Жамият | 20:25 / 19.08.2021
4643
2 дақиқада ўқилади

Қаршида икки киши ички ишлар ходимларига пичоқ билан ҳамла қилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида икки киши ва ички ишлар ходимлари ўртасида можаро юз бергани ҳамда ходимлардан бири ўзига ҳамла қилган шахсни қувиб юргани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билдирди. Унда ёзилишича, воқеа жорий йил февралда содир бўлган ва жиноятчилар тегишли жазосини олган.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳар «Темирйўлчи» МФЙда яшовчи Н.Л. 2021 йил 19 феврал куни соат 00:05ларда шаҳардаги ресторанлардан бирига икки нафар таниши А.Т. ва Ш.С. билан бориб, ресторан ишчиси С.А.га «Музикани ўчирсанг, шу пичоқни пешонангга отаман» деб қўрқитиб, жанжал қилган.

Натижада Н.Л. ўзини тинчлантириш учун ресторанга келган ИИБ ва миллий гвардия ходимларининг қонуний талабини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатган. Шериги А.Т. билан икки нафар ИИБ ходимининг ёқасидан тутиб, силтаб ташлаб қочишга уринган.

Ресторандан кўчага қочиб чиққан Н.Л. қўлидаги пичоқ билан яна бир нафар ИИБ ходимига шикаст етказмоқчи бўлганида ходим чап бериб йиқилиб, тан жароҳати олган.

ИИБ ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида шу куни Н.Л. ушланиб, зарарсизлантирилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Н.Л ва А.Т.ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари тамомлангандан сўнг, иш судга юборилган.

Таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2021 йил 2 август кунидаги ҳукми билан Н.Л ва А.Т. тегишли жазога тортилган.

 

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид