Ҳозирда айнан қанча самолёт ва вертолёт толиблар ихтиёрига ўтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Биринчидан, афғон ҳарбийлари чекиниш олдидан авиация техникаларининг бир қисмини яксон қилган бўлиши мумкин. Иккинчидан, ўнлаб учиш қурилмалари қўшни мамлакатлар ҳудудига олиб ўтилгани маълум.

Шундай бўлса-да, толиблар ўз қўлидаги авиация билан ҳам ушбу ҳудуддаги жанговар ҳаракатлар учун қулай бўлган штурмовиклар (ҳужумкор қирувчи самолётлар) ва вертолётлар орқали керакли самарадорликка эришишлари мумкин.

Энди асосий масала - толиблар авиацияга хизмат кўрсатувчи персонални, керакли эҳтиёт қисмларни ва энг муҳими, қурилмаларни ҳавога кўтариш учун учувчилар таркибини топа оладими?

Афғон ҳарбийлари ташлаб кетган ўлжалар
Афғонистонни тиклаш бўйича махсус бош инспекциянинг Америкадаги офиси маълумотларига кўра, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 2021 йил 1 январь ҳолатида 162та учиш қурилмаси бўлган. Лекин уларнинг барчаси соз ҳолда бўлмаган.

MD-530 вертолётларини эҳтиёт қисмларсиз кўп вақт яроқли ҳолатда сақлаб туриш имконсиз

Худди шу манба маълумотига кўра, йил бошида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларида учишга яроқли 50та самолёт бўлган: 17таси А-29 (Embraer EMB 314 Super Tucano) енгил штурмовиклари ва 10та бир моторли турбовинтли AC-208 Combat Caravan енгил зарбдор самолётлар, шунингдек, 21та С-208 Cessna Caravan русумли енгил транспорт самолёти ва 2та С-130 Hercules русумли ҳарбий-транспорт самолёти. Бундан ташқари, армияда 86та учишга яроқли вертолётлар бўлган: Россияда ишлаб чиқарилган 12та Ми-17 русумли транспорт вертолёти, 38та MD 530F ва 36та UH-60 Black Hawk вертолётлари.

Бундан ташқари, махсус топшириқли бўлинмалар ихтиёридаги авиация қисмларида ҳам бир қанча учиш аппаратлари бўлган, аммо бу бўйича маълумотлар ошкор этилмаган ва бу учиш аппаратлари сони қанча бўлгани маълум эмас.

Замонавий афғон авиациясидаги барча учиш аппаратлари АҚШ томонидан етказиб берилган, Россия томонидан ишлаб чиқарилган вертолётлар ҳам.

Толиблар қўлига ўтган илк афғон ҳарбий вертолётлари тасвирлари интернетда бир ҳафта муқаддам, толиблар Қундуз, Қандаҳор ва Ҳиротдаги авиабазаларни эгаллагач пайдо бўлганди. Фотосуратлар ва видеоёзувларда Ми-17, MD 530F, UH-60 вертолётлари ҳамда катта бўлмаган С-208 транспорт самолёти акс этади, уларнинг юзасида Афғонистон ҲҲК рамзлари акс этган.