Жаҳон | 21:09 / 23.07.2021
7498
2 дақиқада ўқилади

Audi ўзининг энг кичик моделини ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда

Фото: Audi

Германиянинг Audi компанияси A1 деб номланувчи ўзининг энг кичик моделини ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Маркус Дюсманнга таяниб Motor1 хабар бермоқда.

Audi раҳбарининг сўзларига кўра, компания келажакда асосан электромобиллар ишлаб чиқаришга эътибор қаратади. Шу билан бирга, Audi A1 каби кичик моделларни электр энергиясига ўтказиш режалаштирилмаган, чунки бу иқтисодий жиҳатдан фойдасиз ҳамда компания учун қимматга тушади.

Немис автомобиль бренди электр двигателли автомобиллар чиқаришга ўтиши шу йилнинг июнида маълум бўлган. Компания 2026 йилдан электромобиллар ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтишни мўлжалламоқда.

2033 йилда Audi ички ёнув двигателли автомобиллар моделларини ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатади. Шу билан бирга, компания дунёдаги энг катта автобозор бўлган Хитойда бензин ва дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи автомобилларга бўлган талаб 2033 йилдан кейин ҳам сақланиб қолишига умид боғламоқда. Шу сабабли немис бренди 2033 йилдан кейин ҳам маҳаллий бозорда анъанавий машиналарни чиқаришни давом эттириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид