Жаҳон | 22:39 / 25.08.2021
76163
10 дақиқада ўқилади

«Толибон»нинг навбатдаги тақиқлари, мамлакат иқтисодий коллапс арафасида, Панжшерда ноаниқлик. Афғонистондан сўнгги хабарлар

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан эвакуацияни якунлаш муддатини 31 августдан кейинга қолдирмасликка қарор қилди, мамлакатда тез орада иқтисодий коллапс юзага келиши мумкин.

SOPA Images/LightRocket

Афғонистонда ишловчи аёллар қоидалар тизими ишлаб чиқилмагунча уйда қолиши керак. Бу ҳақда «Толибон» расмийси Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди.

Шу билан бирга, толиблар вакили бу вақтинчалик чора экани, бундан мақсад аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланишини қўшимча қилган.

«Хавфсизлик кучларимиз аёллар билан қандай муомала қилиш, улар билан қандай сўзлашиш кераклигини билмайди. Тўлиқ хавфсизликни таъминламагунимизча аёллардан уйда қолишларини сўраймиз», деган у.

Аввалроқ БМТ Афғонистонда аёллар ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилаётгани ҳақида хабар берганди.

Sputnik Афғонистон хабарига кўра, толиблар Бадахшон вилоятида алкогол ва гиёҳванд моддалар савдоси учун қаттиқ жазо қўлланиши ҳақида эълон қилган. Толибларнинг ушбу вилоятга тайинлаган губернатори Нисор Аҳмад Аҳмадий Файзобод шаҳри аҳолиси вакиллари ва журналистлар қаршисида қилган чиқишида алкогол ва наркотик моддалар сотуви, шунингдек, мусиқа тинглаганлик учун шариат қонунлари бўйича жазо берилишини маълум қилган. У шунингдек, ўғриларнинг қўли кесилишини эслатиб ўтган.

Толиблар мамлакатдан доллар ва маданий бойликларни олиб кетишни ҳам тақиқлашди.

«Толибон» вакили бугундан эътиборан мамлакатдан хорижий валюта ва тарихий ёки маданий қадрият ҳисобланган буюмларни олиб чиқиш тақиқланишини маълум қилди.

Хорижий валюта ёки маданий бойликлар билан қўлга тушган одамлар шариат суди қаршисида жавоб беришига тўғри келади.

Жаҳон банки ҳам Афғонистонга ёрдам кўрсатишни тўхтатди, мамлакатда тез орада иқтисодий коллапс юзага келиши мумкин

Толиблар Афғонистоннинг валюта захираларидан фойдалана олишмайди, уларнинг катта қисми АҚШда жойлашган. 15 август куни Кобул толиблар томонидан эгаллангач, АҚШ молия вазири Жанет Еллен Ташқи активларни назорат қилиш бошқармаси ва Давлат департаменти билан келишган ҳолда Афғонистоннинг Америка банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилганди. 

Халқаро валюта фонди (ХВФ) маълумотларига кўра, 2021 йил апрель ойи ҳолатида Афғонистон ҳукумати захиралари 9,4 миллиард доллар бўлган, бу мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Бу маблағлар асосан АҚШда сақланади, Америка банкларидаги маблағлар 7 миллиард доллар атрофида.

Афғонистон марказий банкининг захиралари 9 миллиард долларга яқин, лекин уларнинг деярли барчаси мамлакат ташқарисида сақланади.

Август ойи бошида, толиблар вилоятлар марказларини эгаллай бошлаганидаёқ, АҚШ Молия вазирлиги пул «Толибон» қўлига тушмаслиги учун мамлакатга нақд доллар етказиб беришни тўхтатиш тўғрисида шошилинч қарор қабул қилганди. 

ХВЖ «Толибон» ҳокимиятини тан олиш масаласи ноаниқлиги сабабли Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатган (440 миллион доллар).

Жаҳон банки ҳам Афғонистонга ёрдам кўрсатиш дастурини (мамлакатни тиклаш бўйича лойиҳалар) музлатди. Ташкилотдагилар «Толибон» ҳокимиятни эгаллаши мамлакат тараққиёти истиқболларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланмоқда.

Яна кимлар:

  • Германия Афғонистонга ёрдам кўрсатиш дастурини тўхтатган - бу йил мамлакатга 300 миллион долларлик ёрдам тақдим этилиши керак эди. Швеция ва Финляндия ҳам шундай йўл тутди.
  • Европа Иттифоқи Афғонистон тараққиёти учун ёрдам қилишни тўхтатди (2021-2024 йилларда бу ёрдам ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил этиши керак эди). Бошқа томондан инсонпарварлик ёрдами ҳажми кўпайтирилади.
  • 19 август куни Британия ҳам инсонпарварлик ёрдами ҳажми жорий йилда 268 млн фунтга қадар оширилишини маълум қилди. Ҳукумат ҳозирча бу тўловларга толибларнинг Афғонистонни эгаллаши қанчалик таъсир кўрсатиши борасида муносабат билдирмади.
  • Ўтган йили донор давлатлар конференциясида Афғонистонга 12 млрд долларлик ёрдам ваъда қилинганди. Мамлакат толиблар қўлига ўтиши бу тўловлар амалга оширилишига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

NBC News экспертларига кўра, халқаро ҳамжамият томонидан тезкор ёрдам кўрсатилмаса, Афғонистонни иқтисодий коллапсдан бир неча ой ёки бир неча ҳафта ажратиб турибди - 10 кундан буён мамлакатда банклар ёпиқ, активлар музлатилган, хориждан ёрдам келиши тўхтаган. Мамлакат бюджетининг 80 фоизини хориждан келадиган молиявий ёрдамлар шакллантирарди.

Толиблар кўраётган чоралар эса вазиятни ўнглаши даргумон. Душанба куни Афғонистон банклар ассоциацияси Ҳожи Муҳамад Идрис марказий банкка раҳбар бўлгани ҳақида хабар берди. Собиқ молия вазири Гул Мақсуд Собит аввал Идрис ҳақида ҳеч нарса эшитмаганини айтди. Маълумотларга кўра, у бунгача 20 йил мобайнида Покистондаги Равалпиндидаги мадрасада ўқитувчилик қилган.

15 август куни миллий валюта кескин қадрсизланган, АҚШ долларига нисбатан курс 8 фоизга арзонлаганди. 

«Ҳеч нарса бўлмаяпти. Ҳеч қандай валюта алмашинуви йўқ. Одамларнинг қўлида нақд пул бор, аммо пулга валюта сотиб олишолмайди», деган айни вақтда Калифорниядаги коллежда маърузачилик қилаётган собиқ вазир.

Пентагон: эвакуация охирги кунгача давом этади, энг охирги кунда ҳарбийлар олиб чиқилади

Пентагондаги матбуот анжуманида ҳудудий операциялар хавфсизлиги бўйича бўлим директори, генерал-майор Ҳэнк Тэйлор бир қанча муҳим рақамларни келтирди.

Унинг сўзларига кўра, сешанба куни Кобулдан 42 самолётда АҚШнинг 11200 фуқароси ва 38 мамлакатга мансуб бўлган 7800 киши олиб чиқилган. Самолётлар аэропортдан ҳар 39 дақиқада учиб кетишган.

Аэропортда парвозни кутиб ҳамон 10 минг киши тўпланиб турибди, аммо одамлар келишда давом этмоқда.

Пентагон вакили Жон Кирби эвакуация «охиригича давом этиши» ҳақида гапирди.

«Аммо сўнгги кунларда биринчи навбатда ҳарбий персонал ва қурилмаларни эвакуация қилишга устунлик берамиз», деган у.

«Аммо бу парвоз қилиш ҳуқуқига эга бўлган ва кетишни истайдиганларни олиб кетмаймиз дегани эмас», дея қўшимча қилган у.

Кирбининг сўзларига кўра, Вашингтонгача афғон қочқинлари чиққан бешта рейс учиб бориб бўлган. Тэйлорнинг айтишича, 1200 мигрант текширувлардан ўтган.

У эвакуация жараёнидан кейин аэропорт «Толибон» назоратига ўтишини маълум қилган.

«Толиблар аэропортни ўзлари бошқаришига тўғри келади, ёки халқаро ҳамжамият ёрдам кўрсатиши мумкин», деган Тэйлор.

Шу вақтгача Кобулдан эвакуация қилинганларнинг жами сони 90 мингга яқинлашган.

Панжшер бўйича илк музокаралар ўтказилди

Толибларга яқин бўлган манбалар маълумотига кўра, Парвон вилояти ҳудудида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.

«Бугун Парвонда Амир Хон Моттакий (толибларнинг 1996-2001 йиллардаги ҳукуматида Ахборот ва маданият вазири бўлган) раҳбарлигидаги Ислом амирлиги расмийлари ҳамда Панжшердан келган делегация ўртасида муҳим учрашув ўтказилди», деган манба.

Хабарда қайд этилишича, Панжшердаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича якуний музокаралар кейинги учрашувда кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Панжшер томони ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бермади.

Бу вақтда Панжшерда қаршилик ҳаракати етакчиси бўлган Аҳмад Масъуд унинг жангчилари «Толибон» ҳаракатига қаршиликни тўхтамаслигини айтди.

«Жангни тўхтатмоқчи эмасмиз. Панжшерда ҳаммаси энди бошланмоқда. Таслим бўлиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас», деди у Paris Match нашрига берган интервьюсида.

У «Толибон» билан музокараларни ҳам истисно этмаган.

«Музокаралар бўлиши мумкин. Барча урушлар вақтида музокаралар олиб борилади. Аммо таслим бўлиш бутунлай бошқа нарса. Қайтариб айтаман: мен ҳам, менга бўйсунувчи командирлар  ҳам таслим бўлиш ниятида эмасмиз», дея таъкидлади у.

Масъуд ВВС Farsi учун берган интервьюсида уруш чиқадиган ҳолда, қаршилик кучлари Панжшерни ҳимоя қилишга қодирлигини маълум қилган.

Толиблар Панжшерни ололмаслиги мумкин, Масъудда ҳудудни сақлаб қолиш учун реал кучлар бор

Россиядаги Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази директори Умар Нессар шундай ҳисоблайди.

«Афғонистонда барчаси шунга қараб кетяптики, толиблар мамлакатда яккаҳокимлик ўрнатмоқчи. Улар ҳозирча бу ҳақда очиқ айтишга шошилмаяпти, аммо уларнинг ҳокимияти конфигурацияси (тузилиши) аллақачон шакл олиб улгурди. Аҳмад Масъуд ва унинг Панжшердаги тарафдорлари эса буни яхши тушунишади. Ва бу уларни қаноатлантирмайди, дейди Нессар Россия нашрларига берган интервьюсида.

Ўз навбатида, толибларга таслим бўлишни истамаган ўзбек ва тожик гуруҳлари Масъуднинг 10 мингга яқин жангчидан иборат қўшини билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда.

«Панжшер барча белгилари билан толибларга қаршилик ҳаракати марказига айланди. Бу ҳудудга толиблардан хавфсираган кўплаб ўзбек ва тожик гуруҳлари интилишади. Масъуд муросага келиш учун Панжшерни «тинчлик ҳудуди» деб эълон қилишни таклиф этади, бу ерга Кобулда ўзини хавфсиз ҳис қиладиганлар кўчиб ўтиши мумкин бўлади», дейди Нессар.

«Толиблар учун ҳам бу вариант фойдали бўлиши мумкин, чунки улар қураётган ҳукумат жаҳон ҳамжамиятидаги қатор ўйинчиларни қониқтирмайди. Бундай шароитда Панжшерда ҳарбий ҳаракатлар бошлаш сиёсий жиҳатдан ҳам, ҳарбий томондан ҳам яққол мағлубият деганидир. Масъудда қаршилик кўрсатиш ва ҳудудни ўз қўлида ушлаб туриш учун реал кучлар бор, «Толибон» эса бу билан ҳисоблашмаслиги мумкин эмас, чунки зиддият рўй берган тақдирда катта ҳарбий йўқотишлардан қочиб бўлмайди», дея қайд этади Нессар.

Унинг баҳолашича, Панжшер, катта эҳтимол билан «Толибон» ҳокимиятига алоқадор бўлмаган «эркин ҳудуд» бўлиб қолади.

Мавзуга оид