Шавкат Мирзиёев АҚШ делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни пойтахтимизда ўтаётган халқаро конференция доирасида Америка Қўшма Штатлари президенти маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари ва халқаро сиёсат масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари жадал суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Элизабет Шервуд-Рэндалл Ўзбекистон президентига АҚШ президенти Жозеф Байденнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари АҚШ маъмурияти томонидан юксак баҳоланаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватланди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш масалалари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, шу жумладан пандемияга қарши курашиш ва аҳолини эмлаш, АҚШнинг етакчи компания ва банклари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш муҳокама қилинди.
Афғонистонда юзага келган вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Тошкент халқаро конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёев Озарбойжон бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев билан ҳам учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳин Мустафоев давлатимиз раҳбарига Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика лойиҳаларини илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш, биринчи Ҳудудлараро форумни ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Мавзуга оид
20:19
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024