Спорт | 19:59 / 05.08.2021
10439
4 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори: “Ижодий имтиҳонларда коррупцияга йўл қўйилмаслиги лозим”

Айни кунларда юртимиздаги олий таълим муассасаларида ижодий имтиҳон жараёнлари бошланган. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам ижодий имтиҳонларни олиш пандемия муносабати билан алоҳида тартиб асосида йўлга қўйилди. 25 июлдан бошланган ижодий имтиҳонлар 9 августга қадар давом этади ва бир кунда битта вилоятдан келган абитуриентлар синовдан ўтишади. Коррупциянинг олдини олиш мақсадида ушбу синовлар янги ўқув йилида ўзгача тарзда ташкил қилинди.

Мазкур муассасада ўтказилаётган касбий (ижодий) имтиҳонлар 2 босқичда ўтказилади. Яъни махсус жисмоний тайёргарлик ва умумий жисмоний тайёргарлик ҳолати текширилади. 3-босқичда эса абитуриентлар тест синовларида иштирок этишади.

“Бу тизим шаффофликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бўлаётган эътирозларга барҳам бериш мақсадида йўлга қўйилди. Ижодий имтиҳонларда махсус жисмоний тайёргарлик спорт федерациялари мутахассислари томонидан назорат қилинса, умумий жисмоний тайёргарлик ҳолатини текшириш учун Миллий гвардия ходимлари жалб этилган. Тест эса бевосита Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Бу ерда 3та бир-бирига боғлиқ бўлмаган ташкилотлар аралашуви коррупцион ҳолатлар бўлмаслиги учун ташкил этилди.

Имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда ва ота-оналар кузатуви учун мониторлар ўрнатганмиз, у ерда мутахассисимиз барча саволларга жавоб бериши мумкин”, дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуджон Болтабоев.

Ижодий имтиҳон жараёнларида иштирок этаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Футбол назарияси услубияти кафедраси ўқитувчиси Сирожиддин Пўлатовнинг айтишича, футбол йўналиши абитуриентлар энг кўп ҳужжат топширадиган йўналиш ҳисобланади. Улар орасида “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф” каби командалар футболчилари кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасидан энг яхшиларини саралаб олиш катта аҳамият касб этади.

“Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг ижодий имтиҳонларига жалб этилдик. Бу ерда ҳар бир абитуриент киргандан то имтиҳонни тугатиб ўз натижалари қайд этилган далолатнома билан танишиб имзо қўйгунга қадар видеотасмаларга қайд этиб бориляпти”, дея жараён ҳақида маълумот берди Миллий гвардия масъул ходими Файзулла Ражабов.

Жорий йилда ушбу таълим муассасасига 10460 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улар 36та спорт йўналиши бўйича касбий (ижодий) имтиҳондан ўтказилади. Имтиҳонлар учун яратилган шароитлардан абитуриентлар ҳам ўз мамнунликларини билдиришди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Чирчиқ шаҳрида жойлашган университетда 2018-2020 йилларда 180 млрд сўмлик қурилиш монтаж ишлари амалга оширилди. Жумладан, талабалар учун 1200 ўринли ётоқхоналар, ҳар бир спорт тури бўйича спорт заллари, ўқув бинолари фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, талаба қизлар учун замонавий тикув машиналари билан таъминланган цех ишга туширилиб, бу ерда қизлар иш билан ҳам таъминланмоқда.

Янги ўқув йилида университетда Тиббиёт факультетининг очилиши муҳим янгилик бўлди. Бу факультетга 3 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, шундан 200 нафари тест синовлари асосида танлаб олинади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Тасвирчи - Муҳиддин Қурбонов Ⓣ