польшалик этнограф Францишек Духинский ҳам бу иборага урғу берган. Дарвоқе, айнан шу инсон рус миллатининг келиб чиқиши осиёликларга бориб тақалиши ҳақида гапирган. Ёзувчига қолса, «анти-Россия» иборасини милоддан аввалги даврларга ҳам тақаб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас, аммо у яхши ҳам 19 асрда тўхташга қарор қилган.

Вершинин 2002 йил ўз блогида ёзган гапларини бугунги кунда шахсан Путиннинг ўзи ривожлантирмоқда. «Бир вақтда польяклар ва кичик рус интеллегенцияси орасида рус ва украин миллатларининг алоҳида бўлгани ҳақида қарашлар пайдо бўлди. Ваҳоланки, уларда ҳеч қандай асос йўқ эди. Бу борадаги қарашлар ҳам ғалати: баъзилари руслар славян, украинлар эса славян эмас дейишса, бошқалар аксинча – украинлар ҳақиқий славян, руслар, «москваликлар» эса йўқ, дейишади. Бундай асоссиз фаразлардан сиёсий ўйинларда фойдаланишди. Масалан, 19 асрда Австрия-Венгрия ҳукумати бу гаплардан Польша миллий ҳаракатида фойдаланишган», деб ёзади Путин мақоласида.

Вершинин Путин 2021 йилга келиб эслаб қолган иборани 2002 йил ўз блогида ёзганини мақтаниб юрган вақтда 2013 йил июлида, Киевда инқилоб бошланишидан 3 ой, Қрим босиб олинишидан эса 8 ой аввал шундай конференция бўладики, унинг бўлганига 2021 йилда туриб ишониш жуда қийин.

Ўша конференцияда кимлар қатнашганига эътибор беринг: Украинанинг бўлажак президенти Петро Порошенко, Россия Либерал демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский, Украина Коммунистик партияси етакчиси Петро Симоненко, ўша вақтда Россия Думаси спикери бўлган ва ҳозирда Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари сифатида ишлаётган Сергей Наришкин, Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Сергей Глазе, Россия Миграция хизмати раҳбари Константин Ромадановский ва Украинадаги «Антонов» авиазаводи бош конструктори Дмитрий Кива. Зўр таркиб, шундай эмасми?

Ўшанда сўзга чиққан Порошенко шундай деган эди: «Ноодатий нимадир айтмоқчи эмасман, шунчаки ташкилотчиларга бу ерда бир-биримизни эшита олиш имконини тақдим этишгани учун раҳмат айтаман. Учрашув мен 20 йил аввал тажриба ўтаган ва мен учун қадрдон бўлган Москва ташқи алоқалар олийгоҳида бўлаётгани алоҳида аҳамиятли. Рус дипломатияси кўп мамлакатлардаги бир нечта дипломатлар авлоди шаклланишида асос вазифасини ўтаган десам, муболаға бўлмайди».

Одатда рус сиёсатида очиқча айтилмайдиган гапларни гапирувчи вазифасидаги Жириновский бугун Путин илгари сураётган ғояларни бошқачароқ, дангал қилиб айтганди: «Ҳамма миллатлараро алоқалар қуйидаги жиҳатларга асосланади: ҳудуд, иқтисодиёт, тил. Ва ҳудудни ажратиш шарт эмас. Собиқ иттифоқ совға қилган Донбасс, Қрим, Черновци, Карпат ортининг Украинага умуман алоқаси йўқ. Карпат орти ёки Венгрия, ёки Карпат орти Русига тегишли. Украинанинг умуман бу ерларга алоқаси йўқ».

Ўшанда сўзга чиққан Виктор Янукович давридаги Украина таълим вазири Дмитрий Табачник шундай деганди: «Украинани Россияга қарши лойиҳа сифатида ишлатиш доим оғир оқибатларга олиб келган. Яқиндагина Тимошенко ва Юшченконинг «зарғалдоқ режими» худди шу ишни «анти-Россия» лойиҳаси доирасида амалга оширишга уринди».

Шундан буён «анти-Россия» лойиҳаси рус нашрларида роса айланди. Кремль расмий сайтида эълон қилиниши эса иборани тарихий ҳақиқатга айлантира олгани йўқ. Ҳозирча, албатта.

Путин мақоласида Украина номи тарихий окраина (шаҳар чеккаси, олис ҳудуд маъносида) сўзидан олинганини айтган. Ҳозирги Украина давлатини эса Путин «советлар даврининг фарзанди» деб атаган. У Украинадан чиққан Хрушчев ва Брежнев ўз вақтида СССРни бошқарганини эслатган. Шунингдек, Путин болшевиклар чегараларни бўлаётганда тантилик қилиб Украинага кўп ҳудудларни бериб юборишгани, «Россия талангани»ни айтган.

Путиннинг фикрича, СССР тарқалаётган вақтда унинг Санкт-Петербург мэриясидаги хўжайини Анатолий Собчак айгани каби «Нима билан келган бўлсангиз, шу билан кетинг» сиёсатини қўллаш керак бўлган.

Путиннинг мақоласи Кремль расмий сайтида рус ва украин тилларида эълон қилингани Украинанинг ижодкор президенти Владимир Зеленскийни беэътибор қолдирмади: «Путин украин тилида мақола ёзибдими, демак биз ҳаммасини тўғри қиляпмиз. Унинг тил ўрганишга вақт топиб, мен билан учрашишга вақт топмаётгани ғалати. Қизиқ, бу урушдаги ғалаба ҳақида гапирилганда эсланмаймиз, лекин бошқа ҳолатларда дўст миллат эканимиз эсларига тушиб қолади. Русчасига айтганда бу дўстона иш эмас», деган Украина етакчиси.

«Украинлар ва руслар – битта миллат»

Киевнинг 1835 йилдаги кўриниши
Fine Art Images / Heritage Images / Getty Images

Путин миллатлар бирлиги ҳақида шундай деган: «Руслар, украинлар, беларуслар – Қадимги Рус авлодлари. Славянлар ва атрофдаги бошқа қабилалар катта ҳудудда – Ладог, Новгород, Псковдан Киев ва Черниговгача битта тилда (бу тилни ҳозирда қадимги рус тили деймиз) хўжалик алоқаларида, Рюрикович сулоласи князлигида бирлашган».

Тарихчи: «Путин мактаб боласига хос хато қилган»

Тарихчи Константин Ерусалимскийнинг айтишича, Путин славянларни эътиқод ва тил борасида бирлаштириш орқали жиддий тарихий хатога йўл қўйган. Тарихчи фикрини қуйидагича изоҳлайди.

Константин Ерусалимский

«Путиннинг фикрича, Қадимий Рус барча славян ва бошқа қабилаларни бирлаштирган. Бироқ Рюриковичлар ҳукумати барча славян қабилаларини ҳам бирлаштира олмаган. Шунингдек, Путин айтган «бошқа қабилалар» улар билан герман, турк, фин, балтика, семит ва бошқа тилларда гаплашган. Албатта, Путин учун тил бирлиги муҳим бўлиши мумкин, аммо у айтган ерлардаги славянлар ҳам бошқа-бошқа рус тилларида гаплашиб, ёзишган.

Путин барча славянлар гўёки битта православ эътиқодида бирлашганини айтган. Унинг фикрича, насронийлик ва Авлиё Владимирнинг эътиқодий танлови украин ва русларнинг бирлигидан дарак беради. Мақола муаллифи украинлар ва руслар битта эътиқодда бирлашишини жуда хоҳлаган, лекин бу навбатдаги абсурд. Украина ва Россиянинг аксар қисмида насронийлик 18-19 асрдаёқ асосий конфессия бўлмай қолган. Рус насронийлигида ҳам, православликда ҳам кейинчалик бўлинишлар кузатилди», деб ёзади тарихчи.

Андрей Зубов

Тарих фанлари доктори Андрей Зубовнинг фикрича, 14 асрдаёқ буюкруслар, украинлар ва беларуслар алоҳида миллат сифатида ажрала бошлаган. Олтин Ўрда таъсирида қолган шарқий Русда ўшандаёқ қадриятлар, яшаш тарзи ўзгача, ғарбий қисмида эса ўзгача бўлган. «Европа ренессанси албатта, жаннат бўлмаган, бироқ Олтин Ўрда таъсирида яшашдан яхшироқ бўлган. Шу сабаб Украина ва Беларусь қадриятларига кўра ғарбга мойилроқ бўла бошлаган», дейди тарихчи.

Профессор Юрий Шапалов Путиннинг мақоласидаги гаплар Украина ва Россия бирлашганининг 300 йиллиги арафасида эсланганига эътибор қаратган: «Бу тезислар ўз вақтида компартия аъзоларининг ҳам калит сўзлари бўларди. Ҳақиқий профессионаллар бундай гапларга жиддий танқидий кўз билан қарашади. Путин ва атрофидагилар эса табиийки улардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади. Уларнинг мақсади эса аниқ – янги бирлашиш».

Тарихчи Юрий Шапалов мақоладаги Хрушчев ва Брежнев ҳақидаги гапларни ҳам сафсата деб атаган. Унинг фикрича, бу икки сиёсатчининг миллати рус бўлмаганида бундай лавозимга эришмаган бўларди. Шунчаки, уларнинг фаолияти Украина билан боғлиқ бўлган, дейди тарихчи.

Александр Алферов

Тарихчи Александр Алферов бу борада фикрларини кескин оҳангда билдирган: «Бу этикадан асар ҳам бўлмаган ифлос манипуляция. Украина болшевиклар босқинига қадар 1919-20 йилгача СССРдан чиққан вақтига қараганда 200 минг квадрат километр каттароқ ерга эга бўлган. Белгород, Куршиннинг ғарбий қисми, Воронеж, Белгородшини Украинаники бўлган. Қрим ҳам Украинаники эди. Биз СССР таркибига кирмадик, болшевиклар бостириб кириб мустақил Украина давлатини эгаллашди ва ҳудудини бўлиб ташлашди».

Мавзуга оид