Иқтисодиёт | 21:38 / 17.07.2021
12992
4 дақиқада ўқилади

Йилнинг 1-ярмида ўзбекистонликлар тўлаган солиқлар ҳақида маълумот берилди

2021 йилнинг биринчи ярмида давлат солиқ органлари даромадлари 61,4 трлн сўм, божхона тушумлари 15 трлн сўм бўлди.

Январь-июнь ойларида давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн сўмга кўпайди. Бунда деярли барча солиқ тушумларида ўсиш кузатилди.

Молия вазирлиги давлат бюджетининг 1-ярим йиллик даромадлари бўйича ҳисоботни тақдим этди.

Бевосита солиқлар бўйича даромадлар ўзгариши

2021 йилнинг I ярмида фойда солиғи бўйича тушумлар 18,6 трлн сўм бўлди ва даромадлар ўтган йилнинг мос даврига қараганда 6,8 трлн сўмга ошди.

Фойда солиғи тушумларининг 12,6 трлн сўми (67,8 фоизи) олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган ярим йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 8,8 трлн сўмни (ўсиш 1,5 трлн сўм), жумладан иш берувчилар томонидан тўлов манбайида ушлаб қолинадиган солиқ 8,1 трлн сўмни ташкил этди.

Айланмадан олинадиган солиқ тушумлари эса 932,4 млрд сўм бўлди ва ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 302,7 млрд сўмга кўпайди.

Билвосита солиқлар бўйича даромадлар ўзгариши

Ўтган 6 ой давомида давлат бюджетига қўшилган қиймат солиғидан 16,8 трлн сўм келиб тушди. Бу 2020 йилнинг мос давридан 2,5 трлн сўмга кўп дегани.

Хусусан, солиқ органлари назоратидаги ҚҚС тушумлари 12,2 трлн сўм бўлди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5 фоизга ошди. Бунда даромадлар нефть-газ тармоғи (14,1 фоиз), электр энергияси ишлаб чиқарувчилари (8,3 фоиз), мобиль алоқа операторлари (3,9 фоиз), автомобиль саноати (2,5 фоиз), тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари (1,6 фоиз) соҳалари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, божхона органлари томонидан ундириладиган ҚҚС 12,2 трлн сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига қараганда 55,5 фоизга ўсди.

Тушумларнинг асосий қисми:

  • автомобиль ва эҳтиёт қисмлар (87-товар гуруҳи) бўйича 1,4 трлн сўм;
  • буғдой 313,1 млрд сўм;
  • ёқилғи 438,5 млрд сўм;
  • ёғоч материаллари 301,8 млрд сўм;
  • цемент 119,5 млрд сўм ҳисобидан шаклланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида акциз солиғи тушумлари 6,3 трлн сўмни ташкил этди (8,4 фоизга ўсди). Хусусан, божхона идоралари томонидан 167,2 млрд сўм акциз солиғи ундирилди.

Январь-июнь ойларида ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича жами тушумлар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 трлн сўмга ошиб, 11,3 трлн сўм бўлди. Жумладан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари қарийб 8 трлн сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига қараганда 5,5 фоизга ўсди.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан тушумлар жорий йилнинг биринчи ярмида 2 баробарга ошди ва 317,9 млрд сўм бўлди.

Биринчи ярим йилликда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тушумлар ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 1 трлн сўмга ўсди ва тахминан 3 трлн сўмни ташкил этди. Бунда ресурс солиқлари бўйича умумий тушумларда мол-мулк солиғи ва ер солиғи улуши жорий йилда ўтган йилдаги 20,5 фоиздан 26,7 фоизгача ошди. Тушумларнинг асосий улуши (67,6 фоиз) юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқларга тўғри келади.

Мавзуга оид