15:24 / 21.08.2021
116927

Ғарбликларга ёрдам берганларга «ов бошланган», толибларга қарши кучлар ҳужумга ўтди. Афғонистондан сўнгги хабарлар

БМТ буюртмаси билан тайёрланиб тақдим этилган ҳужжатларга кўра, «Толибон» жангарилари НАТО кучлари билан ҳамкорлик қилган ёки Афғонистоннинг олдинги ҳукуматида ишлаган одамларни фаол равишда изламоқда. Шунингдек, Ғарб нашрлари билан ҳамкорлик қилган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига ҳужумлар ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Фото: AFP

BBC ва New York Times нашрлари ихтиёрига БМТ учун Норвегия таҳлилий компанияси (RHIPTO) томонидан тайёрланган ҳужжатлар келиб тушди. Унда разведка маълумотлари акс этган бўлиб, толиблар АҚШ ва НАТО ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилганлар учун «ов бошлагани» маълум қилинган.

«Толиблар қидирувдаги шахслар ўзи келиб таслим бўлмаса, уларнинг оила аъзоларини ҳибсга олишмоқда, уларни ҳибсга олиш ёки ўлдириш билан таҳдид қилмоқда», дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, жангарилар уйма-уй юриб ўзларига керак бўлган шахсларни топширишни талаб қилишмоқда, акс ҳолда барчани қириб ташлаш билан таҳдид қилинмоқда.

«Толибон» рўйхатига, хусусан, афғон полициячилари, ҳарбийлари ва тергов органлари ходимлари киритилган.

Афғонистон пойтахти эгаллангач, толиблар шаҳар аҳолисини ва жаҳон ҳамжамиятини ҳокимият ўзгариши қасд олишга айланиб кетмаслигига ваъда беришганди. Аввалги ҳукумат ҳамда ғарб ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганларга умуммиллий амнистия эълон қилинганди.

Энди эса толиблар худди 90-йилларда бўлгани каби мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариши, ушбу ҳаракат ғоялари ва сиёсати деярли ўзгармагани бўйича хавотирлар пайдо бўлмоқда.

Мамлакатда «ов бошлангани» ҳақидаги маълумотларни тайёрлаган Норвегиядаги тадқиқот маркази раҳбари Кристиан Неллеманн BBC учун берган интервьюсида «Толибон»да «коллаборационистлар»нинг «қора рўйхати» бўлиши мумкинлиги ва унда номи тиркалганларнинг барчаси улкан хавф остида экани ҳақида айтган. Унинг сўзларига кўра, тез орада оммавий қатллар бошланиши мумкин.

«Айни вақтда толиблар томонидан изланаётган жуда кўп одамлар бор. Бу яққол таҳдид. Жойларга йўлланган кўрсатмаларда, агар бу одамлар ўзлари таслим бўлишмаса, «Толибон» уларнинг ўрнига қариндошларини қўлга олиб, сўроқ қилиши ва жазолаши айтилган», дейди у.

DW: «Толибон» журналистнинг яқин қариндошини ўлдирган
Толиблар Афғонистон ғарбида Deutsche Welle афғон бюроси муҳаррири сифатида ишлаган журналистнинг яқин қариндошларидан бирини ўлдирган ва яна бирини яралаган. Бу ҳақда медиакомпания раҳбарияти маълум қилди.

Маълум бўлишича, «Толибон» айни вақтда Германияга кетган журналистни қидириб келган. Унинг бошқа қариндошлари воқеа жойидан қочишга улгурган ва айни вақтда таъқибдан яширинишга мажбур бўлишмоқда.

DW бош директори Петер Лимбург Германия ҳукуматини қатъий ҳаракатлар қилишга чақирди.

«Ходимларимиздан бирининг яқини «Толибон» томонидан ўлдирилгани шуни кўрсатадики, айни вақтда Афғонистонда бўлиш журналистлар ва уларнинг оила аъзолари учун жуда хавфли», деган у.

DW маълумотига кўра, Кобулда ва вилоятларда жангарилар компания ходимларининг камида уч нафарининг уйига тинтув учун келишган.

Deutsche Welle ва Германиянинг бошқа нашрлари очиқ хат орқали ГФР ҳукуматидан зудлик билан Афғонистонда немис нашрлари учун ишловчи маҳаллий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун виза дастурини тайёрлашни сўрашди.

Amnesty: толиблар миллий озчилик бўлмиш ҳазорийларни қийнашган ва ўлдиришган
Amnesty International халқаро ҳуқуқ ташкилотининг маълум қилишича, июль ойи бошида, ҳудудларни эгаллаб олишда давом этаётган толиблар Афғонистон марказида яшовчи ҳазорийлар вакилларини қийноқларга солишган ва ўлдиришган.

Гувоҳларнинг ҳикояларига кўра, қўлга олинганларга жуда бешафқатлик қилинган. Кобулга киргач толиблар афғонларни ва халқаро ҳамжамиятни ҳозирги бошқарув принциплари аввалги даврдагига қараганда кескин ўзгарганига ишонтиришганди. Аммо ҳуқуқ фаоллари ҳазорийлар қирғини – уларнинг ҳақиқий ниятини кўрсатишидан огоҳлантирмоқда.

Ҳазорийлар – шиа мазҳабидаги, келиб чиқиши мўғул-турк-эронийларга мансуб, форс тилида сўзлашувчи миллат. Улар Афғонистонда сон бўйича учинчи ўринда турувчи этник жамоа ҳисобланади, аммо ўн йиллар мобайнида мамлакатда устунлик қилувчи сунний мазҳабидаги пуштунларнинг тазйиқларига учраб келади. Толибларнинг 1996-2001 йиллардаги биринчи бошқаруви даврида ҳам ҳазорийлар қатағон қилинган.

Толиблар АҚШ билан ҳамкорлик қилганларнинг биометрик базаларига эга бўлиши мумкин

Getty Images

Афғонистонда жойлаштирилган америкаликлар кўп йиллар давомида тўплаган биометрик маълумотлар базаси (HIIDЕ - АҚШ ҳарбийларининг шахсни аниқловчи портатив ускуналари) толиблар қўлига тушгани борасида хавотирлар мавжуд. Бу базада коалиция кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонларнинг биометрик параметрлари ҳам бор.

HIIDЕ қурилмалари биометрик (кўз пардаси, бармоқ излари) ва биографик маълумотларни ўз ичига олади ва йирик марказлашган маълумотлар базаларига кириш учун ишлатилади. Уларнинг ёрдами билан «Толибон» АҚШга ишлаган афғонларни аниқлай олади. The Intercept нашри манбаси таъкидлашича, жангариларда HIIDЕ маълумотларини қайта ишлаш учун зарур воситалар йўқ. Бироқ улар толибларни қўлловчи Покистонда бор.

Америка армиясидагиларнинг изоҳ беришича, ҳар бир афғон ҳақидаги маълумотлар катта бўлмаган қурилмаларда сақланган ва уларнинг айримлари жангарилар қўлига тушган бўлиши мумкин.

Бундай хавотирлар пайдо бўлишига сабаб айрим гувоҳлар қўлларида қандайдир қурилмаларни кўтарган ҳолда уйларда тинтув ўтказаётгани ҳақида айтишганидир. Афғонистоннинг айрим расмийлари ҳам база толиблар қўлига тушгани ва улар энди хорижликлар билан ишлаганларни осон топиб бориши мумкинлигини айтишган.

Кобул аэропортида 10 минг киши рейсни кутиб турибди
Британия икки кун ичида Афғонистондан 2 минг кишини олиб кетган, мамлакат бош вазири Борис Жонсон Британия ҳукумати эвакуация жараёнини тезлаштириш учун толиблар билан музокара ўтказишга ҳам тайёрлигини билдирган.

АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, пайшанба кунининг ўзида америкаликлар 5700 кишини эвакуация қилишди. Июль ойи бошидан буён эвакуация қилинганлар сони 18 мингдан ошиқ, 14 августдан кейин Кобул аэропортидан олиб чиқилганлар сони 13 минг атрофида. Бундан ташқари, бир неча минг киши америкаликлар ёрдамида амалга оширилган хусусий рейслар орқали мамлакатни тарк этган.

Кобул аэропортида бўлиб турган CNN мухбирининг хабар беришича, айни вақтда аэропортда парвоз олдидан зарур бўлган барча жараёнлардан ўтган, аммо учиб кета олмаётган 10 минг киши тўпланиб турибди – ўн соатдан ортиқ вақт давомида Кобулдан бирорта Америка рейси учмаган. Маълум бўлишича, бу ҳолат америкаликлар афғонларни дастлаб олиб бораётган Қатарда янги қочқинларни қабул қилиш учун жойлар қолмагани билан боғлиқ. АҚШ ва Германия янги транзит ҳудуди сифатида Американинг ушбу мамлакат ғарбида жойлашган Рамштейн базасидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳолатда қочқинлар аввалига Тошкент аэропортига олиб келинади, шундан кейин Германияга училади. АҚШ ва Британия эса Форс кўрфази ҳудудидаги базалардан фойдаланмоқда.

Меркель: Толиблар билан музокара ўтказишга тўғри келади

НазАфғонистон Меркелнинг Москвага сафари мавзуси эмасди, аммо бу мавзуни четлаб ўтишнинг имкони ҳам йўқ эди
Reuters

Толиблар Афғонистонда ўзлари истаганидан кўра кўпроқ қўллаб-қувватловга эга бўлишди ва эндиликда Ғарб давлатлари бу мамлакатда хавф остида қолганларни эвакуация қилиш учун толиблар билан музокара ўтказишига тўғри келади. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель жума куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда айтиб ўтди.

“Қайд этиш керакки, толиблар кенг халқ оммаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Энди биз улар билан музокара ўтказишимиз ва хавф остида қолаётган одамлар бу мамлакатни тарк этиши учун ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишимиз керак”, дея унинг сўзларини келтирган РИА Новости агентлиги.

Меркель хонимнинг сўзларига кўра, у Россия томонидан толиблар билан Афғонистонга БМТ линияси орқали инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишини таъминлаш бўйича келишувга эришишни сўраган.

Қўшма матбуот анжуманида Путин Афғонистон толиблар қўлига ўтиши масаласида илк марта муносабат билдирди.

Россия президенти толиблар мамлакатни деярли тўлиқ эгаллашганини қайд этиб, эндиликда шу реалликдан келиб чиққан ҳолда иш тутиб, биринчи навбатда Афғонистоннинг парчаланиб кетишига, шунингдек ушбу мамлакатдаги террорчи кучлар қўшни давлатларга суқилиб киришига, хусусан, “қочқинлар ниқоби остида” киришига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаган.

Панжшерда қаршилик кучлари кучаймоқда, ҳудудларда аҳоли қўлига қурол олмоқда

Афғонистонда толибларга қарши курашаётган кучлар Панжшер дарёси бўйидаги водий (Панжшер дараси)да тўпланишда давом этмоқда.

Таниқли дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуд 1980-йилларда ҳам ушбу водийни советлардан муваффақиятли ҳимоя қилган, кейин 1990-йилларда фуқаролик уруши вақтида толибларга қарши улкан ғалабаларга эришган. Масъудга “Панжшер шери” деб ном беришганди.

Айни вақтда ушбу ҳудудда унинг ўғли Аҳмад Масъуд ва Афғонистон вице-президенти қаршилик ҳаракатига асос солишган.

Толибларга таслим бўлишни истамаган бошқа қўмондонлар Панжшерга келиши давом этмоқда.

20 август куни бу ерга маршал Дўстумнинг ўғли Ёрмуҳаммад катта қўшин билан етиб келган, аввалроқ унинг отаси ҳам ўз ҳарбийлари билан қаршилик ҳаракатига қўшилгани хабар қилинганди.

Хабарларга кўра, афғон спецнази қўмондони, полковник Холид Амирий, коммандос отряди қўмондони, полковник Муниб Амирий, Афғон миллий армияси бригадаси қўмондони, полковник Ҳамид Сайфий, бригада қўмондони, генерал Ҳасиб Панжширий ва бошқа кўплаб қўмондонлар ва аскарлар ўз қурол-яроғи билан Панжшерга келган.

Сўнгги соатларда озод Панжшерга Афғонистон миллий армияси бош штабининг сўнгги бошлиғи генерал Ҳайбатуллоҳ Ализай ҳамда махсус амалиётлар учун тайёрланган корпус қўмондони, генерал Сами Саодат (иккиси ҳам пуштун) етиб келди. Афғонистон сиёсатини тадқиқ қилувчи эксперт Андрей Серенко бу генералларнинг қаршилик ҳаракатига қўшилиши уни анча кучайтирганини қайд этган. 

Бу вақтда собиқ бош вазир, Миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла ва Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай музокаралар ўтказиш учун Панжшер вилоятида бўлиб турибди.

Аҳмад Масъуд агар толиблар бу ҳудудга ҳужум қилса, қатъий жавоб қайтарилишини маълум қилган.

Аммо айрим экспертлар Панжшер шу вақтгача таслим қилинмаганининг сабаби – толиблар бу ҳудудга жиддий ҳужум уюштирмагани эканини айтишмоқда.

“Толиблар барча томондан Панжшерни қуршаб турибди ва менимча Масъуднинг ўғли бу ҳудудда бир неча ойдан ортиқ қаршилик кўрсата олмайди. Айни вақтда у кучли қўллаб-қувватловга эга эмас”, деб ҳисоблайди швециялик мустақил тадқиқотчи Абдулсаид.

Сўнгги хабарларга кўра, толиблар Панжшерга қўшни бўлган Бағлон вилоятидаги Пули-Ҳисор туманида назоратни қўлдан чиқарган. Herat Times хабарига кўра, маҳаллий аҳоли қўлига қурол олиб толибларни Пули-Ҳисордан қувиб чиқарган, қўшни Диҳ-Сала тумани марказида ҳам толибларнинг оқ байроғи ўрнига Афғонистоннинг уч рангли байроғи ўрнатилган. Бағлон вилоятида толибларнинг бир неча позицияларига бир вақтда ҳужум уюштирилган.

Андараб туманидаги Касан водийсида қуролли тўқнашувлар кетмоқда. Манба маълумотига кўра, толиблар уйларда тинтув ўтказиш учун келганида отишма рўй берган ва 7 жангари ўлдирилиб, 13 нафари ҳибсга олинган, уларнинг бир қисми яраланган. Маҳаллий аҳоли пулемётлар ўрнатилган учта пикап ва иккита "Ҳамви" русумли зирҳли машинани ўлжа қилиб олган.

Толибларга қарши кучларнинг кейинги мақсади - Хинжан туманини қўлга киритишдир.

Парвон вилоятида ҳам халқ озодлик кучлари ҳаракатга келган ва Сари-Хважа туманидан толиблар сиқиб чиқарилган, бундан ташқари, исёнчилар Тоҳар вилояти маркази Толуқонни ҳам қўлга олиш учун ҳаракат қилмоқда.

БМТ: Миллионлаб афғонларга очлик таҳдид солмоқда

WFP

БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантиришича, Афғонистон гуманитар инқироз ёқасида турибди.

Толиблар ҳокимиятга келиши билан боғлиқ тартибсизликлардан ташқари, мамлакат қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда ва муҳим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосили жуда кам. Олдиндаги қишда Афғонистон халқи ҳақиқий очлик билан тўқнаш келиши мумкинлиги айтилган.

Бундан ташқари, кўплаб афғонлар толиблар уларнинг уйига бостириб кириб, сўнгги маҳсулотларни ҳам олиб кетишаётганини айтишган.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг афғон бўлими раҳбари Мэри-Эллен Макгрорти жума уни унинг ходимлари Афғонистонда қолишда давом этишга қарор қилгани ҳақида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, таҳлилчиларнинг сўнгги ҳисоб-китоблари 14 миллион афғон, шу жумладан икки миллион бола очлик хавфи остида қолаётганини кўрсатган.

“Мамлакатни қамраб олган эскалация туфайли фермерлар ерларига ишлов бера олишмаяпти ва уларнинг кўпчилиги уйларини ташлаб қочишган”, дейди Макгрорти.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top