Жаҳон | 07:14 / 03.08.2021
5065
2 дақиқада ўқилади

Литва Беларусь билан чегарада 510 километрлик тўсиқ ўрнатмоқчи

Литва давлат чегарасини қўриқлаш хизмати Беларусь билан чегарада 4 метр баландликда тўрсимон тўсиқ ўрнатишни таклиф қилди. Тўсиқ узунлиги деярли 510 кмни ташкил қилади, уни ўрнатиш эса 152 млн еврога айланади, деб хабар берди Delfi нашри. 

Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Видас Мачайтиснинг таъкидлашича, тўсиқ устида тиканли сим ўрнатилади. Унинг айтишича, тўсиқни кесиш осон бўлмайди.

Аввалроқ хизмат чегарада тошли девор қуришни режалаштирган, бироқ йўналиш бўйлаб ботқоқлар борлиги сабабли ушбу ғоядан воз кечган.

Литва ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, чегарада тўсиқ қуриш ва кузатув камераларини ўрнатиш учун ярим миллиард евро талаб этилиши мумкин.

Ҳозирда Беларусь орқали Литвага кўп сонда ноқонуний муҳожирлар ўтмоқда. Литва бунда Беларусни айбламоқда. Давлат чегара хизмати вакилининг таъкидлашича, муҳожирлар авваллари чегарани тунги вақт ва видеокамералар йўқ бўлган жойларда кесиб ўтган бўлса, ҳозирда буни бутун чегара бўйлаб ва куннинг исталган пайтида амалга оширмоқда.

Таъкидланишича, Беларусь охирги вақтда Ироқдан рейслар сонини кескин кўпайтирган. Минск аэропортидаги парвозлар жадвали Беларусь муҳожирларни атайлаб олиб келиб, миграция инқирозини юзага келтириш учун уларни Литвага жўнатаётганидан дарак бермоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид