Спорт | 17:49 / 31.07.2021
7247
1 дақиқада ўқилади

Грузиялик икки дзюдочи коронавирус чекловларини бузгани учун Олимпиададан четлаштирилди

Улар Токионинг диққатга сазовор масканларини томоша қилиш учун Олимпия қишлоғини тарк этиб чеклов қоидаларини бузган.

Лаша Шавдатуашвили / Фото: Reuters

Грузиялик икки нафар дзюдочи коронавирус чекловларини бузгани учун Олимпиада ўйинларидан четлаштирилди ва Токиони тарк этди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, улар Токионинг диққатга сазовор масканларини томоша қилиш учун Олимпия қишлоғини тарк этиб чеклов қоидаларини бузган ва Токио минораси олдида бир неча киши билан суратга тушган.

Хабарга кўра, четлатилган спортчилар Олимпиада ўйинларининг кумуш медал совриндорлари Важа Маргвелашвили ва Лаша Шавдатуашвилидир.

Токиодаги Олимпиада ва Паралимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси вакили Масанори Такая қоида бузган спортчиларга Олимпиада ўйинларида қатнашишга рухсат берилмаслигини айтди.

Спортчиларга шаҳарни айланиш ва туристик масканлар, дўконлар, ресторан, бар ёки машғулот залларига бориш тақиқланади. 

Токио Олимпиадаси 23 июлда бошланди ва 8 августгача давом этади. Япония пойтахтида 12 июлдан фавқулодда вазият режими жорий этилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид