Токиода ўтказилган олимпиада ўйинлари якунлангач, унда совриндор бўлган 5 нафар ўзбекистонлик спортчи муносиб тақдирланди. Уларга пул мукофоти, қимматбаҳо машина ва уй совға қилинди. Хўш, бошқа мамлакатларда спортчилар қандай тақдирланди?
Демак, ўзбекистонлик атлетларнинг қандай тақдирлангани ҳақида яна бир бор эслаймиз. Олтин медал соҳиби бўлган Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов давлат томонидан ваъда қилинган 200 минг доллар мукофотни олишди. Бронза медали соҳиблари Давлат Бобонов ҳамда Бекзод Абдураҳмоновга 50 минг доллардан берилди.
Қўшимчасига эса олтин медал олганларга 80 минг доллардан қимматроқ турувчи Tahoe, бронзачиларга эса 40 минг доллар атрофида турувчи Trailblazer совға қилинди. Шунингдек, чемпионлар Тошкент шаҳридан ҳовли, бронзачилар эса квартира олишди. Ўзбекистон 5 нафар спортчини тақдирлаш учун жами 1,5 миллион долларга яқин маблағ сарфлади.

Буни энг катта харажат деб ўйлайсизми? Йўқ, бундан анча кўп харажат қилганлар ҳам топилади.
Масалан, Хитойда олимпиадада медал олган ҳар бир спортчига маҳаллий Hongqi лимузинлари берилди. Олтин медал олган 38 спортчига бу машиналар совға қилинган бўлса, кумуш ва бронзачилар бу ажойиб уловни чексиз муддатга фойдаланиш учун олишди. Хитойлик 88 атлет медал олганини инобатга олсак, мамлакат уларни янги авлоддаги роботлаштирилган машинаси билан тақдирлашнинг ўзига 7 миллион доллардан кўпроқ сарфлаган.
Шунингдек, хитойлик спортчиларга медалнинг даражасига қараб 45 минг, 30 минг ва 15 минг доллар атрофида мукофот тўланиши олдиндан маълум эди. Хитой делегациясида энг ёш чемпион бўлган Куан Хон Чан ҳали 14 ёшда. У ўзи олган 45 минг долларни бемор онасини даволатишга сарфламоқчи эканини айтди. «Онам қанақа касал бўлганини билмайман, лекин оиламизга уни даволатиш учун кўп пул кераклигини биламан», дейди қизалоқ.
Қозоғистонлик Игор Сон Токио олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди. Бу учун унга 75 минг доллар мукофот берилди. Спортчи бу пулларни касаллик билан курашаётган укасининг қиммат операциясига сарфлашини айтди. «Менинг асосий вазифам укамни оёққа қўйиш. У ҳозир ота-онам билан Кореяда даволанишда бўлиб турибди. Мукофотимни унинг даволанишига сарфлайман», дейди Сон.
Маълумот учун, умумжамоа ҳисобида ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этган Қозоғистон Токиода 8та медал қўлга киритди ва уларнинг барчаси бронза бўлди. Бу атлетлар давлатдан 75 минг доллардан мукофот олишди. Одатда Марказий Осиёда умумжамоа ҳисобида етакчи бўладиган қозоқлар икки олимпиададан буён Ўзбекистондан ортда қолмоқда. Ваҳоланки, Қозоғистон спортчиларга олтин медал учун таклиф қилинган мукофот пуллари бўйича дунёда учинчи ўринда эди – 250 минг доллар.



















