Жамият | 19:11 / 21.08.2021
6341
12 дақиқада ўқилади

Сайлов қонунчилиги: халқаро стандартлари ва миллий қонунчиликка назар

У ёки бу сайлов

Маълумки, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзуси нуфузли халқаро ташкилотлар жиддий шуғулланадиган масалага айланди. Бугунга келиб дунёда сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, эркин демократик адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасига доир 20 дан зиёд халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар мавжуд.

Бунда халқаро сайлов стандартлари деганда, сайлов жараёнини ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган устувор (раҳбарий), умумэътироф этилган принцип ва қоидалар йиғиндиси тушунилади.

Универсал халқаро сайлов стандартлари ўз ичига нималарни қамраб олади?

Барча давлатларга нисбатан татбиқ этилиши мумкин бўлган халқаро сайлов стандартлари универсал деб аталади. Одатда, бундай ҳужжатлар БМТ каби универсал халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилиниб, улар давлатлар томонидан тан олинади.

Бундай стандартларни белгилаб берувчи дастлабки ҳужжат бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидир.

Ушбу халқаро ҳужжатнинг 21-моддасида қуйидаги қоидалар акс этган: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим; бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан яшириш овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим”.

БМТ томонидан қабул қилинган яна бир ҳужжат “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактнинг 25-моддасига мувофиқ ҳар бир фуқаро камситишларсиз ҳамда асоссиз чекловларсиз ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш; умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш; ўз мамлакатида умумий шартларда давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга бўлиши лозим.

Сайловга оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар нафақат БМТ доирасида, балки бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида ҳам қабул қилинади. Шулардан бири, 120 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган ҳамда сайлов соҳасидаги халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этаётган Парламентлараро Иттифоқдир. 1994 йил 26 мартда ушбу халқаро ташкилот Кенгашининг 154-сессиясида “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Декларация ҳамда 1997 йилда Кенгашнинг 161-сессиясида “Демократия тўғрисида”ги Умумжахон декларацияси қабул қилинган.

“Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Декларациянинг 1-моддасида ҳар қандай давлатда ҳокимият халқнинг умумий, тенг ва яширин овоз бериш асосида мунтазам вақт оралиғида ўтказиб туриладиган ҳақиқий, эркин ва адолатли сайловларда билдирадиган хоҳиш-иродасидан келиб чиқади, деб белгиланган.

Демократия тўғрисидаги Умумжахон декларациясининг12-бандига мувофиқ, демократияга эришишнинг асосий воситаси аниқ давр мобайнида ўтказиладиган эркин ва адолатли сайловлар ҳисобланади.

Минтақавий халқаро сайлов стандартлари қандай аҳамиятга эга?

Минтақавий халқаро сайлов стандартларига ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича Париж (1989 й.), Копенгаген (1990 й.) ҳамда Москвада (1991 й.) бўлиб ўтган Конференцияларда қабул қилинган ҳужжатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Минтақавий халқаро сайлов стандартлари Европа Иттифоқи ҳужжатларида ҳам ифодаланган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияда сўз ва фикрлаш эркинлиги ҳуқуқи (10-модда), камситишларнинг тақиқланиши (14-модда), чет элликларнинг сиёсий фаолиятларини чеклаш (16-модда) каби стандартлар мавжуд. Европа Кенгаши органлари томонидан ҳам сайловлар ташкил қилиш ва уларни ўтказишга доир бир қанча ҳужжатлар қабул қилинган. Европа Кенгашининг Парламент Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Сайлов масалаларини лозим даражадаги амалиётининг кодекси тўғрисида”ги, “Сайлов ўтказишдаги тавсиявий нормалар мажмуи тўғрисида”ги резолюциялар шулар жумласидандир.

Минтақавий халқаро стандартлардан бири – бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо-давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқи ва эркинликларининг стандартлари тўғрисидаги Конвенциядир. Мазкур Конвенция сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга доир бўлган кўпгина халқаро стандартларни ўзида мужассам этган.

Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилиги халқаро сайлов стандартларга қанчалик мос келади?

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар асосида ўзига олган барча мажбуриятларни, шу шумладан сайловга оид юқорида қайд этилган халқаро стандартларни миллий қонунчиликка сингдириб тўлиқ бажариб келмоқда.

Мамлакатимизда сайловларни қонун талабларига тўла мувофиқ ҳолда ташкил этиш ва ўтказишни демократик тарзда шаклланган Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги сайлов комиссиялари таъминлайди.

Сайлов комиссиялари мустақил ва фақат қонунга бўйсунади. Сайловларни ўтказиш давомида ҳокимият тузилмалари ёки жамоат бирлашмалари томонидан улар фаолиятига аралашишга мутлақо йўл қўйилмайди.

Сайлов комиссияларининг бундай мақоми сайловни ўтказиш жараёнида қонун устуворлигини ва холисликни таъминлаш имконини беради ҳамда сайловчилар хоҳиш-иродасини эркин ифодалашнинг муҳим гарови бўлиб ҳисобланади.

Таққослаш учун шуни айтиш керакки, қатор давлатларда сайловларни ташкиллаштирувчи ва ўтказувчи мустақил, марказлашган органлар тизими мавжуд эмас ва сайловни ташкил этиш вазифаси ижро этувчи ҳокимият органлари зиммасига юклатилган. Масалан, сайловларни ташкил этиш билан Франция, Австрия ва Германияда ички ишлар вазирлиги, Данияда ички ва ижтимоий ишлар вазирлиги, Финляндияда адлия вазирлиги шуғулланади.

Умумий сайлов приниципи барча фуқароларимиз сайлов ҳуқуқидан фойдаланишда тенг имкониятларга эга эканлигини англатади.

Сайлов қонунчилигимизга кўра, сайловларда Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширадилар.

Айнан 18 ёшга тўлган фуқароларнинг овоз беришга ҳақли эканликларини биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқ, 18 ёшга тўлган фуқаро айнан тўла муомала лаёқатига эга бўлиши; иккинчидан, БМТ томонидан 1989 йилда қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг 1-моддасида ҳам айнан 18 ёш инсонни вояга етган деб ҳисоблаш ёши сифатида белгиланганлиги; учинчидан, 18 ёш тиббий, физиологик нуқтаи-назардан ҳам тўла етук ҳисобланиши билан изоҳлаш мумкин.

Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Қонунчилигимизга мувофиқ фуқаролар овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар. Айрим давлатларда, жумладан, Аргентина, Бельгия, Болгария, Бразилия, Греция ва бошқаларда эса фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши мажбурий бўлиб, бундан бош тортганлар тегишли жавобгарликка тортилади. Масалан, Аргентинада сайловда қатнашмаганлик учун жарима жазосидан ташқари, фуқаро уч йилгача муддатга давлат мансабларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам мумкин. 

Тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш ҳар бир сайловчининг бир овозга эга эканлиги, номзодларга ва сиёсий партияларга сайловда тенг шарт-шароитлар, бир хил имкониятлар яратилганлиги билан амалга оширилади.

Сайлов кодексининг 5-моддасига мувофиқ сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши ҳам “Бир сайловчи – бир овоз” тамойили асосида тенг сайлов ҳуқуқига асосланган халқаро стандартларга мос сайлов ўтказишга хизмат қилади.

Миллий сайлов тизимимизнинг яна бир муҳим ўзига хос жиҳати шундан иборатки, бизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва моддий жиҳатдан ўзга тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Мазкур қоида сайлов жараёнида иштирок этаётган сиёсий партияларга, улар томонидан кўрсатилган номзодларга тенг имкониятлар ва адолатли шарт-шароитларни таъминлайди.

Яна бир принцип, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи фуқаролар сайлашда бeвосита ўзи шахсан овоз бeриш орқали иштирок этишини англатади. Фуқароларимизнинг қаерда яшаётганлигидан қатъий назар сайловларда иштирок этиши таъминланланганлиги бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Яширин овоз бeриш ҳам сайловнинг муҳим принципи ҳисобланиб, фуқароларнинг овоз бeришида ҳeч ким таъсир қила олмаслигини англатади.

Ушбу принципнинг мазмун-моҳиятига кўра, сайловда ҳар бир сайловчи ўз овозини номзодларга ҳеч кимнинг аралашувисиз ҳамда бирон-бир ташқи таъсирсиз эркин тарзда билдиради. Ҳеч ким уларни муайян номзод учун «тарафдор» ёки «қарши» овоз беришга мажбур этиши мумкин эмас.

Мамлакатимизда сайловларни тавсифловчи энг муҳим хусусиятлардан бири – бу очиқлик ва ошкораликдир. Унга кўра сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирлар ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга очиқ ва ошкора маълум қилади.

Миллий сайлов тажрибасидан маълумки, 2016 йилда бўлиб ўтган Президент сайловларини 615 та миллий ва 272 та хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, 315 та хорижий ва миллий интернет нашрлари ёритиб борди. Сайлов комиссияларининг барча тадбирлари журналистлар, блоггерлар ёки жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилади. Мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар мунтазам эфирга узатилиб, сайловчиларга сайлов жараёни босқичларини тушунтирадиган роликлар намойиш этилади. Сайлов кампанияси босма ва интернет-нашрларда ҳам кенг ёритилади.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида халқаро стандартларга тўлиқ мос келувчи сайловларда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши принципи мустаҳкамланган.

Ушбу жараёнларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

2016 йилда ўтказилган Президент сайловида 50 га яқин давлатдан ҳамда 5 та халқаро ташкилотдан 600 нафарга яқин кузатувчи иштирок этган. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилинган.

Сайлов кодексида кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган.

Жумладан, кузатувчилар томонидан сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш; номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш; сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш ва бошқалар.

Ушбу принципга амал қилиниши сайлов жараёнларини миллий ва халқаро доираларда кузатишни йўлга қўйиш учун ҳам тегишли шарт-шароит яратади.

Р.Хакимов,
юридик фанлари доктори, профессор

 

Мавзуга оид