Хусусан, тумандаги фаолияти энг замонавий усулда ташкил этилган «Бойсун чорваси» фермер хўжалиги қорамолларни нобуд бўлишдан сақлаб қолиш мақсадида хориждан келтирилган наслли чорванинг бир қисмини сотиб юборишга мажбур бўлган.

Аслида бу қорамоллар кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, бозорни гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида олиб келинган эди. Фермернинг мурожаатини ўрганиш асносида муаммо кўлами аслида ўйлаганимиздан ҳам кенгроқ, гап фақат «Бойсун чорваси»да ҳам эмаслигига амин бўлдик.

Тадбиркор Илёс Усмонов раҳбарлигидаги «Бойсун чорваси» фермер хўжалиги 2013 йилда ташкил этилган. Дастлаб маҳаллий чорва моллари боқилган бўлса, 2018 йил Австриядан 120 бош симентал зотли чорва олиб келинган. 7 миллиард сўмга бу чорва учун ферма қурилган.

«Хориждан чорва олиб келишдан мақсад уларни кўпайтириш, шу орқали фаолиятимни кенгайтириш эди. Чунки наслли моллар билан ишлаб чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларини бир неча бараварга кўпайтириш мумкин. Лекин чорвани олиб келганимдан буён ҳозиргача озуқа базаси яратиш энг катта муаммо бўлиб келяпти. Озуқа базаси яратиш учун фермер хўжалигига ер керак. Чорвага керакли озуқалар унда етиштирилиши лозим. Ерсиз фермер қаергача бора олади?

Фаолиятимни бошлаган вақтда 35 гектар сувли ер бор эди, ҳозир ҳам шунча. Меъёр бўйича озуқа базасини яратиш учун ҳар бир қорамолга 50-60 сотих ер тўғри келиши керак. Қолаверса бугунга келиб чорва сони 300 дан ошган. Яна йил охиригача 60 та чорвамиз болалаши кутиляпти.

Туман ҳокимлигига, вилоят ҳокимлигига, бош вазир қабулхонасига ҳам мурожаат қилдим. Аммо масалага ечим йўқ. Бош вазирга қилган мурожаатимга жавобан туман ҳокимлиги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга асосан ер тендерга қўйилиши, ғолибларга ҳоким қарори билан ер берилишини маълум қилди. Ҳозирда тендерга қўйиш учун ер майдонлари ўрганилаётгани айтилди, аммо бунга ҳам қарийб бир йил тўлди ҳамки, муаммога ечим йўқ.

Аслида бу қорамоллар озуқаси беда, маккажўхори поя ва ёрмаси, сенаж, кепак каби 12 турдаги маҳсулотлар билан боқилиши керак. Биз эса сомон билан боқишга мажбур бўляпмиз. Ҳолбуки, сомон чорванинг остига тўшалиши керак. Ҳар бир қорамолимиз 30 литрдан кам сут бермаслиги керак. Биз эса етарли озуқа бўлмагани учун 15 литр ҳам сут ололмаяпмиз», — дейди Илёс Усмонов.