Ўзбекистон | 14:42 / 06.08.2021
17597
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда ковид беморларини даволаш стандартига риоя этмаган хусусий клиниканинг лицензияси бекор қилинди

Тошкент шаҳридаги коронавирусни даволашга рухсат олган айрим хусусий тиббиёт муассасаларида ишлар тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида беморларнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим ҳолатлари рўй бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирус бўйича даволаш стандартларига амал қилмаган хусусий шифохонанинг ушбу йўналишдаги фаолияти тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.

«Маълумки, юртимизда эпидемиологик вазият мураккаблашиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони кескин ортгани сабабли жорий йилнинг май ойидан бошлаб хусусий шифохоналарга ҳам ушбу касалликни даволашга рухсат берилган эди.

Бунинг учун хусусий шифохона Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари билан коронавирус инфекциясини даволаш бўйича ихтиёрий шартнома имзолаши белгиланган.

Қолаверса, келишувга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасаси санитария эпидемиология қоидаларига, касалликни аниқлаш ва даволаш стандартларига қатъий риоя қилиши, даволаш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни электрон ахборот тизими орқали мунтазам равишда тақдим этиб бориши лозим. 

Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, COVID-19 инфекциясини даволаш бўйича тегишли рухсат олган барча хусусий тиббиёт муассасалари ҳам шартномада кўрсатилган талабларга тўлиқ риоя қилаётгани йўқ.

Жумладан, айрим хусусий тиббиёт муассасаларида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш стандартига зид равишда шифокорлар томонидан беморларга антибиотик, гормон ва бошқа дори воситаларини буюриш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг натижасида ушбу тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг аҳволи янада оғирлашиб, ҳатто, уларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқуловнинг маълумот беришича, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 25та, вилоятлардаги 6та хусусий шифохонага COVID-19га чалинган беморларни даволаш бўйича рухсат берилган. 

«Афсуски, сўнгги вақтларда тегишли тартибда рухсат олмаган айрим хусусий шифохоналар томонидан лаборатор (ПЗР) тасдиқланмаган пневмония касалликларини «бу коронавирус эмас» деган асос билан даволаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Натижада етарли даражада жиҳозланмаган, билим ва савияга эга бўлмаган, санитария талабларига риоя этилмаган бундай шифохоналарда даволанаётган беморлар оғир асоратлар билан коронавирусни даволашга ихтисослашган давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ихтиёрий шартнома имзолаган айрим хусусий шифохоналарда ҳам даволаш стандартларига амал қилмаслик оқибатида беморларнинг аҳволи янада оғирлашиб, бошқа тиббиёт муассасаларига ўтказилаётган ҳолатлар учраб турибди.

Мисол учун, коронавирус касаллигини даволашга рухсат олган пойтахтимиздаги ASIA SHINE HOSPITAL хусусий шифохонасида ўтказилган мониторинг давомида бу ерда беморларга юритилган касаллик тарихлари тўлиқ ва сифатли тўлдирилмагани, COVID-19га чалинган шахсларни даволаш бўйича стандарт талабларига тўлиқ риоя қилинмагани, ташкилот bemor.ssv.uz электрон ахборот тизимига уланмагани ҳамда коронавирус бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда тақдим этмай келгани аниқланди. Натижада йўл қўйилган камчиликлар ушбу шифохонада даволанган бемор аҳволининг оғирлашишига, кейинчалик эса давлат тиббиёт муассасасида вафот этишига сабаб бўлган», дейди у.

Шу боис ушбу хусусий муассаса билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 2021 йил 19 июлда имзоланган шартномани бир томонлама бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинган.

Қолаверса, 10 августга қадар ушбу шифохонада коронавирус билан даволанаётган 16 нафар беморни бошқа шифохоналарга ўтказиш ҳамда мазкур санадан бошлаб бу йўналишда беморларни даволаш бўйича фаолиятини тўхтатишга мажбурий кўрсатма берилган. 

Шу билан бирга, ушбу даволаш муассасада йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига ҳам маълумот юборилиши қайд этилган.

«Вазирлик, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мулкчилик шаклидан қатъи назар COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда белгиланган диагностика ва даволаш стандартларига амал қилиш лозимлигини яна бир бор эслатиб, ушбу даволаш муассасаларида мунтазам равишда назорат ишлари олиб борилишини маълум қилади», дейилади ССВ хабарида.

Мавзуга оид