Ўзбекистон | 16:09 / 22.08.2021
11375
3 дақиқада ўқилади

“Йил охиригача миллий вакцинамизни яратамиз” – инновация вазири

Ўзбекистон йил охирига қадар миллий вакцинасини ишлаб чиқаради, деб маълум қилди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Aбдураҳмонов. У ейиладиган вакциналар яратилишини ҳам айтиб ўтди.

21 август куни Инновацион ривожланиш вазирлигида илм-фан ютуқлари ва инновацияларнинг амалиётга жорий қилиниши бўйича тадбир ташкил этилди. Тадбирда Kun.uz'га интервю берган вазир Иброҳим Aбдураҳмонов кутилаётган инновацион янгиликлар ҳақида маълумот берди.

“Айниқса, қишлоқ хўжалигида жуда катта янгилик кутяпмиз. Биласиз, асосий драйвер соҳамиз – қишлоқ хўжалиги. Бу соҳада олимларимиз жуда кўп янги навлар ва уруғларни яратяпти. Пахта, буғдой, картошканинг янги нави бўлади. Бундан ташқари, узумларнинг бутун геномларини ўқиш ишлари кетяпти. Виночилик ва узум кластерида катта ўзгариш бўлади.

Саноат соҳасида мис бўйича “Aср лойиҳаси”дан хабарингиз бўлса керак, шу соҳада вазирлик катта янгилик қиляпти. Яъни қўшимча қиймат яратиш ва мисни ажратиб олишда янги реагентларни кашф қиляпмиз. Битта реагент кашф қилинди, лекин биз буни яна кенгайтиряпмиз. У чет элдан келадиган ҳаммасининг ўрнини қоплайдиган маҳаллий маҳсулот бўлади.

Қолаверса, биотехнология соҳасидаги ишларда ҳам янгиликларимиз бор. Яқинда миллий вакцинамиз пайдо бўлади. Ҳаттоки ейдиган вакциналар ишлаб чиқяпмиз, бунда вакцинани ейиш орқали эмланиш мумкин бўлади.

Шунингдек, тупроқшунослик йўналишида катта ўзгариш бўлади. Сабаби тупроқларимиз жуда зарарланиб кетган, ҳозир тупроқни соғломлаштириш бўйича янги технологияларнинг янги схемаларини ишлаб чиқяпмиз, чунки ўғитлаш схемаси эскирган.

Янги йўналиш – сунъий интеллект соҳасида ҳам янгиликлар бор. Робототехника ва сунъий интеллект – жаҳонда саноатнинг тўртинчи инқилоби омиллари бўлади.

Шу билан бирга, водород энергетикаси бўйича янги ишларни бошлаганмиз. Бутун дунё ҳозир қуёш, шамол энергияси каби янги манбаларни ўрганмоқда. Водород энергетикасида ҳам режалар аниқ, шуларни амалга оширамиз.

Буларнинг ҳаммаси 2-3 йил ичида бўлади. Вакциналар йилнинг охиригача яратилади. Янги навлар кейинги йилдан деҳқонлар қўлига етиб боради. Генлар инженерлигига асосланган янги навлар пайдо бўлади. Медицина соҳасида эса чекка-чекка ҳудудларда телемедицина бўлади. Ҳозир Мўйноқдан бошлаб келяпмиз”, – деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Aввалроқ, Ўзбекистонда “Sputnik V” вакцинаси ишлаб чиқарилишига рухсат берилган эди.

Мавзуга оид