Спорт | 17:26 / 13.08.2021
36468
3 дақиқада ўқилади

Олимпиада совриндорлари мураббийлари ва барча иштирокчиларга ҳам пул мукофоти берилади

Олимпия чемпионларининг мураббийлари – 40 минг, бронза медал соҳибларининг мураббийлари 20 минг, олимпиадада қатнашган ҳар бир спортчи 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Токио Олимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар ва мураббийларнинг барчаси пул мукофоти билан тақдирланади. Kun.uz мухбири хабар беришича, олимпиячилар билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг нуфузли мусобақадаги иштирокини юқори баҳолаб, уларнинг барчаси муносиб тақдирланишини таъкидлаган.

«Албатта, жаҳоннинг энг йирик спорт мусобақаси бўлмиш Олимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзи катта шараф ва масъулият.

Буни барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун қанча оғир довонлардан, машаққатли синовлардан ўтиш талаб этилади.

Биз Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик.

Ўзбекистонда Олимпиада олтин медали соҳиблари – 200 минг АҚШ долларидан, бронза медали эгалари – 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланиши белгилаб қўйилган.

Спортчиларимизни муросасиз беллашувларга тайёрлашда эрта-ю кеч улар билан бирга бўлган жонкуяр мураббийларнинг хизматларини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бугун ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тайёрлашда чинакам фидойилик кўрсатган Тўлқин Қиличев, Павел Хан, Фарҳод Мирзажанов, Нурали Қобулов, Музаффар Абдураҳмонов каби тажрибали мураббийларнинг номларини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Биз Олимпия чемпионларининг тренерларини – 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг мураббийларини 20 минг АҚШ долларидан мукофотлашни лозим деб топдик», деди президент.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, олимпиада ўйинларига йўлланма олиш ва иштирок этиш ҳам спортчидан катта меҳнат талаб этишини инобатга олган ҳолда, улар ҳам тақдирланишга муносиб эканини таъкидлади.

«Олимпиадада иштирок этган ҳар бир спортчи кўп йиллик оғир тайёргарлик жараёнидан ўтишини кўз олдимизга келтирсак, улар ҳам бугун ғолиблар қаторида тақдирланишга муносиб эканига амин бўламиз.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу спортчиларимизнинг ҳар бирини 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришга қарор қилдик», деди давлат раҳбари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид