Спорт | 11:55 / 09.08.2021
13091
2 дақиқада ўқилади

Франциялик спортчи олимпиада марафони вақтида сув солинган идишларни атайлаб ағдариб кетди (видео)

Франциялик марафончи Мурхад Амдуний Токио олимпиадаси марафони вақтида иштирокчилар учун қатор қилиб тахлаб қўйилган сув солинган бутилкаларни атайлаб ағдариб кетди. Тахминларга кўра, у орқасидан келаётган бошқа югурувчилар бутилкаларни ололмаслиги учун шундай қилган.

Бироқ Амдуний ушбу ишидан кейин ўзи учун қатор охиридаги охирги бутилкани олишдан уялмади.

Спортчининг бу қилмиши ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

Таъкидланишича, воқеа марафон масофасининг 28-километридаги сув тарқатиш жойларидан бирида юз берган.

Японияда 30 даража ҳарорат ва 80 фоиздан юқори намликдаги оғир шароитларда марафон иштирокчиларининг 25 фоиздан кўпроғи белгиланган масофадан барвақт чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Шу сабабли ҳар бир спортчи учун организмда гидратация – сув миқдорини тегишли даражада ушлаб туриш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.

Амдуний натижада марафонни 17-ўринда якунлаган. Ғалабага эса кениялик Элиуд Кипчоге эришди. У 42 километрлик масофани 2 соат 8 дақиқа 38 сонияда югуриб ўтишга муваффақ бўлди. 2-ўринни Нидерландия вакили Абди Нагейе (2:09:58), 3-ўринни белгиялик Башир Абди (2:10:00) эгаллади.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид