Фан-техника | 19:52 / 23.07.2021
50574
2 дақиқада ўқилади

Mercedes 2030 йилга бориб тўлиқ электромобил ишлаб чиқара бошлайди

Фото: daimler.com

Mercedes 2030 йилга бориб ички ёнув двигателларида машиналар ишлаб чиқаришни тарк этиб, бутунлай электромобиллар ишлаб чиқара бошлайди. Бу ҳақда машҳур брендга эгалик қилувчи Daimler компаниясининг релизида сўз боради.

2025 йилдан бошлаб Mercedes’нинг барча моделлари электр энергиясида ишлайдиган бўлади. Бироқ кейинги беш йил давомида компания заводлари ички ёниш двигателлари билан жиҳозланган эски моделларни ишлаб чиқаришни ҳам давом эттиради.

Шунингдек, компания дунё бўйича электромобиллар учун батареялар ишлаб чиқарадиган саккизта янги завод қуришни ва зарядловчи станцияларининг глобал тармоғини яратишни режалаштирмоқда. Ушбу мақсадлар учун Mercedes 40 миллиард евро ажратган.

14 июль куни Еврокомиссия иқлим ўзгаришига қарши кураш режасининг концепциясини тақдим этди. Ушбу режанинг бандларидан бири 2035 йилдан бошлаб Европа Иттифоқи ҳудудида ички ёнув двигателли автомобилларни сотишга тўлиқ тақиқ қўйишдан иборат.

2021 йил июн ойи охирида Audi ички ёнув двигателли автомобиллардан воз кечишини эълон қилган эди. Компания 2026 йилдан электромобиллар ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтишни мўлжалламоқда.

Мавзуга оид