Жаҳон | 22:20 / 23.08.2021
85220
13 дақиқада ўқилади

Толиблар эвакуация муддати узайтирилишига рози эмас, Панжшер қамал қилинмоқда. Афғонистондан сўнгги хабарлар

«Толибон» АҚШ ва Ғарб кучлари эвакуация жараёни кечикиши туфайли қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш муддатини узайтиришига рози бўлмайди. Агар хорижий контингент белгиланган сана - 31 августдан кейин ҳам мамлакатни тарк этмаса, у ҳолда ҳаракат чора кўриши маълум қилинди.

Буюк Британия ортидан Франция ҳам АҚШдан америкалик ҳарбийларни олиб чиқишни олдиндан белгиланган муддат - 31 августгача эмас, ундан кейин якунлашни сўрамоқда.

«Биз Қўшма Штатлар томонидан белгиланган муддат - 31 август келишига оз вақт қолаётганидан жуда қаттиқ ташвишдамиз. Ҳозирги операцияни [эвакуация жараёни] якунлаш учун қўшимча вақт керак бўлади», деган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.

24 август куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон G7 давлатларининг шошилинч йиғилишида АҚШдан бу муддатни узайтиришни сўрамоқчи. Франциядан ташқари Германия ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Иттифоқ кучлари Кобул аэропортида америкалик ҳарбийлар бўлмаса, у ерда тартиб таъминланиши ва эвакуацияни якунлаш имконсиз бўлиб қолишидан хавотирда.

Шанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель эвакуация жараёнини 31 августгача якунлаш «математик жиҳатдан имконсизлиги»ни маълум қилганди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден агар 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда эвакуация қилинмаган АҚШ фуқаролари қоладиган бўлса, америкалик ҳарбийларнинг мамлакатни тарк этиши 31 августдан кейинроққа қолдирилиши ҳам мумкинлигини айтганди.

Америкаликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 14 августдан ҳозиргача Кобул аэропортидан 37 мингдан ортиқ киши олиб кетилган (Шундан 16 минг киши сўнгги 24 соат ичида). Уларнинг катта қисми - афғонлар, лекин аниқ рақамлар маълум эмас. 11 минг киши америкаликларнинг ҳарбий-транспорт самолётлари орқали ташилган, қолгани чартер ва тижорий рейслар орқали.

Айни вақтда Ҳамид Карзай номидаги аэропортда 5800 нафар ҳарбий хизматчи хавфсизликни таъминлаш учун жалб этилган. Аэропорт ҳудудига толиблардан қочган минглаб кишилар келиши давом этмоқда.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги амалдори Жеймс Ҳиппининг сўзларига кўра, ҳукумат АҚШнинг қароридан қатъи назар бу масалада толиблар билан музокара ўтказишни режалаштирмоқда.

«Толибон»да танлов бор: улар ёки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликка интилишади… ёки терс ўгирилиб айтишади: «Йўқ, муддат узайтирилмайди». Бу «еттилик» саммитида ҳал бўладиган масала эмас. Саммитдан кейин толиблар билан музокара ўтказилади», деган у.

Пентагон ҳозирча сўнгги муддатни ўзгартириш бўйича ҳеч қандай гап йўқлигини билдирди. Пентагон расмийси Жон Кирби АҚШ «Толибон» билан доимий равишда америкалик ҳарбийларнинг аэропортдаги фаолияти бўйича мулоқот қилиб тургани»ни маълум қилди.

Кобул кўчаларида «Толибон» рамзлари билан савдо қилувчи сотувчилар пайдо бўлган

«Толибон»: Ғарб ҳарбийлари мамлакатни 31 августгача тарк этиши керак
«Толибон» вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин халқаро коалиция ҳарбийлари агар Афғонистонни 31 августга қадар тарк этмаса, келишувни бузган ҳисобланишлари ҳақида гапирди.

«Бу қизил чизиқ. Президент Байден 31 августгача барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишини эълон қилган. Шунинг учун уларнинг Афғонистонда қолиши чўзилса, бу келишувнинг улар томонидан яққол бузилиши ҳисобланади», деди у.

У бундай ҳолатда «Толибон» қандай реакция қилишини ҳаракат раҳбарлари ҳал қилишини қўшимча қилган.

Суҳайл толиблар кетиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этадиган афғонларга мамлакатни тарк этишга тўсқинлик қилмаслигини айтиб ўтган.

«Агар уларда паспорт бўлса, исталган вақтда Афғонистонни тижорий рейслар орқали тарк этишлари мумкин, биз уларга тўсқинлик қилмаймиз. Биз улар мамлакатда қолишини истаймиз, аммо кетишни исташса, кетишлари мумкин... Агар барча ҳужжатлари бўлса», деган у.

Reuters хабарига кўра, «Толибон»нинг яна икки вакили Ғарб ҳарбийларининг кетиш муддати узайтирилмаслигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, улар ҳали Ғарбнинг бирор мамлакати ҳукумати бу борада сўров йўлламаганини билдирган.

Хабарларга кўра, толиблар мамлакат ҳудудида бирорта америкалик қолмаганидан кейин янги ҳукумат тузилганини эълон қилишни режалаштиришган.

Толиблар Панжшер водийси томон қўшин юборди
22 август куни «Толибон»нинг «юзлаб» жангчилари қаршилик ҳаракати давом этаётган Панжшер дараси томон йўл олди. Бу ҳужум маҳаллий аҳоли ва ушбу ҳудудда тўпланган кучлар «Толибон»га таслим бўлишдан бош тортгач бошланган - толиблар ушбу ҳудудда ўрнашган кучларга қуролларни ташлаб таслим бўлиш учун тўрт соат муҳлат берганди.

ОАВда толибларнинг илк отрядлари тоғли ҳудудда пистирмага тушиб қолгани, уларнинг аксар қисми қириб ташланиб, қолгани асир олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шунингдек, Тожикистон ҳудуди орқали Панжшерга қурол-яроғ етказиб бериш бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Якшанба куни исёнчилар етакчиси Аҳмад Масъуд фуқаролик уруши истамаслиги, аммо мўътадиллик ва бағрикенглик қадриятларини қўллаб-қувватлашини билдириб, «Толибон»ни ҳокимиятни бўлишиш бўйича музокараларга чақирганди.

Панжшер қамал қилинишидан олдин унга қўшни бўлган Бағлон вилоятида маҳаллий қаршилик кучлари томонидан эгаллаб олинган туманлар толиблар назоратига қайтарилди.

Панжшердаги қаршилик кучлари жангга тайёр, аммо музокараларга қарши эмас
Панжшердаги қаршилик кучлари вакили уларнинг мақсади - толиблар билан зиддиятни музокаралар йўли орқали ҳал қилишга уриниб кўриш эканини маълум қилди.

Али Назари BBC билан суҳбатда Панжшерда «Толибон»га қарши жанг қилишга тайёр турган бир неча минг жангчи тўпланганини билдирди. Уларга Аҳмад Масъуд қўмондонлик қилмоқда.

Ушбу қўшин «Афғонистон миллий қаршилик фронти» номини олган.

Панжшердаги қаршилик кучлари вертолётлари

Назарий «Толибон»ни музокараларга чақирди, шу билан бирга фронт кучлари қаршилик кўрсатишга тайёрлигини қўшимча қилди.

«Миллий қаршилик фронти тинчликка эришиш учун Афғонистондаги муаммоларни ҳал этиш зарур деб ҳисоблайди. Биз сўнгги 40 йил... ҳатто 100 ёки 200 йил давомида мамлакатда рўй бериб келаётган қонли воқеаларни шунчаки давом эттиришни истамаймиз. Биринчи муаммо - бу Афғонистоннинг марказлашган сиёсий тизими», деган у.

Аҳмад Масъуд отасининг ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Афғонистондек кўп миллатли мамлакатда марказлашмаган сиёсий тизим зарур деб ҳисоблайди. У толибларни марказлашмаган ҳукумат тузишга ва ундан мамлакатдаги барча кучларнинг вакиллари жой олишини таъминлашга чақирган.

«Афғонистон - этник озчиликлардан таркиб топган мамлакат. Бу мультимаданиятли давлат. Бу давлатда ҳокимият тақсимоти керак - зиддиятнинг барча томонлари манфаатлари ҳисобга олинган тақсимот бўйича келишувга эришиш керак... Агар бирор сиёсий куч сиёсий майдонда устунлик қилишга ҳаракат қилса, бу фақат ички душманликка ҳамда можароларнинг давом этишига олиб келади», деган Назари.

Ўтган ҳафтада Washington Post учун колонкасида Аҳмад Масъуд Панжшерни «афғон озодлиги қалъаси»га айлантиришини айтиб, жаҳон ҳамжамиятини бу ишда ўзига кўмак кўрсатишга чақирганди.

КХШТ тинчлик тарафдори

23 август куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Унда ташкилот бош котиби Станислав Зась «Толибон»га қаршилик кўрсатаётган гуруҳларнинг ҳаракати нафақат Афғонистон, балки унинг атрофидаги катта минтақа хавфсизлиги учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга, узоқ муддатли фуқаролар урушига олиб келишидан хавотирлар мавжудлигини айтди.

Заснинг фикрига кўра, томонлар куч ишлатишдан воз кечиб, музокара йўли билан муросага келиши керак.

CNN: толиблар америкаликларга таржимонлик қилган афғоннинг укасини ўлимга ҳукм қилди
CNN таҳририятига толиблар томонидан америкалик ҳарбийларга таржимонлик қилган афғоннинг укасига йўлланган хат келиб тушди. Унда ушбу шахс акасини ҳимоя қилгани ва ўзи ҳам америкаликларга ёрдам кўрсатгани учун ўлимга ҳукм қилингани баён этилган.

CNN «Толибон»нинг қўлда ёзилган уч хатини эълон қилган. Биринчиси «америкаликларга ёрдам бериш» ва «таржимон акасини яшириш» айбловлари бўйича судга чақириш ҳақида.

Иккинчиси - ушбу эркак судга келмагани ҳақида огоҳлантириш. Учинчисида толиблар «мамлакатга бостириб кирган ғайридинлар билан ҳамкорлик қилгани» учун у сиртдан ўлимга ҳукм қилинганини айтишган.

«Сен ўзинг шу йўлни танладинг, сенинг ўлиминг муқаррар», дея хатдан иқтибос келтиради CNN.

Кобул аэропортида отишма юз берди. Бир ҳарбий ҳалок бўлди
23 август куни Кобул аэропортига киришда ўтказиш пунктларидан бирининг ёнида отишма юз берди. Бу ҳақда дастлаб Германия Қуролли кучлари матбуот хизмати маълум қилди.

Отишма маҳаллий вақт билан эрталабки 04:00 (Тошкент вақти билан 04:30) атрофида содир бўлган. Унда бир томондан «номаълум ҳужумчилар», иккинчи томондан эса Афғонистон хавфсизлик кучлари жангчилари қатнашган. Улардан бири ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган.

Отишмада Америка ва Германия ҳарбийлари ҳам иштирок этган, уларнинг ҳеч бири жабрланмаган. Отишма сабаблари ва уни ким бошлагани номаълум.

CNN аэропортда афғон ҳарбийлари мерган томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабар тарқатди.

Кун охирига келиб АҚШ бу ҳодиса бўйича баёнот берди.

"АҚШ ҳарбийлари ҳам, коалиция кучлари ҳарбийлари ҳам Кобул аэропортидаги отишмада жароҳатланмади.

Афғонлар жавобан ўқ узишди, АҚШ ва коалиция ҳарбийлари ҳам ўзини ҳимоя қилиш мақсадида иш тутишди", деди ушбу ҳодисага бағишлаб ўтказилган брифинг чоғида капитан Уильям Урбан.

Яраланган ҳарбийлар айни вақтда аэропорт дала госпиталида даволанмоқда.

Сўнгги бир ҳафтадаги воқеалар ривожи
15 август, якшанба

«Толибон» Афғонистон пойтахти Кобул ва президентлик саройи эгалланганини билдирди.
Президент Ашраф Ғани қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида эканини айтди ва мамлакатни тарк этди.

16 август, душанба
Мамлакатни тарк этиш учун ягона йўлга айланган Кобул халқаро аэропортида тартибсизлик ва ваҳима юзага келди.
Журналистлар кўчаларда аёллар камайгани ҳақида хабар қилишди.
АҚШ президенти Жо Байден таътилдан барвақт қайтди, аммо у ҳарбийларни олиб чиқиш қарори хато бўлмаганини айтиб, бу муқаррар жараён бўлганини билдирди.

17 август, сешанба
«Толибон»нинг бир неча етакчилари Қатардан Афғонистонга келишди, улар мамлакат америкаликлар томонидан назорат қилинган вақтда Форс кўрфази давлатидан бошпана топишганди.
Жангарилар расмийлари илк марта матбуот анжумани ўтказишди, унда ислом қонунлари доирасида аёллар ва ОАВ эркинлиги таъминланиши ҳақида ваъдалар берилди.

18 август, чоршанба
Ашраф Ғани Бирлашган Араб Амирликларида экани маълум бўлди.
Гувоҳлар Жалолободдаги намойиш вақтида жангарилар томонидан уч киши отиб ўлдирилгани ва яна бир неча киши яралангани ҳақида хабар беришди.
АҚШ президенти Жо Байден хаос юзага келишидан сақланишнинг имкони бўлмагани, америкалик ҳарбийлар эвакуацияни таъминлаш учун 31 августдан кейин ҳам Кобулда қолиши мумкинлигини айтди.

19 август, пайшанба
Афғонлар Буюк Британиядан мустақилликка эришилганининг 102-йиллигини нишонлашди.
Ижтимоий тармоқларда Кобул аэропорти деворлари остида тўпланганлар ёш болаларини хорижлик ҳарбийларга узатиб юбораётгани, ўзлари кета олмаса ҳам, фарзандлари толиблар ҳокимиятидан узоқда ўсишини исташаётгани ҳақидаги видеолар тарқалди.

20 август, жума
Норвегия глобал таҳлил маркази ҳисоботига кўра, толиблар НАТО кучлари ёки афғон ҳукуматига ишлаган афғонларни қидириб, уларнинг оила аъзоларига таҳдид қилмоқда.
"Толибон" жангарилари Германиянинг Deutsche Welle телекомпанияси учун ишлаган журналистни қидириб келганида унинг яқин қариндошини ўлдиришган.
Кобулда афғон ахборот вазирлигига уюштирилган ҳужумда етти киши ҳалок бўлди. Толиблар бу ҳужумга алоқадор эмаслигини билдирди.

21 август, шанба
АҚШдагилар ИШИД ҳужумлари хавфидан хавотирда эканликларини билдиришди.
Хорижий давлатлар ҳукуматлари ўз фуқароларидан хаос туфайли аэропортдан узоқроқ бўлишни сўрамоқда. Фақатгина расмий шахслар билан келишиб ва уларни хабардор қилибгина аэропорт томон йўлга чиқиш тавсия этилмоқда.

22 август, якшанба
Буюк Британия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Кобул аэропорти деворлари остида тиқилинч туфайли етти киши ҳалок бўлган.
ЕИ ва Буюк Британия расмийлари мамлакатдан учиб кетиш ҳуқуқига эга бўлган барча хорижликлар ва афғонларнинг эвакуациясини ой охиригача якунлаш имконсизлигини билдирди.

Мавзуга оид