Ўзбекистон | 20:40 / 10.08.2021
20700
12 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Етим болаларни уй билан таъминлашнинг янги тизими жорий этилиб, уларнинг таълим олиши рағбатлантирилади

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Ҳужжатдан мақсад етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган муҳокама натижалари ижросини таъминлаш ҳисобланади.

Ҳужжат билан 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби ўрнатилади:

  • ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади;
  • тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида мазкур бандда назарда тутилган мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади ҳамда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди.

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланган:

а) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари) дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади.

Бунда, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг асослантирилган мурожаати асосида маҳаллий ҳокимликлар томонидан

уй-жойнинг умумий майдонини кенгайтириш ва мазкур бандда назарда тутилган талабларни сақлаб қолиш шарти билан сотишга рухсат берилади;

б) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:

  • битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш;
  • икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар мустасно);
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун алоҳида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва бу ерда уларнинг барчасини жойлаштириш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш);

в) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари бўйича фойдаланилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.

Бунда, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда фойдаланиладиган коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Уй-жойларга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой харид қилиш ва қуриш учун:

  • 2021 йилда талаб этиладиган маблағларнинг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, қолган қисми Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ва бошқа маблағлар ҳисобидан ажратилади;
  • 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида Молия вазирлиги учун ажратилган маблағлар таркибида алоҳида сатрда маблағлар режалаштирилиб, кейинчалик ҳақиқий талабдан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига қайта тақсимлаш орқали йўналтирилади.

Бунда, таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

Республика комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021 йил 1 декабрга қадар мазкур қарор доирасида уй-жойга муҳтож 757 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўради.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб янги тартиб ўрнатилади:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидия ажратилади;
  • вазирлик ва идоралар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган графикка асосан бир йилда камида бир маротаба барча “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллаларида (кейинги ўринларда – ўқув-тарбия муассасалари) тақдимотлар ўтказади. Бунда, мазкур тақдимотлар ўтказиш методикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади;
  • ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) учун ҳам татбиқ қилинади ҳамда ушбу қўшимча квоталарнинг олий таълим муассасалари бўйича тақсимоти Халқ таълими вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси 2021/2022 ўқув йилида SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчиларига, шунингдек, йигирма беш ёшгача бўлган васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга ушбу бандда назарда тутилган қўшимча квоталардан фойдаланиш имкониятини таъминлаши бўйича топшириқ берилган.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлигини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан:

  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шакллантирган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхати асосида уларнинг йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўташи ташкил этилади;
  • техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўз тизимидаги “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларида касб-ҳунарга ўқитилиши йўлга қўйилади;
  • Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бандлиги бўйича доимий мониторинг амалга оширилади;

б) “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурида белгиланган маблағлар ва тартиблар доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг бизнес лойиҳаларида кўзда тутилган мақсадларга кредитлар навбатга қўйилмаган ҳолда ажратилади;

в) ўқув-тарбия муассасалари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган “коучинг” видео материаллар, мотивацион роликлар ва дарсликлар тўпламлари билан ўқув-тарбия муассасалари Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Белгилансинки, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, уларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олаётган ва тарбия қилаётган оилаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш мақсадида:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ота-оналарининг яқин қариндошларига ушбу болаларни навбатсиз фарзандликка ёки оилага тарбияга (патронатга) олиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 сентябрдан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг ташаббуси билан, етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка
  • ва ҳомийликка олган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларга ушбу болалар 18 ёшга тўлгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида моддий ёрдам пули тўлаш амалиёти жорий этилади;
  • 2021 йил 1 сентябрдан кейин ногиронлиги бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоригача етказилади;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ миқдорда компенсация қилинади;
  • “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларига 2 та психолог штат бирлиги ажратилади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда уларни фарзандликка ёки васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган фуқароларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан бепул юридик хизмат кўрсатилади.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид