Спорт | 21:57 / 06.08.2021
31168
4 дақиқада ўқилади

Токио кундалиги. Ўн тўртинчи кун якунлари

Токио Олимпиадасининг 6 август кунги дастурларида ўзбекистонлик спортчилар каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика, эркин кураш ҳамда замонавий бешкураш беллашувларида иштирок этишди.

Каноэда эшкак эшиш
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг навбатдаги кун дастурларида ўзбекистонликлар орасида каноэчи қизлар — Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова биринчи бўлиб баҳсларга киришишди.

500 метр масофага келган саралаш баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар 2:04.854 сония билан ўз гуруҳларида тўртинчи натижани қайд этишди.

 

Бу жуфтлик чоракфинални ҳам муваффақиятли ўтказди. Иккинчи гуруҳда стартга чиққан спортчилар 2:04.450 дақиқа вақт билан иккинчи бўлиб маррага етиб келишди ва яримфиналга йўлланмани қўлга киритишди. Энди улар эртага яримфиналда финал йўлланмаси учун стартга чиқишади.

Бадиий гимнастика
Коронавирус сабаб бадиий гимнастика бўйича баҳсларда қатнаша олмаган Сабина Тошкенбоева ўрнига Екатерина Фетисова чиқиш қилди.

Ушбу спортчи ҳалқада 19.800, тўпда 19.400, булавада 17.950, тасмада эса 18.350 балл тўплади (жами 75.500 балл). Шу тариқа Фетисова 26 иштирокчи орасида 24-натижани қайд этди.

Эркин кураш
Эркин кураш бўйича Рио-2016 Олимпиадаси совриндори Магомед Ибрагимов (-97 кг) Токио-2020да муваффақиятсизликка учради. У биринчи босқичда туркиялик курашчига қарши гиламга чиқди.

Сулаймон Караденизга қарши кечган курашда Ибрагимов ҳисобда олдинда бораётганди. Бироқ Карадениз ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди ва сўнгги очкони қўлга киритгани учун ғолиб деб топилиб, кейинги даврага йўл олди.

Карадениз яримфиналда мағлуб бўлди ва Ибрагимов бронза учун курашиш имкониятига эга бўлмади.

-74 кг вазн тоифаси вакили Бекзод Абдураҳмонов бир кун олдинги баҳсларда чоракфиналда ютқазган, аммо унинг рақиби, россиялик жаҳон чемпиони Сидаков финалга чиққани муносабати билан бронза учун имконият сақлаб қолганди.

У бронза медали учун курашга ўтиш босқичида Гвинея-Биссау вакили Аугусто Мидана билан беллашувда 3 дақиқа 22 сонияда 10 очколик фарқни юзага келтирди (10:0) ва бронза учун гиламга чиқадиган бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида медал учун баҳсда қозоғистонлик Данияр Кайсанов ҳам унга жиддий қаршилик кўрсата олмади. Абдураҳмонов бу баҳснинг 2 дақиқа 13 сониясида ҳисобни 13:2 кўринишига келтирди ва бронза медалига эга чиқди.

Маълумот учун, 2018 йилги Осиё ўйинлари финалида Бекзод Абдураҳмонов айнан Данияр Қайсановни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритганди. 

Замонавий бешкураш
Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этаётган замонавий бешкурашчи Алисэ Фахрутдинова иккинчи дастурдаги иштирокини тугатди.

5 август кунги баҳсларда спортчилар қиличбозлик бўйича баҳс олиб боришган, Фахрутдинова 142 очко жамғариб, 22-ўринни эгаллаганди.

Спортчилар бугунги дастурда дастлаб сузиш бўйича баҳслашди. 200 метр масофага кечган ушбу беллашувда ўзбекистонлик спортчи 2:16.45 дақиқа вақт қайд этди. Бу билан у ўз ҳисобига яна 278 очко қўшиб қўйди. 

Кейин Фахрутдинова от сакратиш ва югуриш ва лазерда ўқ отиш баҳсларида ҳам иштирок этди. Барча мусобақалар натижасига кўра 1165 очко тўплаган Фахрутдинова якунда 30-ўринни эгаллади ва мусобақа билан хайрлашди.

7 август куни Токио Олимпиадасининг 15-кунида Ўзбекистон делегациясининг қуйидаги вакиллари баҳсларда иштирок этади.

  • 5:35. Каноэда эшкак эшиш. 500 метр. Жуфтлик. Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова. Яримфинал.
  • 7:30. Бадиий гимнастика. Жамоавий баҳслар. Нилуфар Шомуродова, Ксения Aлександрова, Динара Равшанбекова, Севара Сафоева ва Камола Ирназарова.
  • 10:36. Замонавий бешкураш. Aлександр Савкин. 200 метрга эркин усулда сузиш.
  • 11:45. Замонавий бешкураш. Aлександр Савкин. Қиличбозлик. Қўшимча босқич.
  • 15:35. Енгил атлетика. Баландликка сакраш. Сафина Садуллаева. Финал.

Эркин курашчи Абдураҳмоновнинг бронза медалидан кейин Ўзбекистон 2 олтин ва 2 бронза билан умумий рейтингда 35-ўринда жойлашган.