Бир вақтлар Афғонистон ҳудуди Хуросон номи билан мусулмон маданияти, илми ва иқтисоди маркази бўлган. Амир Темур салтанатининг муҳим таянчларидан бири Ҳирот шаҳри эди. Темурийлар низолари йирик давлат парчаланишига олиб келса-да, Хуросон яхлит мамлакат мақомини сақлаб қолган ва юксалишда давом этган. Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий даврида дунё нигоҳидаги нуқталардан бирига айланган.

Бу кўҳна тарих. Афғонистоннинг фаровон яшаган, илм-фан, маданият, иқтисод ривожланган замонавий тарихи ҳам бор.

1979 йилда совет қўшинлари киритилишини тарихнинг ўзига хос бурилиш нуқтаси деб аташ мумкин ва шундан кейин Афғонистон буткул урушлар гирдобига шўнғиб кетди. Бу сана ҳам шартли албатта, чунки бунга қадар ҳам Афғонистонда тахт талашишлар, давлат бошқарувидаги ўзгаришлар, йирик уруғлар, миллатлараро зиддиятлар мунтазам содир бўлиб келган. Бироқ бу урушлар давлатчилик асоси – умумий тинчлик орқали фаровонликка эришишга жиддий таъсир қилмаган.

1919 йилда отасининг ўлимидан сўнг амакисини ағдариб тахтга чиққан Омонуллахон Афғонистонни Британиядан мустақил деб эълон қилади. Ҳокимиятдан руҳланган Омонуллахон инглизларга қарши уруш бошлаб юборади, аммо қатор мағлубиятларга учрайди. Шунга қарамай, Британия Афғонистон мустақиллигини тан олади.

Ундан кейин турли йилларда Ҳабибулло, Нодиршоҳ, Зоҳиршоҳ, Муҳаммад Довуд каби шахслар давлат тепасига келишади ва уларнинг ҳар бири ўзига хос янги тузум ўрнатишга ҳаракат қилишади. Аммо энг асосий муаммо шунда эдики, давлат раҳбарининг миллий этник келиб чиқишига жиддий қаралар, бошқа миллат ёки элатлар дарҳол ошкора ёки пинҳона мухолифатга киришиб кетишарди.

Тоғлар орасида, чекланган ҳудудларда узоқ вақт ўз қонунлари билан яшаган уруғлар бошқа бировга бўйсунишни тасаввур ҳам қила олишмасди.

Шунга қарамай, иккинчи жаҳон урушидан кейинги ўн йилликларда Афғонистон барқарор давлат сифатида шаклланиб, ривожланиб борди. Қатор университетлар очилди, зиёли одамларнинг нуфузи ошиб борди, ривожланган давлатлар, ҳатто АҚШдан келиб доимий ишловчилар пайдо бўлди. Саноат ривожланди, афғон матолари, гиламлар экспорти кескин ошди (дарвоқе, ҳануз бу йўналиш давлатга тушумларнинг салмоқли қисмини ташкил этади).

Туризм ривожланди, улкан иншоотлар фойдаланишга топширилди. Таълим, тиббиёт ривожланди, афғон жарроҳлари мураккаб операцияларни амалга ошира бошладилар. Аёллар ҳуқуқлари бўйича қатор муваффақиятларга эришилди. Умуман, аёлларнинг бу давлатда эмин-эркин ҳаёт кечирган даври ана шу қисқа вақтга тўғри келади.

Маданият гуллаб-яшнади. Буни бир инсон мисолида тушунтиришнинг ўзи кифоя. Афғон хонандаси Аҳмад Зоҳир айни шу даврда яшаб ижод этди. 33 йилгина яшаб, улкан маданий мерос қолдирган бу ҳофизга машҳурлик борасида ҳалигача форсийда куйловчи бирор санъаткор ета олгани йўқ.